Қуролланиш пойгасида ким ғолиб?

Жаҳон қурол-аслаҳа бозорига назар

1990-йиллар аввалига келиб, сайёрамизни деярли ярим аср қўрқув ва ҳадик муҳитида сақлаб келган «совуқ уруш» поёнига етди.

Бу машъум даврнинг энг кўзга кўринган хусусияти ва иллати қуролланиш пойгаси эди. Икки буюк давлат, икки буюк салтанат — Совет Иттифоқи ҳамда АҚШ дунёда гегемонлик ва ҳокими мутлақлик учун тинимсиз кураш олиб борар, бу хатарли рақобат кўпинча қуролланиш бўйича биринчиликда намоён бўлар эди. Икки мамлакатда ҳам нон ишлаб чиқариш корхоналари тўхтаб қолиши, озиқ-овқат саноати инқирозга учраши мумкин эди, лекин қуролсозларнинг ишсиз қолгани тўғрисида фақат эртак ёки фантастик ҳикоялардагина ўқиш мумкин.

БУГУН замон ўзгарди. Бир пайтлар дунёга устунлик даъво қилган буюк мамлакат қумга сингиган сувдай йўқлик қаърида кўздан йўқолди. Икки қутбли дунёда кўп қутблар пайдо бўлди. Лекин шундай бўлсада, «совуқ уруш» даврининг мудҳиш асорати — қуролланиш пойгаси ҳали ҳам давом этаяпти. Фақат аввалги даврдаги каби очиқ-ошкора, намойишкорона тарзда эмас, махфий, норасмий суръатда.
Жаҳон қурол-яроғ бозоридаги (қанчалик қулоққа ёқимсиз эшитилмасин, тан олишга мажбурмиз: дунёда бунёдкорликка хизмат қилувчи бозорлардан ташқари қурол бозори ҳам мавжуд ва у халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ эркин ишлайди!) вазиятни таҳлил қилганда, йиллик савдо ҳажми борган сари тушиб бораётгани кўзга ташланади. Бироқ фақат ушбу фактга таяниб хотиржамликка берилишга бироз эрта, назаримизда. Сабаби, сўнгги таҳлиллар Осиё давлатлари қуролланиш борасида кекса Ғарб мамлакатларинида ортда қолдираётганини кўрсатмоқда.

2003 йили сайёрамиз миқёсидаги қурол савдоси 25,6 миллиард долларни ташкил этди. Бу, айтиш керакки, 2002 йилга нисбатан 12 фоиз паст кўрсаткичдир. Янги асрнинг иккинчи йилида жаҳон давлатлари қирғин воситалари савдосидан 29,14 миллиард доллар даромад кўрганди.

Шу ўринда кичик бир изоҳ. Юқорида келтирилган рақамлар танк ҳамда бронетехника, сув ости кемалари, жанговар самолёт ва вертолётлар, ўқ-дори ва бошқа турдаги аслаҳалар савдосига дахлдор. Агар 25 миллиард долларга дунё мамлакатлари махфий ва ошкора тарзда ядро қуроли учун сарфлаётган миллиардларни ҳам қўшадиган бўлсак, сайёрамиз миқёсида қирғин воситалари учун харж қилинаётган йиллик маблағ жуда улкан — бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиган миқдорни келтириб чиқаради.

ЖАҲОН қурол бозорида АҚШ одатдагидай 2003 йилда ҳам етакчилик қилди. Океанорти мамлакати қурол-яроғ савдоси шартномаларининг 56,7 фоизига эгалик қилди ва бу битимлардан 14,5 миллиард доллар даромад кўрди. 2002 йил билан қиёслаганда, Америка қурол саноати бирмунча ўсиш суръатига эга бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Зикр этилган йилда уруш воситалари экспортидан АҚШ ғазнасига 13,6 миллиард доллар келиб тушганди.

АҚШнинг «қадрдон» рақобатчиси Россия бу борада иккинчи ўринни забт этди. Сайёрамиздаги энг улкан мамлакат 4,3 миллиард доллар савдо кўрсаткичига эга бўлди. Бу эса бутунжаҳон қурол-яроғ савдосининг 16,8 фоизига тенг кўрсаткичдир. Америкадан фарқли равишда, Россия қурол саноатида ўтган йилда ўсиш эмас, пасайиш тенденцияси кузатилди (2002 йили Федерация зикр этилаётган маҳсулотлар экспортидан 5,9 миллиард даромад олганди).

