Ўзбекистон – Польша савдо-иқтисодий ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд

Польшанинг нефть-газ, энергетика, фойдали қазилмаларни қайта ишлаш, транспорт, йўл қурилиши, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги компаниялари Ўзбекистон бозорига киришга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Польшанинг Тошкентдаги элчихонаси Савдо ва сармояларга кўмаклашиш бўлими 21 декабрь куни Тошкентда журналистлар билан ўтказган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Таъкидланишича, икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бормоқда, аммо бу борада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжуд.

Ташқи омиллар туфайли жорий йилда ўзаро савдо айланмасини ошириш имкони бўлмади. Тезкор маълумотларга қараганда, жорий йилнинг 10 ойида ўзаро савдо айланмаси ўтган йилнинг мазкур муддатига қараганда 8 фоизга қисқариб, 106,3 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилда Польшанинг Ўзбекистонга экспорти 17 фоизга камайган бўлса, ўзбек товарларини ҳамкор давлатга сотиш ҳажми чорак фоизга ошди.

Қайд этилишича, Польшадан асосан ускуналар, машиналар, кимё саноати маҳсулотлари ва йирик қорамол келтирилган. Ўзбекистондан эса Польшага пахта ва пахта маҳсулотлари (46 фоиз), минерал моддалар (27 фоиз), кимё маҳсулотлари (11 фоиз) экспорт қилинган.

Жорий йил сентябрда Варшавада ўтган икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари маслаҳатлашувида савдо-иқтисодий соҳада ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш масаласига эътибор қаратилган эди. Савдо ва сармояларга кўмаклашиш бўлими маълумотига кўра, 2017 йилда икки томонлама янги ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Айни пайтда Польша ва Ўзбекистоннинг турли соҳаларда алоқаларини 50 га яқин ҳужжатлар тартибга солади.

Ҳамкорликни ривожлантиришда ўзаро ташрифлар муҳим ўрин тутади. Жорий йил январда Ўзбекистон идоралараро делегацияси Польшада бўлиб, автомобиль транспорти ҳаракатини назорат қилиш тизими билан танишди.

Ноябрь ойида эса Польша савдо-иқтисодий миссияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Музокаралар якунида Умумпольша хўжалик палатаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида 2017 йилда ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, тадбиркорлар ўртасида мулоқотни кучайтириш борасида келишувга эришилди.

Польшанинг Тошкентдаги элчихонаси Савдо ва сармояларга кўмаклашиш бўлими йил давомида ишбилармон доиралар ўртасида бевосита мулоқотни фаоллаштиришга ҳаракат қилди. Қолаверса, Бўлим Тошкентда ўтган “Қурилиш – UzBuild”, “Озиқ-овқат саноати – WorldFood Uzbekistan”, “Соғлиқни сақлаш – TIHE”, “UZBEKISTAN AGROTECH EXPO”, “UZAGROEXPO” каби кўргазмаларда фаол иштирок этди. Ўз навбатида, ўзбекистонлик ишбилармонлар ҳам  Польшада ўтган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати  (POLAGRA), қурилиш ва қурилиш материаллари (BUDMA) каби халқаро кўргазмаларда қатнашди.

Савдо ва сармояларга кўмаклашиш бўлими йил давомида ишбилармонлар учун бизнес семинарлар ҳам уюштирди. Бу борада Польшанинг CodePharm, Polpharm, ChM каби фармацевтика компаниялари иштирокидаги семинарларни эслаб ўтиш ўринлидир.

Қайд этилишича, жорий йилда ўзбекистонлик ишбилармонларга янада қулай шароит яратиш мақсадида Польша элчихонаси Савдо ва сармояларга кўмаклашиш бўлими ахборот технологияларидан кенгроқ фойдаланади.

Собир Салим