Қўлда қурол тутган… муҳандис

Фаластин етакчиси Ёсир Арофатнинг биз билган ва билмаган ҳаёти

Ўтган ҳафта пайшанба куни тонгида Париждаги «Перси» ҳарбий шифохонасида Фаластин мухторияти етакчиси Ёсир Арофат вафот этди. Жума куни Миср пойтахти Қоҳирада Фаластин раҳбари билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Кўп йиллардан буён қаршилик урушини олиб бораётган ва тинчлик, осойишталик калималарини аллақачон унутиб юбораёзган Фаластин халқи ўз миллий етакчисини сўнгги йўлга кузатди. Мухторият етакчисини Қуддуси шариф тупроғига қўйиш тўғрисидаги таклиф Исроил ҳукумати томонидан рад этилди. Озодлик кураши ташкилотчиси ва яловбардори бўлган сиёсий арбоб Рамаллоҳ шаҳрига дафн этилди.

Оқ-қора арабий рўмоли, ҳарбий мундири ҳамда кўзойнак ортидан боқиб турувчи синчков нигоҳи билан фаластинликлар қалбини забт этган ва бутун дунёга танилган Ёсир Арофат қирқ йил давомида Фаластин Озодлик ташкилотига раҳбарлик қилди. Сиёсий арбоб ва ҳарбий қўмондон сифатида озодлик курашларида иштирок этди. Ўтган вақт мобайнида Ёсир Арофат номи жаҳон оммавий ахборот воситаларида сон-саноқсиз маротаба тилга олинди, Фаластин етакчисининг суратлари минглаб матбуот нашрларида чоп этилди. Хуллас, Фаластин етакчиси камдан кам давлат арбобига насиб этадиган шавкат ва шон-шуҳратга бурканди, бутун дунёга машҳур бўлди. Бироқ кўзланган мақсадга эришиш, асрлар бўйи ёниб турган уруш оловини ўчириш ва минтақада тинчлик ўрнатиш шарафи, афсуски, унга насиб этмади…

Ёсир Арофат — Муҳаммал Абдул Раҳмон Абдул Рауф Арофат Қадва Ҳусайний 1929 йилнинг 24 августида Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида туғилди. Унинг отаси тадбиркор-сармоядор киши эди, онаси эса фарзанди тўрт ёшга етганида вафот этганди. Арофатнинг авжи болалик йиллари Қуддусда яшайдиган амакиси уйида ўтди. Ҳали дунё сир-синоатларини тўла англаб етмаган болакай араблар ва яҳудийлар ўртасида кечаётган шафқатсиз курашлар, қирғинларга илк бор шу ерда гувоҳ бўлди. Унинг гўдак тафаккури ва онги айнан ана шу курашлар гирдобида шаклланди.

Оиладаги фаровонлик ва тўкинлик сабаб, Арофат Қоҳира университетида ўқиш, ўз билимларини чуқурлаштириш имконига эга бўлди. Энг қизиғи, Арофат университетда сиёсат ёки иқтисод каби нуфузли факультетларда эмас, муҳандислик йўналишида ўқиди (Айтишларича, у Ёсир исм-лақабини айни шу Қоҳирадаги таҳсил йилларида олган).
1948 йилги воқеалар Арофатнинг ҳаётий маслак ва мақсадларини мутлақо ўзгартириб юборди. Кўпчиликка маълумки, зикр этилган йилда Фаластинга қарашли ҳудудлар қўшни миллат томонидан эгалланди ва янги давлат таркибига қўшиб олинди.

Шу тариқа ҳозиргача давом этиб келаётган Фаластин-Исроил ихтилофи юзага келди. Араблар 1948 йил воқеасини «Накба» (Фожиа) деб аташди. Шу йилларда Арофат ва унинг тарафдорлари томонидан Фаластинни озод қилиш байроғи остида ФАТХ ҳаракатига асос солинди. Арофат эса босиб олинган ҳудудларни қайтариш йўлида курашган бирлашмага раҳбарлик қилди. Айни шу даврда ҳарбий саркардалик ва сиёсий етакчилик қобилиятини намойиш этган Ёсир Арофат халқаро миқёсда обрў-эътибор қозона бошлади. Халқаро майдондаги эътироф ифодаси ўлароқ, у Араб давлатлари Лигаси томонидан 1965 йили ташкил қилинган Фаластин Озодлик ташкилоти раҳбари этиб сайланди.

Арофат қўмондонлигидаги ФАТХ ҳаракати ўтган йиллар давомида гоҳ Ливан, гоҳ Иордания ҳудудларида ҳарбий операциялар олиб борди. Хусусан, 1968 йили Иордания ҳудудига Исроил қўшинининг киритилиши ва бу ҳужум Арофат бошқарувидаги кучлар томонидан қайтарилиши ФАТХ ҳамда унинг етакчисига бўлган ишончни ошириб юборди. Иорданияда ФАТХ фаолиятининг тақиқланиши, Ливанга қўшни давлат қўшини киритилиши билан минтақадаги аҳвол янада оғирлашди. Арофат ҳам мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, Тунисдан паноҳ топишга мажбур бўлди.

