Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Ислом тарихи” китоби нашр этилди

Тошкентдаги “Ҳилол-нашр” нашриётининг мажлислар залида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг 2 жилдли “Ислом тарихи” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Маросимда юртимизнинг нуфузли олимлари, чет элдан келган меҳмонлар ва мухлислар иштирок этишди.

Маросимни “Ҳилол-нашр” нашриёти директори Исмоилхон Муҳаммад Юсуф очиб, “Ислом тарихи” китобининг ёзилиш жараёни ҳақида сўзлади. “Мазкур китоб раҳматли устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ўз қўллари билан тугатган сўнгги китобларидир”, деди у.

“Ислом тарихи” китобининг 1-жилди ҳақида Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим Зиёвуддин сўзлаб берди. “Ҳазрат ушбу китобни ёзиб бўлиб, муҳаррирлик учун менга топширганларида жуда бахтиёр бўлган эдим. Китобнинг ушбу жилди Одам алайҳиссаломдан хулофои рошидингача бўлган Ислом тарихини ўз ичига олади. Устозимиз неча минг йиллик Ислом тарихини мухсатасар тарзда маҳорат билан шу китобга жамлаганлар”, деди у.

Китобнинг 2-жилди ҳақида тадқиқотчи Абдулҳамид Зайриев гапириб берди. Иккинчи жилдда умавийлар давридан бугунги кунимизга қадар динимиз тарихи ҳикоя қилинади.

Маросимда Шайх ҳазратларининг “Ислом тарихи” китоби ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий ёрдамчиси Абдулҳамид Турсун, тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов, Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло Турматов ҳамда Абдуллоҳ махдум фикр билдирдилар.

“Тарих барча ўтган авлодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих орқали тириклар ўзлари учун ‎манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қиладилар ҳамда ўзларига зарар етадиган нарсалардан ‎воқиф бўлиб, ундан четда бўладилар.‎ Ислом тарихи деганда, одатда Ислом давлатлари ҳамда мусулмон халқларнинг ваҳий нозил ‎бўлган илк даврдан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган тарихи назарда тутилади. Аммо аслида ушбу ‎тарих дунё бошланганидан то ҳозирги, биз яшаб турган пайтгача бўлган даврни ўз ичига олади”, дейилади китобда.

2 жилдли “Ислом тарихи” китобини  “Ҳилол-нашр” нашриётидан ҳамда hilolnashr.uz сайтидан сотиб олишингиз мумкин (89000 сўм). Шунингдек, “Ҳилол-нашр” нашриётида ташкил этилган электрон кутубхонада шу ва Ҳазратнинг бошқа китобларини бепул ўқишингиз мумкин.

“Ҳилол-нашр” нашриёти директори Исмоилхон Муҳаммад Юсуф

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим Зиёвуддин

Тадқиқотчи Абдулҳамид Зайриев

Тарих фанлари доктори, профессор Мирсодиқ Исҳоқов

Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло Турматов