Шавкат Мирзиёев Пекинда Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Пекинда “Бир макон, бир йўл” форуми доирасида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашувда 2016 йил 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда эришилган келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди.

Икки томон учун ҳам манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тўқимачилик, кўнчилик, кимё ва фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Президентлар учрашувида икки томонлама муносабатларни халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш лозимлиги, бу борада ҳали фойдаланилмаган улкан имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Шарҳловчилар Ўзбекистон ҳамда Туркия ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очилаётгани ва икки қардош мамлакат дўстлиги янада мустаҳкамланаётганини қайд этмоқда. Бунга ўзаро делегациялар алмашуви фаоллашгани ҳамда олий даражадаги муносабатлар асос бўлмоқда.

2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 13 йиллик танаффусдан кейин Ўзбекистонга ташриф буюрди. Самарқанддаги Форумлар мажмуасида Шавкат Мирзиёев ҳамда Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўртасида музокара бўлиб ўтди. Томонлар ҳамкорликни юқори даражага кўтариш бўйича келишиб олди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёевга 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган сайловдаги ғалабаси муносабати билан йўллаган табрикномасида Ўзбекистон раҳбарини расмий ташриф билан Туркияга келишга таклиф қилган. Айни чоқда, ўзи ҳам яқин муддатга яна Ўзбекистонга сафар қилиш истагини билдирган.

Шу мавзудаги мақолалар:

Ражаб Тоййиб Эрдўғон Шавкат Мирзиёвни Туркияга таклиф қилди. 07.12.2016

Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Туркия – Ўзбекистон ҳамкорлиги икки қардош мамлакатга ярашадиган савияга кўтарилади”. 19.11.2016