Оккулт дастурлар

Энг керакли қурол— огоҳлик

ХХИ аср қайсидир давлатнинг мафкураси ва бир-бири билан сунъий уйғунлаштирилган утопиялар юз йиллигига айлана олмайди. Мазкур даврда турли-туман турмуш тарзлари ва қарашлар рақобатга киришади. Бунга эришиш учун эса ҳар бир мустақил давлат ўзлигини сақлаган ҳолда диний, этник қадриятлари ва тамаддунда тутган ўрнини бошқаларга англатишни асос қилиб олган миллий мафкурага эга бўлмоғи лозим.
Бу каби мазмундаги гапларни бугун бот-бот эшитиш мумкин. Акс ҳолда миллийликни йўқотиш, фазилатлар, бебаҳо қадриятлардан воз кечиш одамни такомиллашув тараққиётдан ажратиб қўйиб, уни тобе, мустақил фикри йўқ манқуртга айлантириб қўяди. Френсис Фукуяма турли давлатлар ўртасидаги рақобат ва қарама-қаршиликнинг тугаши билан тарих ҳам ниҳоясига етади, деган эди. Одамларда «совуқ уруш» тарихда қолиб кетган, деган маънодаги ақида шаклланиб қолган. Аслида унданда хунукроқ оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган курашнинг янгича шакли борган сари кескинлашмоқда. Бу эса бирор халқнинг иродаси, хоҳиш-истагини ўзида жамлаган мафкуралар энди ташқи, ёт ғоялар, ахборий-маданий хуружлардан ҳимояланиш кераклигини янада ойдинлаштирди.
Қизил тузум мафкураси халқлар ва миллатларни ўз тақдирини ўзи белгилашига йўл қўймасди. Собиқ иттифоқнинг парчаланиб кетиши натижасида икки қутблиликнинг барҳам топиши фақатгина харитада ўз аксини топмай, балки давлатлар ўртасидаги муносабатлар мувозанатини ҳам ўзгартириб юборди, тараққиётнинг тезкор оқими ахборот ва ғояларнинг аҳамиятини оширди.
Ҳозирги кунда хайрли мақсадларда зимдан олиб борилаётган ўзаро курашлар бирор-бир миллатнинг ўзлигини йўқотишга қаратилаётганини сезиш мумкин. Унда дастлабки эътибор ҳудудларни ўзлаштиришга эмас, инсон онгини эгаллашга йўналтирилган. Зомбилашув, манқуртлик, оммавий маданият асирлари, фанатиклар ана шундай ҳаракатлар қурбонларидир.
Айрим мутахассислар мазкур маънавий-ахборий хуружларнинг ҳақиқий урушдан кам эмаслигини таъкидлаб, уни «wар фор cонсcиоуснесс», яъни «онг учун жанг», деб аташмоқда. Ер шарида ахборий ва коммуникатив боғлиқликнинг кучайиши ҳамда айрим миллатларга хос белгиларнинг глобаллашув даври таъсирида ўз қадрини йўқотаётганлигини бошқача маънода талқин этадиганлар ҳам топилади. Уларнинг фикрича, мазкур ҳол ўз қолипи, ўз тўнига беркиниб олганларни ташқарига чиқишга мажбур қилар экан.

