Озарбойжонда Чожук Маржонли қишлоғи тикланиши тарихий ҳодиса сифатида баҳоланмоқда

1993 йил Қорабоғ уруши вақти вайрон этилган Озарбойжоннинг Чожук Маржонли (Кичик Маржонли) қишлоғида тураржойлар бунёд этиладиган бўлди. Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев жорий йил 24 январь куни Жаброил туманига қарашли ушбу қишлоқни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилган.

Мазкур ҳужжатга кўра, дастлаб қишлоқда 50 та уй, мактаб ва бошқа зарур иншоотлар бунёд этилади. Бу мақсадда Қочқинлар ва мажбурий кўчирилганлар иши бўйича давлат қўмитасига Президент захира жамғармасидан 4 миллион манат ажратилади.

Бундан 14 йил аввал Қорабоғ уруши кунлари Чожук Маржонли қишлоғи Арманистон ҳарбий гуруҳи томонидан эгалланган. 1994 йилда Озарбойжон армияси қишлоқни қайтариб олган, аммо қишлоқ ҳудудга ёндош Лелетепадан ўққа тутиб турилгани боис маҳаллий аҳоли у ерда яшаш имконидан маҳрум бўлган. 2016 йил апрель ойида Озарбойжон томони Лелетепани қайтариб олгач, қишлоқни ободонлаштириш ва маҳаллий аҳолининг киндик қони тўкилган жойга қайтариш имкони туғилди.

Trend агентлиги хабарига кўра оккупациядан озод этилган қишлоқни тиклаш ташаббуси миллий ва халқаро экспертлар томонидан тарихий ҳодиса сифатида баҳоланмоқда.

Озарбойжон ҳукумати раисининг ўринбосари, “Янги Озарбойжон” партияси ижрочи котиби Али Аҳмедов қишлоқнинг тикланишини дунё ҳамжамиятига ўзига хос огоҳлик қўнғироғи деб атаган.

“Биз қайтариб олинган ерларимиз, хусусан, битта қишлоқни тиклаш орқали дунёга руҳан тетик-бардам эканимиз кўрсатмоқдамиз. Бу Тоғли Қорабоғ зиддиятини ҳал этиш учун тузилган халқаро ташкилотларга ва ерларимизни вақтинча эгаллаб олган Арманистон томонига огоҳлик қўнғироғидир”, – деган А.Аҳмедов.

АҚШдаги Маркетт университети халқаро алоқалар бўйича мутахассиси Питер Тейс ҳам халқаро ҳамжамият, инчунин, Европа Иттифоқи оккупациядан озод этилган ҳудудларни тиклаш борасида Озарбойжонга ёрдам кўрсатиши зарурлигини таъкидлаган.

Озарбойжон Қочқинлар ва мажбурий кўчирилганлар ишлари бўйича давлат қўмитаси раиси Али Ҳасанов Чожук Маржонли қишлоғини тиклаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилишини маълум қилган. Қайд этилишича, ҳозирда ҳудудни миналардан тозалаш ишлари бошланган. Муайян вақтдан кейин у ерга халқаро ташкилотлар вакиллари ва элчиларнинг сафарини уюштириш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

Cобир Салим