Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Туркия – Ўзбекистон ҳамкорлиги икки қардош мамлакатга ярашадиган савияга кўтарилади”

Ўзбекистон ҳамда Туркия ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очилмоқда ва икки қардош мамлакат дўстлиги янада мустаҳкамланмоқда. Жорий йил 17-18 ноябрь кунлари Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ана шундай қатъий хулосага ундамоқда.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон 13 йиллик танаффусдан кейин иккинчи бор Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Музокаралар аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқанддаги Ҳазрати Ҳизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Сўнг Самарқанддаги Форумлар мажмуасида икки давлат етакчиси ўртасида музокара бўлиб ўтди.

Музокара асносида Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркияга муҳим ва узоқ муддатли ҳамкори сифатида қарашини, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди.

“Ўзбек ва турк халқлари дин, тил, тарих ва маданий жиҳатдан бир-бирига жуда яқин. Туркия бугун улкан имкониятларга эга ва дунё миқёсида эътибор қозонган давлат саналади. Сиз сиёсат ва ҳаётда катта тажрибага эга раҳбарсиз. Туркия сизнинг бошқарувингизда улкан муваффақиятларга эришди. 2023 йилда Туркияни дунёнинг ривожланган давлатлари ўнталигига киритиш дастурингиз ҳурматга лойиқ, албатта”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўз навбатида, Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги устувор шерик деб билишини таъкидлади. Туркия Президенти, шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбари сифатидаги илк ташрифини Туркияга амалга оширишидан мамнун бўлишини айтиб ўтди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги мавжуд имкониятларга мос эмаслиги, бу борада фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги айтиб келинаётган эди. Давлат раҳбарларининг қарийб уч соат давом этган музокарасида ҳам мазкур жиҳат бот-бот қайд этилди.

Жорий йил октябрда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлининг Тошкентга ташрифи вақтида икки томон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши юзасидан муҳокамалар ўтказилган эди. Туркия Президенти мазкур масала юзасидан Ўзбекистон томони таклифларини кутиб қолишини маълум қилди.

Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. 2015 йил якунида ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Икки давлат раҳбарига кўра, мазкур кўрсаткични яқин йилларда 2-3 марта ошириш учун имкониятлар етарли. 

Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мажмуалар барпо этиш, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналар яратиш, фармацевтика соҳасида ҳамкорликка оид янги лойиҳалар тузиш ва амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди. 

Айни вақтда юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Тўқимачилик, қурилиш, меҳмонхона бизнеси, фармацевтика ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда фаолият юритаётган турк ширкатларида 50 мингга яқин ишчи ўрни яратилган. Мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган Туркия сармояси ҳажми 1 миллиард доллардан ошади.

Туркия Президентининг ушбу ташрифи савдо-иқтисодий алоқаларни бундан-да кенгайтиришга умид уйғотмоқда.  

Ўзбекистон ва Туркия етакчилари музокаралари якунида келаси йил бошида Тошкентда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш, унинг доирасида Ўзбекистон – Туркия сармоявий форумини ташкил қилишга келишиб олинди. 

Шу куни Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқанддаги Имом Бухорий ва Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуалари, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди, Регистон майдонини кўздан кечирди. Туркия раҳбари жума намозини Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасидаги масжидда адо этди.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон ташриф арафасида – жорий йил 16 ноябрь куни Анқарада ўтказган матбуот анжуманида Туркиянинг Ўзбекистон билан алоқаларида янги саҳифа очиш истагида эканини билдирган эди.

«Ўзбекистон билан алоқаларимизни икки қардош ўлкага ярашадиган бир савияга чиқаришни истаймиз. Бу жиҳатдан ўзбек қардошларимизда ҳам кучли бир ирода ва қатъият борлигини кўряпмиз», – деган эди Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркия раҳбарининг Самарқанддаги музокаралари чиндан ҳам икки давлат алоқаларида янги саҳифа очилаётганидан далолат беради.

Мазкур ташриф давомида Туркия Президентига мамлакат бош вазири ўринбосарлари Вейси Кайнак ҳамда Туғрул Туркеш, Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи Хулуси Акар, Оила ва ижтимоий сиёсат масалалари вазири Фотима Бетюл Саян Кая, Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли, Энергетика ва табиий ресурслари вазири Берат Албайрак, Иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилди.

Таъкидлаш жоизки, Туркиянинг Ўзбекистон билан алоқалари яхшиланиши нафақат икки мамлакат ёки минтақа, балки бутун дунёдаги кучлар мувозанатига ўз таъсири кўрсатади. Негаки, Туркия ҳам, Ўзбекистон ҳам  стратегик аҳамиятга эга, маданиятлар ва манфаатлар кесишган чорраҳада жойлашган.

Икки қардош туркий мамлакатнинг ўзаро ҳамкорликни жонлантириши замон ва вазият тақозосидир. Туркиялик олим, профессор Меҳмет Сайфиддин Эрол ҳам ана шундай фикрда.

“Дунё янги даврга қадам қўяётган бир паллада Туркия ва Ўзбекистон алоқалари ҳам янги босқичга чиқиши лозим эди. Умид қиламизки, Истанбул, Тошкент, Бухоро ва Самарқанднинг тарихий шуҳрати тикланиб, улар минтақа тинчлиги, барқарорлиги ва осойишталигида яна ҳал қилувчи ўрин тутади”, – дейди профессор  Меҳмет Сайфиддин Эрол.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини дунёда биринчи бўлиб 1991 йил 16 декабрда тан олган. 1992 йил 4 мартда икки мамлакат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилган. Ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўзаро 90 дан ошиқ ҳужжат, жумладан, Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақола:

Аҳмет Довутўғли: “Оқсаройда оқ саҳифа очилди”. 10.07.2014