Маданий ниқоблар

Ҳозирги пайтда онгни бузиш учун курашда оммавий маданият воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. Оммавий маданият феномени вужудга келишида реклама, мода, масс-медиа муҳандислиги, дизайн, хуллас, онгга таъсир этувчи воситаларнинг аҳамияти катта.
Ҳозир ягона дунё харитаси мавжуд бўлсада, инсонпарвар, тараққийпарвар халқларнинг эзгу мақсад-муддаолари акс этган ғояларига қарши бўлган, индивидуаллашган, фойдаланувчилар талабига мослаштирилган, айрим гуруҳлар манфаатига бўйсундирилган, аммо ҳақиқатдан узоқ турли бузғунчи ғоялар мавжуд бўлиб қолмоқда. Унинг ижодкорлари ақлни бўйсундиришнинг бир нечта йўлини ўйлаб топишган. Бу ҳол дастлаб ривожланган мамлакатлар аҳолисининг маданий қатламига чуқур кириб борган бўлса, вақт уни бутун дунёга ёймоқда.
Тараққий топган давлатлар ривожланаётганлар учун идеал намуна сифатида намоён бўлади, дейишади. Шу ўринда бирор томоннинг ютуғини кўр-кўрона ўзлаштиришдан кўра, муваффақият сирлари ва унинг туб моҳиятини ўрганиш мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтиш жоиз.
Шундай кучлар борки, улар онг ва ақлнинг ўтмаслашиши, миллатга хос белгиларнинг йўқолишидан манфаатдор. Бу йўлдаги мақсадни амалга ошириш учун катта маблағ керак бўлсада, у келтирадиган даромад сарф-харажатларни ортиғи билан қоплайди. Масалан, АҚШнинг ички ва ташқи қарзлари жуда кўп бўлсада, мамлакат ҳар йили 2,5 млрд. доллар фойда кўради. Қарз берган давлатлар Америкадан ўз пулларини талаб қилиши доллар тизимининг қадрсизланишига олиб келиши керак, аслида. Бироқ амалиётда ҳаммаси тескарисига айланиб кетган. Дунёнинг аксарият аҳолиси ўз маблағларини АҚШда сақлаш даромад келтириши ва бойиб кетиш учун замин яратишига ишонади.
Нега қарзлари бунчалик кўп давлатга нисбатан ишонч ҳанузгача кучли? Қуйидаги фикр-мулоҳазалар унинг сабабини тушуниб етишингизда ёрдам бериши мумкин.
Бу борада АҚШда ишлаб чиқарилган махсус механизмнинг ўрни катта. У сайёрамиз халқларининг онги, руҳияти, эътиқодига маънавий-маданий жиҳатдан таъсир кўрсатиб, иқтисодий ва сиёсий соҳада катта фойда келтиради. Шунинг учун Христофор Колумб кашф этган қитъадаги ушбу давлатда нима содир бўлишидан қатъи назар, хорижликларнинг онг компасининг кафгири ўша тарафга бурилавериб, гўёки таянч нуқтасини топади. Аслида мазкур компас махсус институтлар томонидан бошқарилаётганини кўпчилик англаб етмайди. Шу йўналишда бир қатор ташкилотлар — ОАВ, санъат ва маданият марказлари, миллий корпорациялар, диний секта ва жамиятлар иш олиб боради. Улар америкача ҳаётни усталик билан юқорида айтиб ўтилган ахборот ва ғоялар ёрдамида тарғиб қилади. Шу орқали етакчиликка интилади. Бу ўринда молиявий жиҳатдан барқарорлик ва устунликни таъминлашда онгни эгаллаш, уни бузиш қай даражада аҳамиятга эга эканини эсламоқ лозим. Табиийки, бошқа давлатлар ҳам ўз имижига эга бўлишга интилмоқда. Йўқса, тараққиёт майдонидаги мусобақадан четга чиқишга, тобе бўлиб, кимнингдир орқасидан эргашишга тўғри келади.

«Онгни бузамиз!»

Америкалик таниқли журналист Жеффри Стейнберг «Чейнининг дастёрлари ядро қиёматига йўл очмоқдалар» сарлавҳали мақоласида онг учун кураш уйдирма эмаслигини исботлашга ҳаракат қилади. Океан ортидаги одамларнинг онгини бузиш қандай наф келтириши ҳақидаги гап-сўзлар ўтган асрнинг 80-йилларида шахсий ташаббусдан давлат дастури даражасига кўтарилди. Давлатнинг қўллаб-қувватлаши натижасида мазкур лойиҳа тарқалиб, оккулт ёки жисмоний ўлимга олиб бормайдиган уруш номини олди. Унинг асосида руҳият, маънавият ва онгни бўйсундириш орқали фикрлашда ялқовликка олиб бориш, ишончга кириш ётади. Бу халқаро миқёсда «минд wар» дейилади. У ҳақда Жон Александр, Пол Веллели, Майкл Акино каби мутахассисларнинг ижод маҳсулларида атрофлича тўхталиб ўтилган. Улар тафаккурни барбод қилишга қаратилган хуруж ва анъанавий ахборот уруши ўртасидаги чегарани аниқ кўрсатиб берганлар. Иккинчи жаҳон урушидан бери қўлланиб келинаётган аксилтарғибот, психологик операциялар онг учун курашдан фарқ қилишини Стейнберг ҳам алоҳида эътироф этади: «Ақлни бузиш қуроли дўстлар, душманлар, бетарафларга бирдек таъсир этади. Унда оддий варақалар, тарғиб бўлимларининг махсус ташвиқотчилари ишлатадиган радиокарнайлар, кичик доирага қаратилган психотроп воситалардан фойдаланилмайди. Мазкур дастур ёрдамида биргина марказдан туриб сайёрамизнинг ихтиёрий нуқтасидаги одам онгини нишонга олиш мумкин. Албатта, бунда электрон ОАВ, телевидение ва радио энг катта ёрдамчилардир. Йўлдош алоқалар, видеоёзув техникаси, оптик толали технология бутун жаҳондаги одамларнинг онгига таъсир этиш учун шундай имконият берадики, илгари буни тасаввур қилишнинг ўзи амримаҳол эди. Бундай имконга эга бўлган инсон худди Экскалибур(қирол Артурнинг афсонавий қиличи)ни қўлига олгандек бўлади. У ўзини шу қурол ёрдамида бутун дунёни ўзгартириб юборишга қодирдек ҳис қилади. Бунинг учун қатъийлик ва журъат билан мазкур воситаларни дунё тсивилизациясига сингдириш кераклигини ҳам билади. Мазкур воситаларсиз бизнинг мафкура (ғоя) бегона мафкуралар қуршовида кучсизланиб, йўқолиб кетиши мумкин. Агар бошқалар ана шу қилич олдида бўйсуниб, ўзлигидан қайтишни исташмаса, ундан ҳам даҳшатлироқ усуллар билан курашишимизга тўғри келади».

