Озарбойжонда 2017 йил – Ислом бирдамлиги йили

Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев мамлакатда 2017 йилни Ислом бирдамлиги йили деб эълон қилди. Озарбойжон матбуоти хабарига кўра, давлат раҳбари мазкур қарорни мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил якунларига бағишланган йиғилишида маълум қилган.

Кейинги йилларда дунё миқёсида муқаддас ислом динини ёмонотлиқ қилиш, уни обрўсизлантиришга уриниш кузатилаётгани сир эмас. Расмий Боку халқаро майдонда муқаддас ислом қадриятларини ҳимоя қилиб, исломофобияга қарши курашни кучайтириш лозимлигини таъкидлаб келмоқда.

“Бугун дунёнинг айрим сиёсатчилари ва экспертлари исломни террор билан боғлаб, унинг номига доғ туширмоқда. Улар айнан мусулмон мамлакатлар терроризмдан энг кўп азият чекаётганини унутиб қўймоқдалар”, – деган эди Президент Илҳом Алиев Бокуда 2016 йил сентябрда ўтган халқаро гуманитар форумда.

Озарбойжон раҳбарига кўра, ислом тинчлик, бағрикенглик ва адолат дини бўлиб, уни террор билан боғлаш катта хато саналади.

Шунингдек, Озарбойжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедёров 2016 йил 18 октябрь куни Тошкентда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашида халқаро ҳамжамият ислом динига нисбатан янглиш тушунчалар илдиз отишига қарши керакли чора-тадбирлар кўра олмаётганидан таассуфда эканини билдирган эди.

“Биз бундай ҳолатга барҳам бериш йўлида барча чора-тадбирларни кўришимиз лозим. Бу жиҳатдан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти кўраётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз ва барча мамлакатларни бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишга даъват этамиз”, – деган эди Озарбойжон Ташқи ишлар вазири.

Қайд этилишича, ҳарбий зиддиятлар, террорчилик ҳаракатлари, миграция инқирози, қалтис гуманитар вазият ҳамда ислом дини хусусида хато қарашнинг тарқалаётгани дунё тинчлиги ва барқарорлигига таҳдид бўлиб турибди.

Элмар Мамедёровга кўра, экстремизм ва терроризм ислом дини ва мусулмонлардан асоссиз шубҳаланишнинг авж олишига сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун эса мавжуд зиддиятларни бартараф этиш йўлларини қидирмоқ лозим.

Таҳлилчилар томонидан Озарбойжонда 2017 йил Ислом бирдамлиги йил деб эълон қилиниши Бокунинг муқаддас ислом динини муҳофаза этиш йўлидаги навбатдаги қадами сифатида баҳоланмоқда.

Айни пайтда мультикультурализм Озарбойжон давлат сиёсати ва ҳаёт тарзига айланган. Яъни мамлакатда турли дин, турли этник гуруҳга мансуб аҳоли аҳил-иноқ ҳолда, мамлакат равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмоқда. Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда, Озарбойжонда 112 та миллат ва элат вакили истиқомат қилмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз тили, маданияти ҳамда динини асраб-авайлаб келмоқда.

Озарбойжондаги диний гуруҳлар хусусида сўз борганда, энг аввал ислом дини тилга олинади. Негаки, мамлакат аҳолисининг асосий қисми исломга эътиқод қилади. Pew Research маркази 2009 йилда ўтказган тадқиқотларга кўра, аҳолининг 99,2 фоизи мусулмондир.

Ислом дини Озарбойжон заминига VII асрда кириб келган. Шу тариқа ўтган асрлар давомида ислом дини ўлка маданияти, санъати, адабиётига кучли таъсир этди. Ушбу диёрда ислом динига оид кўплаб кўҳна обидалар, масжидлар, осори атиқалар сақланиб қолган.


Кавказ мусулмонлари диний идораси ҳам айнан Бокуда жойлашган. Унга Ўзбекистондаги диний ўқув даргоҳларида таҳсил кўрган шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода раислик қилмоқда. Қолаверса, Боку шаҳри 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани ислом тамаддунига қўшилган улкан ҳиссанинг ўзига хос эътирофидир.

Собир Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!