1988 йили Фаластин тарихида катта сиёсий воқеа рўй берди ва, айтиш керакки, бу ҳодиса сабабчиси ҳам айнан Арофат бўлди. Озодлик ташкилоти ва ҳаракати раҳбари Иордан дарёсининг ғарбий ҳудуди ҳамда Ғазо секторида Фаластин давлати ташкил топганини эълон қилди. Йил охирига бориб, янги давлат дунёнинг 70 мамлакати ҳукуматлари томонидан тан олинди. 1993 йили Норвегия пойтахти Осло шаҳрида эса Исроил бош вазири Ишоқ Рабин ва Ёсир Арофат иштирокида тарихий тинчлик шартномаси имзоланди. Бу, айтиш керакки, Араб-Исроил ихтилофини бартараф этиш йўлида ташланган дадил қадамлардан бири эди.

Осло шартномаси гарчи Қуддуси шарифга эгалик борасида мавжуд бўлган азалий ва абадий масалага ойдинлик киритмаган бўлсада, ҳарқалай, ушбу битимдан кейин ҳаммаси секин-аста изга тушаётгандай эди. Бироқ 1995 йили Исроил бош вазири Ишоқ Рабинга қилинган суиқасд тинч музокаралар эшигини тақа-тақ ёпиб қўйди.
Қайсар ва қатъий фикрли сиёсатдон сифатида танилган Арофат ҳаётида давомида бир неча бор кутилмаган қарорлари билан дунё аҳлини ҳайратга солди. Баъзилар ҳайратланарли воқеаларни Арофатнинг хатоси сифатида баҳолашди, яна баъзилар мухторият етакчиси ҳаракатларини мардлик ёки бошқа сўзлар билан сифатлашди.

Буларнинг биринчиси 1990 йили Саддам Ҳусайн Кувайт давлатига қарши уруш бошлаган пайтда кузатилди. Ўша таҳликали даврда Арофат очиқ-ошкора Ироқ раҳбари тарафини олди. Кўпчилик мухторият раҳбарининг таваккал ҳаракати тушунолмади. Чунки Фаластинга ҳар йили миллионлаб доллар биродарлик ёрдами кўрсатаётган давлатларнинг барчаси Ироқ хатти-ҳаракатини қоралаётган эди ўша пайтда…

Иккинчи кутилмаган воқеа орадан бир йил ўтиб — 1991 йили рўй берди. Ўзининг ислом ақидаларига содиқлигини кўп бора такрорлайдиган Арофат ҳаммани ҳайрон қолдириб Суха Тавил исмли христиан аёлига уйланди…

2000 йили яна бир муҳим ҳодиса юз берди. АҚШ Президенти Билл Клинтон Исроил бош вазири Ёхуд Барак ва Ёсир Арофатни ўша машҳур Кемп-Девидда бир стол атрофига тўплади. Бироқ ўзаро музокаралар жараёнида Ёхуд Барак томонидан таклиф қилинган тинчлик битими… Арофат томонидан рад этилди. Кўпчилик кузатувчилар мухторият етакчисининг бу ҳаракатини катта хато, деб баҳолашди (Бу қараш ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда). Бошқа бир гуруҳ сиёсатдонлар Арофатни «тушунгандай» бўлишди ва уни оқлашди…

Хуллас, Ёсир Арофат раҳбарлиги даврида Фаластин халқи ҳам қувончли, ҳам қайғули кунларни бошдан кечирди. Лекин Арофатнинг турфа сиёсий қарорларидан қатъи назар, у фаластинликлар томонидан ҳар доим ҳам қўллаб-қувватланди. Фаластин халқи Арофат сиймосида ўз мустақаллиги ва озодлигини кўриб келди. Кўпчилик фаластинликлар Арофатсиз ўз ҳаётларини ҳатто тасаввур қилолмасликларини ҳам баён этишарди.

Бугун эса фаластинликлар ҳақиқат кўзига тик боқиб, Арофатнинг ўлимини эътироф этишлари ва унинг ўрнини босадиган сиёсий етакчи номини аниқлашлари талаб этилмоқда.

Айни пайтда Арофатнинг ўрнини ким эгаллайди, деган савол кўпчиликнинг диққат марказида турибди. Фаластин қонунчилигига кўра, мухторият раҳбари вазифасини 60 кунгача парламент спикери Рави Фатух бажаради. Ушбу муддат давомида эса давлат раҳбари лавозимига сайлов ўтказилади. Кўпчилик кузатувчилар ҳозирда Фаластин Озодлик ташкилоти раҳбари бўлиб турган, унгача бош вазир лавозимида хизмат қилган Маҳмуд Аббос Арофатнинг ўрнини эгаллашга асосий даъвогар эканини айтишмоқда. Парламент спикерининг эса имконияти у қадар юқори эмас. Чунки ФАТХ ҳаракати аъзолари орасида унинг тарафдорлари кўпга бормайди.

Шунингдек, айни пайтда бош вазир сифатида ижроия ҳокимиятини идора қилаётган Аҳмад Қурей ҳам Фаластинда анча яхши обрў-эътиборга эга. Лекин кузатувчиларнинг бу тахминлари тўла даражада тасдиқланади, деб бўлмайди. Буни Фаластинда Ёсир Арофат ўлими арафасида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари ҳам тасдиқлаб турибди.

Хорижлик мутахассислар томонидан ўтказилган ижтимоий тадқиқот якунига кўра, фаластинликлар наздида Ёсир Арофатдан кейин энг нуфузли арбоб Аҳмад Қурей ёки Маҳмуд Аббос эмас, ФАТХ ҳаракатининг Ғарбий соҳилдаги раҳбари Марван Баргутий саналади.
Хуллас, Ёсир Арофат вафоти билан Фаластин катта ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Бу ўзгаришлар қай тариқа кечиши ва фаластинликлар ҳаётида қандай из қолдиришини вақт кўрсатади.

Собиржон Ёқубов