Сунь Лицзе: Буюк ипак йўлининг Иқтисодий белбоғи лойиҳаси ҳамкорликни янада кенгайтиради

Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлиги турли соҳаларда ривожланиб бормоқда. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе 21 декабрь куни Тошкентда журналистлар билан учрашувда сўзлади.

Қайд этилишича, икки томонлама савдо айланмаси ошиб бормоқда. Хитой томони киритган сармоянинг умумий миқдори 7,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Иқтисодий жабҳадаги ҳамкорликка мисол сифатида Хитой – Марказий Осиё табиий газ қувури, Қамчиқ довони оша Фарғона водийсига қатновчи темирйўл каби йирик лойиҳаларни эслаб ўтиш мумкин.

Сунь Лицзе Хитой раҳбарияти илгари сурган Буюк ипак йўлининг Иқтисодий белбоғи лойиҳаси ғоят муҳим экани ва ушбу халқаро ташаббус Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришини таъкидлади.

Айни пайтда Ўзбекистонда 600 га яқин хитой-ўзбек қўшма корхонаси нефть-газ разведкаси ва қувурлар қуриш, инфраструктурани такомиллаштириш, эркин иқтисодий ҳудудларни йўлга қўйиш, телекоммуникация, тўқимачилик, ирригация, янги энергетика ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Буюк ипак йўлининг Иқтисодий белбоғини бунёд этиш ҳамда халқаро кооператив ташаббусларни юзага чиқариш авж паллага кирган охирги икки йилда стратегик лойиҳалар янада жонланди. Газ қувурларининг учта тармоғи қуриб битказилди.

Хитой элчисига кўра, расмий Пекин Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга ҳамиша тайёр.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликни олиб боришда томонларнинг терроризм, экстремизм, сепаратизм, наркотрафик, ноқонуний қурол савдоси ва хавфсизликнинг бошқа таҳдидлари бўйича муштарак қарашда экани муҳим омил бўлаётир.

Дипломат ўз нутқида жорий йил 4 декабрь куни Ўзбекистонда муҳим сиёсий воқеа – Президент сайлови муваффақиятли ўтганини қайд этиб, Ўзбекистон Президенти сифатида иш бошлаган Шавкат Мирзиёевга фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон Президенти сифатида сайлангани муносабати билан табрик йўллаган эди.

“Хитой билан Ўзбекистон самимий ва бир-бирига ишонадиган яқин қўшни, қалин дўст ва ишончли шериклардир. Сиёсий ишонч, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шериклик алоқалари мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган кундан бошлаб муваффақиятли ривожланмоқда. Жорий йилда икки томонлама муносабатларнинг ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги серқирра ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янада кенг имкониятлар очиб берди”, – деган эди ХХР Раиси ўз номасида.

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация, Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация дўстона муносабатларни изчил тараққий эттиришга хизмат қилмоқда.

Собир Салим