Россия Марказий Осиёга 6,7 миллиард долларлик ёрдам кўрсатди

Россия Федерацияси 2008-2015 йилларда Марказий Осиё давлатларига 6,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатди. Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган хабарга кўра, мазкур маблағнинг 4 миллиарди икки томонлама беғараз кўмак доирасида ажратилган.

Шунингдек, 570 миллион доллар – БМТ, 1,3 миллиард доллар – Жаҳон банки ва бошқа тузилмалар, 592 миллион доллар эса Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги лойиҳаларга сарфланган.

Элчихона хабарига кўра, Россиядаги олий таълим даргоҳларида Марказий Осиёнинг 150 минг нафар фуқароси таҳсил олмоқда. Уларнинг 46 минг нафарига 100 миллион долларлик давлат гранти ажратилган.

Қолаверса, хавфсизликни таъминлаш, соғлиқни сақлаш, фавқулодда ҳолатларда кўмак кўрсатиш, таълим сифатини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш, инфратузилмани такомиллаштириш каби лойиҳаларга ҳам маблағ йўналтирилган.

“Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётига кўмаклашиш хусусида сўз бораркан, сармояларни ҳам эслаб ўтиш жоиз. 2015 йил якуни бўйича минтақа давлатларига 18 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Марказий Осиё давлатларида тўлиқ ёки қисман Россия сармояси билан 6600 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда”, – дейилади элчихона матбуот хизмат тарқатган хабарда.