Си Цзинпин: “Тарихни довюраклар яратади”

Пекинда 29 давлат раҳбарлари иштирокида “Бир белбоғ – бир йўл” форуми бўлиб ўтмоқда. Нуфузли анжуманни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин очиб берди.

Хитой етакчиси ҳимоя сиёсатидан мулоқот ва маслаҳатлашувларга ўтиш лозимлигини таъкидларкан, барчани “Бир белбоғ – бир йўл” ҳамжамиятини қуришда ҳамжиҳатликка чақирди.

Қайд этилишича, Хитой мазкур дўстона ҳамжамиятни қуришда “белбоғ ва йўл”даги барча мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр.

Хитой раҳбарияти Буюк ипак йўлининг иқтисодий белбоғини яратишни таклиф этиб келмоқда. Мазкур глобал лойиҳа Осиё, Африка ва Европадаги бир қатор мамлакатларнинг иқтисодий интеграциясини кўзда тутади.

Си Цзинпин форум доирасидаги чиқишида Хитой мазкур глобал лойиҳа учун 79 миллиард ажратишга тайёрлигини билдирган.

“Белбоғ ва йўл қурилиши бизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган интилишимиз ифодасидир. У мамлакатларни янада жипслаштиради”, – деган Хитой етакчиси.

Дунёнинг 130 дан ошиқ давлати ва 70 та халқаро ташкилот вакиллари иштирокидаги форумда Буюк ипак йўли иқтисодий белбоғи лойиҳаси истиқболлари муҳокама этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу халқаро анжуманда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашмоқда.

 “Битта белбоғ – битта йўл” ташаббусининг моҳияти нимадан иборат?

“Битта белбоғ – битта йўл” иқтисодий форуми аҳамият жиҳатидан 1957 йилда бошланган Европа Иттифоқини ташкил қилиш ташаббуси билан баробардир. Бундай улкан масштабда ўзаро алоқалар ўрнатиш ташаббуси ҳали дунёда бўлмаган”, – дейди Хитой халқаро муносабатлар институти директори Ван Ивэй.

Cпутник нашрига кўра, ушбу форум бутун дунё иқтисодининг бир неча йиллик тақдирини ҳал қилиши мумкин. “Ипак йўли иқтисодий белбоғи” ҳамда “ХХI аср Денгиз Ипак йўли” глобал лойиҳалари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин томонидан дастлаб 2013 йилда таклиф қилинган эди.

“Биз бир-биримизнинг қўлимизни маҳкам тутиб замон чақириқларни кутиб олишимиз керак. Тарихни довюраклар яратади. Келинглар, ўзаро ишончни мустаҳкамлайлик, ёрқин келажак сари биргаликда қадам ташлайлик”, – деган эди ХХР Раиси Си Цзинпин.

Хитой ҳукуматининг ушбу ташаббуси, дунёда глобал молиявий-иқтисодий кризис содир бўган вақтда, жаҳон ҳамжамиятини ўзаро интеграция қилиш ва иқтисодий ривожланишнинг янги услубларини топиш мақсадида таклиф қилинган.

Бу йилги форум олдида турган асосий мақсадлардан бири, бу дунё ҳамжамиятига Хитой томонидан таклиф қилинган ушбу ташаббусда нафақат Хитойнинг, балки дунёнинг ўнлаб мамлакатлари  турли даражада иштирок этаётганини кўрсатишдир.

“Битта белбоғ – битта йўл” ташаббуси иқтисодий ресурслар тартибли ва эркин ҳаракат қилишини таъминлаш, уларни самаралироқ тақсимлаш, бозор интеграциясини чуқурлаштириш, “белбоғ” бўйлаб жойлашган мамлакатлар иқтисодий сиёсатини ўзаро мувофиқлаштириш, ҳудудий ҳамкорликни кенгайтириш, чуқурлаштириш ва унинг ҳаммани қамраб олган, очиқ шаклини ташкил этишдир. Бунинг натижасида барча ҳамкорларда барқарор ривожланишга имкон пайдо бўлади.

Буюк транспорт коридорлари “Ипак йўли иқтисодий белбоғи” ташаббуси доирасида бутун Евроосиё қитъасини кесиб ўтган учта транспорт коридори ташкил қилиш кўзда тутилган.

Шимолий: Хитой – Марказий Осиё – Россия – Европа.

Марказий: Хитой – Марказий Осиё, Ғарбий Осиё – Форс кўрфази ва Ўртаер денгизи.

Жанубий: Хитой – Жануби-шарқий Осиё – Жанубий Осиё – Ҳинд океани.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида икки йўналишдан иборат “Денгиз Ипак йўли” ташкил қилинади:

Биринчиси – Хитой қирғоқларидан  Жанубий Хитой денгизи орқали Жанубий Тинч Океани ҳудудига чиқиш.

Иккинчиси – Хитой қирғоқларидан  Жанубий Хитой денгизи ва Ҳинд океани орқали Европа билан боғлаш ташаббуси.

 Хитой “Битта белбоғ – битта йўл” ташаббуси орқали геосиёсий таъсирини кучайтирмоқчими?

2013-2016 йилларда Хитой корхоналари Ипак йўли бўлбоғи бўйлаб жойлашган мамлакатлар иқтисодига 60 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган, 56 та эркин савдо ва саноат зоналари ташкил қилган ва 1000дан ортиқ қўшма корхоналар ташкил қилган, деб хабар беради Спутник нашри.

Айрим мамлакатлар ушбу ташаббусини Хитойн ўзининг геосиёсий таъсирини кучайтириш мақсадида амалга оширган демоқда.

“Битта белбоғ – битта йўл” ташаббусини фақат Хитой лойиҳаси деб ҳисоблаш хато, чунки Хитой нима қилса ҳам у бошқа мамлакатлар корхоналари билан қилмоқда. Демак, гап биргаликда ривожланиш ҳақида кетмоқда”, – дейди Том Миллер Gavekal Research компаниясининг таҳлилчиси.

“Бу ерда ҳеч қандай геоcиёсий йўналиш йўқ. Бу стратегия эмас. Дастлаб бу Хитой ва бир неча мамлакатларнинг икки тарафлама лойиҳалар сифатида кўринган эди, лекин айрим лойиҳаларда Хитой умуман иштирок этмаслиги мумкин. Бу мамлакатлар орасида глобал алоқалар ўрнатиш ташаббусидир. Хитой эса ушбу ғояни таклиф қилган мамлакат, холос”, – дейди Шанхайдаги Фудан университетининг халқаро изланишлар институти декани, профессор Шэнь Динли.

С.Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!