Ўзбекистон – Россия: узилмас ришта, мустаҳкам робита

14 ноябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасида иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилганига 10 йил тўлди. Шу муносабат билан Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга табрик йўллади. Россия етакчиси ўз мактубида 2005 йил 14 ноябрда имзоланган “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартнома икки давлат алоқалари тарихида янги саҳифа очгани, турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга замин ҳозирлагани, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалаларда робитани кенгайтиришга хизмат қилганини таъкидлаган.

“Тошкент ва Москва ўртасида ҳал қилиб бўлмас муаммо йўқ

Глобаллашув жараёни дунё сарҳадларини қисқартирди, мамлакатлар ўртасидаги робитани янада кучайтирди. Хусусан, янги тарихий шароитда Ўзбекистон ва Россия каби тарихий ришталарга эга мамлакатлар алоқалари янги босқичда кўтарилди.

1992 йил 20 мартида икки давлат ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилган эди. Ўтган салкам чорак аср давомида стратегик шериклик ва иттифоқчилик тамойилларига асосланган ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.

Айтиш керакки, икки давлат ҳамкорлигиннг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилган. Жумладан, 1992 йил 30 майда “Давлатлараро муносабатларнинг асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”, 2004 йил 16 июнда “Стратегик шерикчилик тўғрисида”, 2005 йил 14 ноябрда эса “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида” шартномалар имзоланган. Шунингдек, 2012 йил 4 июнда имзоланган “Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида”ги декларация ўзаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтирди.

Икки мамлакат ҳам бир-бирининг барқарор тараққиёти, халқаро майдондаги обрў-эътиборининг юксалишидан бирдек манфаатдордир. Шу маънода Ўзбекистон ва Россия ҳам икки томонлама, ҳам БМТ, ШҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириб келмоқда. Муайян масала ва муаммоларга қарашлар ўхшаш ёки яқин бўлгани боис икки давлат халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, Афғонистондаги вазият, энергетик хавфсизлик каби масалаларда Тошкент ва Москва ўртасида сиёсий ҳамфикрлик мавжуд.

Ҳамкорликни ривожлантиришда олий даражадаги учрашувларнинг мунтазамлик касб этгани ҳам муҳим омил бўлмоқда. Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишонч қарор топган.

– Ўзбекистон биз учун минтақадаги энг устувор шериклардан бири ва бизнинг муносабатларимиз айрича аҳамиятга эга – деган эди Россия Президенти Владимир Путин Тошкентга сўнгги ташрифи пайтида. – Биз мамлакатнинг қандай имкониятларга эга эканини жуда яхши биламиз ва муносабатларимизни унинг салоҳиятига ҳамда халқларимиз ўртасидаги чуқур тарихий алоқаларга мувофиқ равишда олиб борамиз.

Президент Ислом Каримов ҳам ўзаро алоқалар иттифоқчилик тамойилларига мувофиқ ривожланаётганини таъкидлаган эди.

– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар ёки бартараф этиб бўлмайдиган тўсиқлар йўқ, минтақавий ҳамда халқаро даражада кўп томонлама ҳамкорликнинг самарали механизмлари ишга солинган ва улар ҳаётга изчил татбиқ этилаётир, – деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Биринчи рақамли иқтисодий ҳамкор

Ўзаро ҳамкорлик хусусида сўз борар экан, савдо-иқтисодий алоқаларни алоҳида қайд этиш лозим. Ўзбекистон ташқи савдосининг бешдан бир қисми Россия ҳиссасига тўғри келади. 2014 йил якунига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айрибошлаш 6,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бугунга қадар Россия Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо шериги сифатидаги мавқеини барқарор сақлаб келмоқда.  

Ўзбекистон экспортида саноат маҳсулотларининг, хусусан, автомобилларнинг улуши  ортиб бораётгани диққатга сазовордир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Россияга  мева ва полиз маҳсулотлари, табиий газ, тўқимачилик буюмлари, кимё саноати маҳсулотларини  экспорт қилади. Россиядан эса асосан ускуналар, ёғоч, қора ва рангли металлар, тиббиёт, микробиология ва озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар импорт қилинади. Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кўлами аслида бундан-да кенг. Масалан, Россия Ўзбекистон автомобилларининг энг асосий харидори саналади. Россияга “Chevrolet” ҳамда “Daewoo” бренди остидаги мамлакатимиз маҳсулотлари мунтазам экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳам, Россия ҳам ёқилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу эса мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади. Россиянинг “Лукойл” ва “Газпром” нефть-газ компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштириш борасида фаолият олиб бормоқда.

Умуман, ҳозирда республикамизда Россия капитали иштирокида ташкил этилган 902 та корхона фаолият юритяпти. Россиянинг кейинги 15 йилда Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси 8 миллиард АҚШ долларидан ошади.

Иттифоқчиликнинг ўнинчи йили

Гуманитар ва маданий алоқалар ҳам икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Тошкентда йигирмага яқин ҳудудий маданий-маърифий муассасаларни бирлаштирган Рус маданият маркази фаолият кўрсатаётир. Россиянинг нуфузли олий ўқув юртлари филиалларида ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда. Қолаверса, соғлиқни сақлаш, илм-фан ва техника соҳаларидаги ўзаро манфаатли алоқалар хусусида ҳам кўп ва хўб гапириш мумкин.

Ҳамкорликни изчил ривожлантиришда турли даражадаги мунтазам учрашувлар катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро ҳамда идоралараро машваратлари эса анъана тусини олган. Томонлар кўп қиррали манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини бот-бот таъкидлаб келади.

– Россия Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкори – Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта аҳамият қаратмоқда. Мамлакатларимизни олис тарихга эга сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқалар, дўстлик, таъбир жоиз бўлса, қардошлик робитаси боғлаб туради. Бу эса Россия – Ўзбекистон давлатлараро алоқаларининг ишончли кафолатидир, – дейди Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев.

Сўзимизни Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистон Президентига иттифоқчилик муносабатларининг 10 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги ҳақидаги фикр билан бошлаган эдик. Мақолани яна ўша табрикка оид мулоҳаза билан якунласак. Россия етакчиси ўз мактубида халқларимизнинг осуда ва фаровон ҳаётини таъмин этишга хизмат қилувчи иттифоқчилик муносабатлари келгусида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирган.

Собир Салим