Порнография ва зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш учун жавобгарлик кучайтирилди

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2012-йилнинг 13-апрелидан кучга кирди.

Қонун одоб-ахлоққа қарши жиноятлар ва қонунбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш воситасида жиноят ва маъмурий қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга, зўравонликни, шафқатсизлик ва порнографияни тарғиб қилувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган.

Ушбу Қонунга кўра, порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли ретсидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб қилиш, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, порнографик маҳсулотни, шунингдек уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни, шунингдек уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистонда порнография ва зўравонликка қарши доимо курашиб келинган.

Янги таҳрирдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” Қонуннинг 6-моддасига кўра оммавий ахборот воситаларидан порнографияни тарғиб этиш тақиқланади.

“Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсларини тайёрлаш ва уларни маълумотларни узатиш тармоқларида, шу жумладан, Интернетда тарқатиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи, уруш, зулм ва порнографияни тарғиб қилувчи, диний ва миллий низоларни қўзғовчи, инсон шаъни ва қадр-қимматини поймол қилувчи ахборотлар ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши тақиқланган бошқа ахборотларнинг олиб кирилиши ва тарқатилиши тақиқланади.