Қирғизистон элчихонасида авиаҳалокатда қурбон бўлганлар хотирасига Ҳамдардлик дафтари очилди

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида 2017 йил 16 январь куни рўй берган авиаҳалокатда қурбон бўлганлар хотирасига Ҳамдардлик дафтари очилди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар беради.

Қайд этилишича, Ўзбекистондаги хорижий давлатлар дипломатик корпус вакиллари 17 ва 18 январь кунлари (соат 10:00 дан 12:00 гача ва 15:00 дан 17:00 гача) Ниёзбек йўли кўчаси 30-бинода жойлашган манзилда Ҳамдардлик дафтарига ўз таъзияномасини ёзиб қолдиришлари мумкин.

Жорий йил 16 январь куни Ҳонконг–Бишкек йўналишида парвоз қилаётган “Боинг-747” юк самолёти Қирғизистоннинг “Манас” аэропорти яқинидаги Дача-Суу қишлоғида ҳалокатга учради. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги авиаҳалокат оқибатида 31 киши ҳалок бўлгани, 11 киши шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган.

ACT Airlines авиакомпаниясига қарашли самолёт ноқулай об-ҳаво шароити сабаб ҳалокатга учрагани айтилмоқда.

Қирғизистон халқи бошига тушган фожиа муносабати билан 2017 йил 17 январь мамлакатда мотам куни деб эълон қилинган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 январь кунги авиаҳалокат муносабати билан Қирғизистон етакчиси Алмазбек Атамбаевга ҳамдардлик изҳор этган.