Оқ уйнинг қора танли раҳбари

«Менинг отам бошқа юртнинг кичкина қишлоғидан келиб ўз ўғлини, яъни мени улкан мамлакатнинг катта пойтахтида хизмат қилишим учун қолдириб кетибдими, демак биз ҳаммага дўстмиз». АҚШнинг 44-президенти Барак Обама 20 январь куни ўтказилган инаугурация маросимидаги нутқини шу сўзлар билан бошлади.

Инаугурация – бу давлатдаги биринчи рақамли шахснинг ўз лавозимига киришиши муносабати тантанали равишда ўтказиладиган тадбир. Инаугурация сўзи лотинча «инаугуро», яъни «бағишлайман» деган маънони англатади. 

Вашингтонда ўтказилган навбатдаги инаугурация маросими миқёси ва кўлами жиҳатидан энг юқори кўрсаткични қайд этди. Мазкур маросимга қарийб 2 миллион одам ташриф буюргани мамлакат тарихидаги янги рекорд бўлди. Бундан олдинги натижа Билл Клинтонга тегишли бўлиб, ўшанда унинг қасамёд маросимига 800 мингдан ортиқ фуқаро келганди. Айрим давлатларда президентликка сайловлар натижалари маълум бўлгач, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, янги давлат раҳбари ўз ишига киришади. Аммо АҚШда 3 ноябрь кунги президентлик сайловлари ва 20 январьда ташкил этиладиган инаугурация маросими тарихий анъаналар маҳсули бўлиб келмоқда. Бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Демак, 1788 йил 13 сентябрда мамлакат Конгресси томонидан қабул қилинган қонунга мувофиқ қасамёд маросимини 4 мартда ўтказиш белгилаб қўйилади. 1933 йил 23 январьга келиб Конституцияга киритилган 20-ўзгартиришга мувофиқ, президент ва вице-президентнинг ваколати 20 январьнинг биринчи ярмида ўз ниҳоясига етади. Айни шу пайтдан бошлаб уларнинг издошларининг ваколат муддати бошланиши кўрсатиб қўйилди. Айрим маълумотларга кўра, сананинг мартдан январьга кўчирилишига сабаб Оқ уйдаги қоровулларнинг ўзгартирилиши билан боғлиқ. Шу кунги илк маросимда Франклин Рузвелтнинг иккинчи маротаба қасамёд маросими ўтказилган.

АҚШ президентининг қасамёд тартибига кўра, мамлакатда 1797 йилдан буён анъанавий равишда янги етакчини Олий Суд раиси қасамёдга келтириш вазифасини бажариб келмоқда. Бу галги анъанани Олий Суди раиси Жон Робертс ҳам бузмади ва унинг ёрдамида аввал Барак Обама, сўнгра янги вице-президент Жозеф Байден қасамёд қабул қилди. Вашингтонда, яъни ҳозирги пойтахтда илк инаугурация маросими 1801 йилда, Томас Жефферсон ўз вазифасига киришаётган пайтда бўлган. Бу воқеа Капитолийниинг сенат қанотида бўлиб ўтган. Орадан 24 йил ўтиб, Жон Куинси Адамс илк маротаба Вашингтондаги энг баланд бино ҳисобланмиш Капитолийнинг шарқий тарафида қасамёд қилган. 1981 йилга келиб бу анъана Роналд Рейган томонидан ўзгартирилди. Ўшанда у маросимни Капитолийнинг ғарбий қанотига кўчирганди. Ҳали ҳануз бу маросим ўша жойда ўтказилиб келинмоқда.

Америкада инаугурация маросимидаги илк нутқ мамлакатнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон томонидан ёзилган, аммо ўқилмаган экан. 1817 йилда Жеймс Монро ўз нутқини ташқарида, яъни очиқ осмон остида ўқиган. Шу-шу бир неча йиллардан буён бу анъанани (агар об-ҳаво панд бермаса) бошқа ҳамкасблари ҳам давом эттириб келмоқда. Энг узун нутқ 1841 йилда Уилям Генри Гаррисон томонидан ўқилган бўлиб, саккиз минг сўздан иборат бўлган нутқ қарийб икки соат давом этган. Одатда, инаугурация маросими учун нутқларни президентларнинг ўзлари ёзишмайди. Мисол учун, Ж.Вашингтонга бу борада унинг яқин ёрдамчиси Александр Гамилтон ёрдам берган. Линколн ва Рузвелтлар нутқларини ўзлари тайёрлашган.

Қасамёд маросимидан сўнг Б.Обама президент сифатида нутқ сўзлади. Қора танли президент асосий эътиборини мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатдаги устувор вазифалар, ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўзлади. Айтиш лозимки, Барак Обама мамлакат жуда қийин аҳволга тушган пайтда ҳукумат тепасига келди. АҚШ айни пайтда улкан молиявий инқирозни бошдан кечирмоқда, мамлакатдаги бир неча йирик банклар, ишлаб чиқариш корхоналари жиддий қийинчиликларни бошидан кечирмоқда, энг ачинарлиси аҳолининг банкларга бўлган ишончи тобора сўниб бораётир. Б.Обама олдида ташқи сиёсатда ҳам «кўланкаси осмон» ишлар турибди. Афғонистондаги вазият аста-секин изга тушиб бораётгандек, аммо Ироқдаги вазият энг оғриқли нуқтага айланган. Боз устига, собиқ президент Жорж Бушнинг бу мамлакатга нисбатан олиб борган сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан қаттиқ танқид остига олинмоқда.

2008 йилги молиявий инқироз эса шундоқ ҳам нураб бораётган мамлакат иқтисодиётига яра устига туз сепкандай бўлди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. А£Ш 2009 йилни глобал муаммога айланиб бўлган ишсизлик муаммоси билан кутиб олишга мажбур бўлди. ¥озир мамлакатда ишсизлар сони 5 миллиондан ошиб кетган. Таҳлилларга кўра, А£Шдаги компанияларнинг қарийб 50 фоизи ишчиларни яна қисқартиришни маълум қилган.

Инаугурация маросимида сўзга чиққан янги президент иқтисодиётни кўтариш ва кейинги икки йилда мамлакатда қарийб 3 миллионга яқин янги иш ўринлари яратишни ваъда берган. Ўз халқига мурожаат билан чиққан Барак Обама электр энергиядан имкон борича тежаб фойдаланишни, бунинг эвазига ҳукумат юқори тезликдаги Интернетни яратиш ва мактабларнинг моддий техник базасини яхшилашни маълум қилган. Нутқ сўнггида Обама жаноблари ўзидан олдинги давлат раҳбари Жорж Бушга «мамлакатга муносиб хизмат қилгани учун» алоҳида ташаккур билдирди.

Инаугурация маросими якунлангач, мамлакатнинг собиқ етакчиси, 8 йил давомида мамлакатни бошқарган Жорж Буш ва унинг рафиқаси Капитолийдан АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига қарашли «Эндрюс» базасига тегишли вертолётда жўнаб кетишди. Вертолёт тўғри Техас штатидаги Мидленд шаҳрига қараб учиб кетди.

Беҳбуд Ботиров