Профессор Иброҳим Абдураҳмонов: “Тадбирини топиш вақти келди”

Иброҳим Абдураҳмонов 1975 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети, АҚШдаги Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетини тамомлаган.

Дунёда илк маротаба ғўзада “ген-нокаути” (генларни “ўчириб қўйиш”) технологияси асосида ғўзанинг бир қанча трансген формаларини яратишга эришди. Шунингдек, бошқа кўплаб ўсимликлар намуналарини молекуляр-генетик таҳлил қилиш имконини берувчи самарали молекуляр методларни ишлаб чиқди. 33 ёшида фан доктори даражасини олди. Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси. Қишлоқ хўжалиги бўйича TWAS халқаро мукофоти (2010), “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони (2010), Халқаро ғўза маслахати кенгаши мукофоти (2013) билан тақдирланган. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Домла, яқинда мамлакатимиз раҳбарининг “Геномика ва Биоинформатика соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни инновацион ривожлантириш учун қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (10.02.2017 й.) қарори эълон қилинди.  Мазкур қарордан маълумки, бугунги кунда пахтачилик соҳасига ҳам жиддий эътибор қаратилаётир, шундай эмасми?

— Албатта,  “Мозийга қараб иш кўрмоқ, хайрлидир”, деб ёзган улуғ адибимиз Абдулла Қодирий, келинг тарихга бир назар солайлик. Бир вақтлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида экстенсив ривожланиш устун эди. Яъни фақат миқдор кетидан қувилиб, сифат масаласи эътибордан четда қоларди. Минглаб гектар ерга сув чиқарилиб, пахта экилди, лекин ялпи ҳосил миқдори ошса-да, ўртача ҳосилдорлик муттасил камайиб борди. Қанчадан-қанча экин майдонларини шўр босиб, Оролдек улкан денгиз қурий бошлади. Хаммасидан қизиғи, халқимиз ўзи етиштирган пахтага ўзи эгалик қилолмас эди. Ватанимиз мустақилликка эришгач, бу борадаги эскича қарашларга бутунлай барҳам бериш ва қишлоқ хўжалигида, жумладан, пахтачиликда сифат кўрсаткичларига устувор эътибор қаратиш вазифасини қўйди. Ўзбекистон Фанлар академияси қошида Геномика ва биоинформатика маркази ташкил этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда нисбатан янги соҳа – ғўза генлари инженерияси ва геномикаси йўналишида махсус илмий тадқиқотлар олиб бориш, мутахассислар тайёрлашга катта миқдорда маблағ ажратилиб, кенг имкониятлар яратилди. Тармоққа янгича муносабат натижасида пахта майдони ҳажми қисқаргани ҳолда ўртача ҳосилдорлик ошиб, толанинг сифат кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланмоқда. Олимларимизнинг меҳнати самараси ўлароқ ген-нокаут технологиясини яратилди. Батафсилроқ айтганда, ғўза геномидаги авлоддан авлодга ўтадиган генлар аниқланиб, замонавий тезкор ассоциатив хариталаш усули кашф этилди. Натижада ғўзадаги генлардан фойдаланишнинг янги имкониятлари очилиб, замонавий ген-нокаут ва маркерларга асосланган селекция усуллари ишлаб чиқилди.

