TİKA Бухорода семинар-тренинг ўтказди

Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази билан ҳамкорликда жорий йил 24-30 апрель кунлари Бухоро шаҳридаги меҳмонхона ва ресторан бизнеси соҳаси ходимлари учун семинар тренинг ташкил этди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад Бухородаги меҳмонхоналарда хорижий ва маҳаллий меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишдан иборат.

7 кун мобайнида давом этган малака ошириш курсларида меҳмонхона ва ресторан бизнеси соҳаси ходимлари назарий ва амалий билимларга эга бўлди. Ушбу лойиҳада жами 120 нафар иштирокчи – Бухоро давлат университети Туризм факультети ўқитувчи ва магистрантлари, Бухоро туризм коллежи мураббий ва ўқувчилари ҳамда Бухоро ва Навоийдаги ўнлаб меҳмонхоналар ходимлари иштирок этди.

Туркия меҳмонхона бизнеси етакчи мутахассисларидан тузилган ўқитувчилар гуруҳи (Саффет Муфит Узман – меҳмонхона менежменти ва front office, Сема Айдин – хона хизмати, Эсма Ўзкўк – ошпазлик, Ресат Йилдиримкая – официант ва бармен вазифалари) тингловчиларга сабоқ берди.

TİKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, профессор Сулаймон Кизилтопрак cеминар қатнашчисига сертификат топширмоқда.

30 апрель куни Бухоро шаҳрида ташкил этилган тантанали ёпилиш маросимида семинар иштирокчиларига сертификатлар тақдим этилди.

Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги 1992 йилда ташкил этилган. TİKA Туркиянинг халқаро майдондаги ўзига хос тимсоли сифатида дунё  ҳамжамияти ҳурматини қозонган.

TİKAнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларга кўмак бериб келмоқда. Маълумотларга қараганда, TİKA ўтган салкам чорак аср мобайнида Ўзбекистонда 700га яқин лойиҳани муваффақиятли амалга оширди.

Шу мавзудаги мақола:

Сулаймон Кизилтопрак: “2017 йилда ҳам йирик лойиҳаларни амалга оширишни ният қилганмиз”. 08.04.2017