ТЎҒРИСИ, ҳозир замонлар ўзгариб, янги тартиб-қоидалар юзага келаётгандай, икки қутбли дунё кўп қутбли бўлиб бораётгандай туюлсада, вазият илгариги «совуқ уруш» давридан кам фарқ қилади. Айни дамда икки азалий рақобатчи — Россия ҳамда АҚШ жаҳон қурол савдоси шартномаларининг 73,5 (!) фоизига эгалик қилмоқдаки, бу рақам либос алмашгани билан моҳият ҳали ўзгармаганини таслиқлаётгандай…

Сўнгги йилларда Европа мамлакатлари ҳам қурол бозорида етакчи ўринни эгаллашга уринмоқда. Чунки замонавий қирғин воситаларини ишлаб чиқариш ҳамма даврларда бўлгани каби тез ва соз фойда келтирувчи соҳа бўлиб қолмоқда. Франция ўтган молия йилида 1 миллиард доллар кўрсаткич билан қурол савдоси бўйича тўртинчи ўринни эгаллади.

Қурол-аслаҳа сотувидан келган даромаднинг қолган қисми қуйидаги тартибда тақсимланди: Италия — 600 миллион доллар (5-ўрин), Хитой — 300 миллион доллар (6-ўрин), Буюк Британия — 100 миллион доллар (7-ўрин).

ҒАРБ мамлакатлари қурол-аслаҳа экспорти борасида етакчилик қилаётган бўлса, Осиё давлатлари қирғин воситаларини сотиб олиш бўйича биринчиликни қўлдан бермай келмоқда. Таҳлилларнинг кўрсатишича, 1996-2003 йиллар давомида қурол-яроғ экспорти бўйича дунё миқёсида етакчилик қилган давлатларнинг деярли барчаси қитъамиз вакиллари саналади. Зикр қилинган даврда Бирлашган Араб Амирликлари 15,7 миллиард доллар миқдорида қурол сотиб олиб ўзига хос рекорд ўрнатди. Кейинги юқори натижаларни эса Хитой (13,7 миллиард доллар), Миср (13,6 миллиард), Ҳиндистон (12,6 миллиард), Исроил (9,9 миллиард), Саудия Арабистони (9,4 миллиард), Жанубий Корея (8,8 миллиард), ЖАР (5,3 миллиард), Малайзия (5 миллиард) ва Покистон (3,8 миллиард) каби давлатлар қайд этган.

Муқояса учун яна бир рақамни келтириб ўтамиз. БМТнинг фан, таълим ва маданият соҳаларига ихтисослашган етакчи ташкилоти — ЮНЕСКОнинг йиллик бюджети тахминан бир миллиард доллар атрофида. Албаттаки, бу маблағ ривожланаётган Осиё мамлакатлари қуролланиш учун сарфлаётган пуллар олдида арзимас экани маълум. Бу ҳолат бир томондан табиийдай туюлади: ғоят таҳликали ва таҳдидли воқеаларга бой бўлган замон ҳар бир давлат олдига хавфсизлик ҳамда мудофаа борасида жиддий амалий чора-тадбир кўриш талабини қўймоқда.
ИККИНЧИ томондан, қурол-аслаҳаларнинг бу қадар кенг миқёсда сотилиши ўзи шундоқ ҳам урушлар, ихтилофлар масканига айланиб қолган Осиёда вазиятнинг янада издан чиқишига сабаб бўлмоқда.

Дунёнинг атом қуролига эга бармоқ билан санарли мамлакатидан учтаси Осиёда жойлашган. Эндиликда жаҳон қурол бозорининг асосий мижозлари ҳам қадимий қитъамиз вакиллари. Демак… Ғарб мутахассисларининг Осиё қуролланиш майдонига айланиб бораяпти, деган фикрида ҳам жон борга ўхшайди. Ҳарқалай, рақамлар қайсар ва уларни инкор қилиш ҳам осон эмас.

Собиржон Ёқубов