Саудия Арабистони маҳаллий кенгашига илк бор аёл депутатлар сайланди

Саудия Арабистонида 12 декабрь куни ўтган маҳаллий кенгашларга сайловда камида беш нафар аёл ғалаба қозонди. Бу ҳақда дастлабки ҳисоб-китобларга асосланиб, Associated Press ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Маҳаллий кенгашлар сайловида илк бор аёллар ўз номзодини қўйди ҳамда овоз берди. Шу боис дунё матбуоти шанба кунги сайловни “Саудия аёллари учун тарихий кун” деб баҳолади.

Маккаи Мукаррама яқинидаги Мадракаҳ қасабасидан ўз номзодини қўйган Салма ал-Утайбий (Salma al-Oteibi) 10 нафар номзод орасида сайловчиларнинг энг кўп овозини йиғиб, маҳаллий кенгаш депутати бўлди. Ал-Жавф минтақасида Ҳинуф ал-Ҳазмий (Hinuwf al-Hazmi) эса 13 нафар эркак номзод орасида ғалаба қозонган. Шунингдек, Жидда шаҳридан – Лама ал-Сулаймон (Lama al-Suleiman), Табук минтақасидан – Мона ал-Эмерий (Mona el-Emery) ҳамда Фадҳила ал-Аттавий (Fadhila al-Attawy) сайловда ғолиб чиққан.

Жаҳон матбуоти сайлов бюллетенлари якуний ҳисоб-китобидан кейин аёл депутатлар сони ошиши мумкин дея маълум қилган.

Cаудия ахборот агентлиги (SPA) хабарига кўра, маҳаллий кенгаш депутатлигига 6000 га яқин эркак ва 979 нафар аёл ўз номзодини қўйган. Маҳаллий сайлов комиссиялари 1 миллион 350 мингдан ошиқ эркак ва 130 минг аёлни сайловчи сифатида рўйхатга олган.

Жиддалик аёл 12 декабрь кунги сайловда овоз бермоқда. AFP фотоси

Аёллар илк бор иштирок этган сайлов мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий ҳодиса сифатида баҳоланмоқда. Маҳаллий кенгаш депутатлигига номзод – Шаҳзода Султон университети профессори Ҳайфа ал-Ҳабабий ушбу тарихий воқеа Саудия Арабистони аёлларига янги имкониятлар эшигини очишини таъкидлаган.

“Саудия аёллари сайловда илк бор қатнашаётгани эътиборга молик ҳодиса. Маҳаллий кенгашлар аъзолиги учун 979 нафар аёл ўз номзодини илгари сурди. Бу жуда катта кўрсаткич ҳамда олға ташланган ижобий қадам”, – деган сиёсий таҳлилчи Абдулраҳмон Рашид “Ал-Арабия”га берган интервьюсида.

Айни пайтда Саудия Арабистонида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Саудия Арабистони Подшоҳи, Икки муқаддас масжид ходими Абдуллоҳ бин Абдулазиз Оли Сауд (2005-2015) 2011 йил сентябрда хотин-қизларнинг маҳаллий кенгашлар сайловида номзод ҳамда сайловчи сифатида қатнашишига ижозат берган эди.

Ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар ролини оширишга қаратилган ислоҳотлар жараёнида, шунингдек, 30 нафар аёл илк бор Саудия Арабистонининг олий маслаҳат органи – Мажлис аш-Шўро аъзолигига тайинланди.

Бунга қадар, 2007 йилда малика Жавҳара бинт Фаҳд бин Муҳаммад Оли Сауд мамлакат хотин-қизлари орасида биринчи бўлиб олий ўқув юрти раҳбари бўлган эди.

 Собир Салим

Шу мавзудаги мақола:

Саудия Арабистони бошқарувида ўзгаришлар рўй берди. 02.05.2015