Ражаб Тойиб Эрдўғон: “Турк тилини кўз қорачиғидек асраш – бурчимиз”

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 26 сентябрь – Турк тили байрами муносабати билан мамлакат халқига мактуб йўллади. Бу ҳақда Онадўли ахборот агентлиги хабар беради. 

“Тил ҳар бир миллатнинг эрки, ҳурлиги, бой маданияти ҳамда илдизи олис тарихга бориб тақалувчи анъаналарининг энг муҳим кўрсаткичи саналади. Турк халқининг мустақилликка интилиши, ўзликни, маданият ва тафаккур тарзини асраб-авайлашга уриниши энг аввало турк тилида намоён бўлади”, – дейилади мактубда.

Қайд этилишича, турк тили ушбу тилда сўзлашувчи барча инсонларнинг маънавий бойлиги бўлиб, маданият, қадрият, урф-одат ва анъаналар у орқали авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Демак, турк тили ўтмиш ва бугун ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтамоқда.

“Бизнинг муштарак ўтмиш ва маданиятимиз инъикоси саналган турк тилининг қўлланиш жуғрофияси ғоятда кенг бўлиб, у халқ бирлиги ва бирдамлиги кафолатидир”, – деб ёзади Туркия етакчиси.

Турли тилларнинг асрлар давомидаги хуружига қарамай, кўҳна турк тили ўзлигини бой бермади. Бунда эса айрича тафаккур тарзи, салмоқли илмий тадқиқотлар, бетакрор адабий асарлар ҳал қилувчи аҳамият касб этди. 

“Тил софлигини сақлаш йўлида турк ёшларини рағбатлантириш лозим. Турк тилини кўз қорачиғидек асраш ва келажак авлодларга тўкис етказиш – барчамизнинг бурчимиздир”, – деб таъкидлайди Ражаб Тойиб Эрдўғон.

Туркия етакчисига кўра, Турк тили байрами миллий ўзликни англаш борасида саъй-ҳаракатларни кучайтиришга туртки беради.

Турк тили Олтой тиллар оиласининг туркий гуруҳига мансуб бўлиб, Туркия ва Кипр Республикаларининг расмий тили ҳисобланади. Турк тили Туркиядаги 60 миллионга яқин кишининг (аҳоли 80 фоизи) она тилидир. Бугунги турк адабий тили XIX аср ўрталаридан шакллана бошлаган. Ўрта аср адабий тили (эски турк ёки усмонли турк тили) арабча ҳамда форсча элементларга бой бўлган. Ўтган асрнинг 20-йилларидаги ислоҳотлардан сўнг адабий тил умумхалқ сўзлашув тили билан яқинлашди.

Тадқиқотларга кўра, дунё бўйлаб қарийб 73 миллион киши турк тилида сўзлашади.

Ироқ, Сурия, Эрон, Руминия, Болгария, Греция, Россия, Германия, Нидерландия, Франция, Македония, Озарбойжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби ўнлаб давлатлардаги кўп минг сонли аҳоли ҳам турк тилини она тили деб билади.

Собир Салим