Ген-нокаут (инглизча gene knockout), илмий тилда айтганда, РНК интерференцияси – молекуляр генетика усули организмдаги муайян генлар фаоллигини тўхтатиб қўйиш имконини беради. Қишлоқ хўжалиги экинларининг биологик кўрсаткичлари – ҳосилдорлик, эртапишарлик, зараркунанда ва ҳашаротларга чидамлиликнинг намоён бўлишида иштирок этувчи генларнинг таркиби ҳамда функцияси аниқлангандан сўнг муайян ген фаолиятини кучайтириш ёки, аксинча, сусайтириш, ҳатто тўхтатиш мумкин. Масалан, ўсимликнинг етилиш жараёнини секинлаштирувчи генлар фаолиятини сусайтириб ёки бутунлай тўхтатиб, эртапишарликка эришиш имконияти мавжуд. Бу тажрибалар буткул янгича хусусиятларга эга “Порлоқ” ва “Равнақ” ғўза навлари туркумини яратиш сари йўл очди. Толаси узун, сувсизликка чидамли бўлган бу навлар жаҳон бозорида ҳам ўз харидорларини топди.  Натижада Ўзбек пахтасига бўлган талаб жаҳон бозорида муттасил ортиб бораётир. Буни ҳар йили кузда Тошкентда ўтказиладиган Халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг хорижлик иштирокчилари сафи тобора кенгайиб бораётганидан ҳам билиш мумкин. Мисол учун, 2005 йили ўтказилган илк ярмаркада ўттиз мамлакатдан бир юз етмишга яқин трейдерлик ва тўқимачилик компанияси вакиллари қатнашган бўлса, 2016 йилги ярмаркада дунёнинг қирқ давлатидан пахта ва тўқимачилик соҳаси компанияларининг мингдан зиёд вакили иштирок этди. Ушбу йирик халқаро ярмаркада Ўзбекистонда етиштирилган 680 минг тоннадан ортиқ пахта толасини харид қилиш бўйича шартномалар имзоланди.

Марказимиз жамоаси АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти ҳамда Техас университети мутахассислари билан доимо алоқада.  Ҳар йили камида тўрт нафар илмий ходимларимиз мазкур университетларда малака оширишга юборилади. Бугун ўзбек олимлари яратган ушбу янги туркум навлар деярли барча кўрсаткичлар бўйича Миср пахтасига яқинлашиб, “янги толали пахта” деб аталди. Янги технологияга халқаро патент олинди. Жаҳоннинг энг нуфузли илмий нашрларидан бири – “Nature Communications” журналида олимларимиз кашф этган ген-нокаут технологияси ҳақида батафсил мақола чоп этилди. Мутахассисларнинг фикрича, ген-нокаут технологияси жаҳон пахта саноатига миллионлаб доллар фойда келтириши ва халқаро бозорни тобора кенг эгаллаётган сунъий тола ишлаб чиқарувчилар билан рақобатда пахтакор фермерларга жуда асқатиши мумкин.  Бундай йирик, серзаҳмат ва серҳаражат лойиҳа кенг кўламли халқаро ҳамкорликни тақозо этиши табиий. Америкалик ҳамкорларимиз ажратган грантлар асосида бир қатор лойиҳалар амалга оширилди, жумладан, ўн нафар ёш олим Техас университети, АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаменти лабораторияларида малака оширди. Халқаро нашрларда пахтачилик бўйича ўнлаб илмий мақолалар эълон қилинди. Бундай самарали ҳамкорлик Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатлар билан ҳам йўлга қўйилган. Дунё бўйича 34 миллион гектар ерга пахта экилади ва унинг толасидан олинадиган йиллик фойда ўрта ҳисобда 27 миллиард АҚШ долларидан ошади. Демак, олимларимиз яратган мазкур технологияга халқаро миқёсда лицензия олиниши мамлакатимиз иқтисодиётига яхшигина даромад келтириши шубҳасиз. Истиқлолимизнинг шарофати, юртимизда ёшлар камолотига кўрсатилаётган доимий эътибор самарасидир бу! Ана шундай улкан ғамхўрлик бўлмаганида мен каби минглаб йигит-қизлар, айниқса, чекка қишлоқлардан чиққан ёшлар хориждаги нуфузли олий таълим ва илмий даргоҳларда ўқиш, тажриба ва малака ошириш имконига эга бўлармиди? Йўқ, албатта. Дарахт қуриб-қақшаган чўлда эмас, саховатли заминда барқ уриб ўсади, мева беради.

М. Раҳматов суҳбатлашди.