Рамазондаги Умра сафарига Ўзбекистондан 670 нафар зиёратчилар юборилади

Жорий йилнинг 6 июлидан 11 июль кунига қадар “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерларида ўзбекистонлик зиёратчиларни Рамазон ойидаги умра сафарига юбориш режалаштирилган.

Бугунги кунда фуқароларимизнинг ҳужжатлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тошкентдаги элчихонасига виза расмийлаштириш учун тайёрланмоқда, дея хабар беради Дин ишлари бўйича қўмита сайти.

Саудия Арабистони Подшоҳлигида ҳавонинг аномал даражада исиб кетиши ҳамда зиёратга борувчи фуқароларимизнинг ҳоҳиш истакларини инобатга олиб, Рамазон мавсумида жами 670 нафар (зиёратчиларнинг асосий қисми 5496 нафари Баҳор мавсумида зиёратга борган) фуқаролар Тошкент–Жидда–Тошкент йўналиши бўйича 3 та чартер авиарейсида зиёратга борадилар.

Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 2 нафар ишчи гуруҳи, 13 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 3 нафар шифокор ва 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Зиёратчиларга сафардан олдин давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Умра” қўлланмаси ва видеойўриқномалар тақдим этилди.

Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди набавий”дан 150 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли “Фейруз ал-Хайр” меҳмонхонаси, Макка шаҳрида эса “Ҳарам масжиди”дан 1500-2000 метр узоқликда жойлашган “Совфат ал-Мийаъд” меҳмонхонаси тайёрлаб қўйилган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча – 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.

Меҳмонхонада зиёратчиларимиз саҳарлик ва ифторлик қилишлари учун ошхона, соғлиқларини доимий равишда назорат қилиб туриш мақсадида тиббиёт пункти ташкил этилган. Ҳар бир хонада телевизор, музлатгич, кондиционер ва бошқа зарур анжомлар билан таъминланган. Зиёратчиларимиз сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилиш, Ватанимизда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлиш имкониятлари яратилган.

Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шароитлар яратиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-869 сон Қарори асосида Жиддадаги Бош консуллик таркибида жорий этилган “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташе билан ҳамкорликда ташкил этилади.