Озарбойжон ТИВ хориж фуқароларини огоҳлантирди

Арманистон Озарбойжонга қарши провокация уюштирмоқда ва хорижлик меҳмонлардан сиёсий қурол сифатида фойдаланмоқчи. Бу ҳақда Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ҳикмат Ҳожиев ахборот агентликларига маълум қилган.

Бу ўринда гап Арманистон томонидан Ереванда ҳамда Озарбойжонга тегишли босиб олинган ҳудудда ўтказиладиган халқаро анжуман ҳақида бормоқда.

Маълумотларга қараганда, 13-15 сентябрь кунлари Арманистон Ереванда ҳамда Озарбойжонга тегишли босиб олинган ҳудудларда “Тиббиётда замонавий даволаш хусусиятлари” мавзусида халқаро анжуман ўтказишни режалаштирмоқда. Анжуманга Россия, Чехия, Тожикистон, Германия, Қозоғистон ва Грузиядан мутахассислар таклиф этилган.

“Арманистон ушбу анжуманни босиб олинган ҳудудларда ташкил этаркан, аслида замонавий даволаш масалаларини муҳокама этмоқчи эмас. Арманистоннинг бош мақсади навбатдаги сиёсий провокацияни амалга оширишдир”, – деган Озарбойжон ТИВ расмий вакили Ҳикмат Ҳожиев.

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларни ўз фуқароларини провокацион тадбирда иштирок этмаслигини таъминлашга чақирди.

Расмий Боку хорижлик фуқароларни алдовга учмаслик ва Озарбойжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги бузилган ҳолда тортиб олинган ҳудудларга бормасликка чақирган. ТИВ оккупация қилинган ҳудудга ноқонуний ташриф жавобгарликка сабаб бўлишини ҳам эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!