30 йил олдинги фикр уйдирма эмас

Оммавий ахборот воситалари билан одамларнинг (бегона ёки ўзимизникиларга ажратмай) онгига ишлов бериш ғояси ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлганини айтиб ўтгандик. Жеффри Стейнберг ўз мақоласида бундан қарийб 30 йил олдинги фикрлар уйдирма эмаслиги, тафаккурни бузишга қаратилган ҳаракатларни нима учун айнан ҳарбийлар ва Америка элитасини бошқарадиган гуруҳлар қўллаганини шарҳлаб берган. «Онг ва ақлни ишдан чиқариш асосида олиб бориладиган уруш ҳақида тузилган дастур бугун ҳам қўлланиб келинади», деб ёзади у. Адмирал Жон Пойндекстер бошқарган «Ахборотни тотал таъқиб этиш» дастури журналистик текширувлар даврида кўп маълумот бериш, шовқин кўтариш орқали онгни чалғитишга қаратилган эди.
Онгни бузиш ғоясини сиёсат оламидаги таниқли одамлар, масалан, АҚШда донг таратган машҳур ҳарбий, идеолог Пол Вулфовитс қувватлаб келади. У 1990 йилларда АҚШ ҳарбий ва разведка тизимларида жисмоний ўлимга олиб бормайдиган уруш ғояларининг тарғиботчиси бўлиб фаолият юритган. Бундай тажрибалар океан ортидаги бир қатор илмий-ҳарбий лабораторияларда ҳам олиб борилган. Тадқиқотларда турли махфий хизмат вакиллари иштирок этган.
Шу ўринда савол туғилади: улар инсон онгини бошқариш, бузиш усулларини қандай ўйлаб топишган?
Икки хил йўл билан дейиш мумкин — илмий йўл ва ижтимоий институтлар ёрдамида.

Жедай-жангчи ва рейдер — улар кимлар?

Дастурда кўзланган вазифалардан бири махсус диверцион (қўпорувчилик) топшириқ олган жедай-жангчилар(машҳур «Юлдузлар жанги» кинотуркумидаги жанг ва руҳият сирларини ўргатувчи устоз номидан келиб чиққан)дан иборат сохта гуруҳлар тузишдир. Улар террористик гуруҳлар таркибига турли йўллар билан кириб олишга ҳаракат қилишади. Бу каби махсус тайёргарлик босқичидан ўтган мутахассислар гуруҳининг иш фаолияти ўз муқобилларига ҳам эга. Улардан энг машҳури рейдер тайёрлашдир. Унга кўра, душман тараф ишончини қозонишга кириб олишга эришган кадр у ерда ўзини кўрсатишига тўғри келади. Бу каби шахслар муҳитга тез мослашиб кетишга ва дўстона алоқаларни аввал ўрнатиб, сўнгра ўша ердаги аҳилликни бузишга киришадилар. Душман гуруҳига кириб олган рейдер ўзини ҳиссиётга берилувчан қилиб кўрсатиб, доим раҳбарлар диққат марказида бўлишга интилади. Шу орқали жамоанинг эътиборини чалғитиб, у ердаги муносабатларни бирма-бир издан чиқаради. Бу — онгни бузиш йўлида анча такомиллаштирилган уруш методларидан бири. Жедай-жангчилар ва рейдер мақоми турли ҳарбий-психологик операцияларда қатнашган, янги дастур талабларига жавоб бера оладиган мутахассислар орасидан танлаб олинади. Мазкур дастур асосида сараланган ҳарбийлар, махфий хизмат ходимлари қаторига сўнгги пайтларда маҳбуслар ҳам қўшилмоқда.
Рақиб жамоатчилигидаги муҳитни бузиш жараёни шундай ривожланади: дастлаб танишиб олиш, сўнгра жамоага ўзини яқин қилиб кўрсатиш ва яқинлашиш, у ердаги бирорта нуфузли вакил билан муносабатларни ривожлантириш, дўстликка эришиш, у томонни манипуляция қилиш имконига эга бўлиш ва ниҳоят, ўз бузғунчилик вазифасини бажаришга киришиш.

Агент институтлар 

Дастурдан кўзланган мақсаднинг навбатдагисини амалга оширишда манфаатдор гуруҳлар замонавий ахборот ва алоқа тизимларидан максимал фойдаланадилар. Онгни бузиш, оқимни ўз йўналишига солиб юборишда телевидениедаги махсус моделлаштирилган сохта ток-шоу, реалити-шоу, порно-шоу ва бошқа кўнгилочар кўрсатувларнинг ташкилотчилари, кино саноатидаги айрим режиссёр-продюссерлар, оммавий маданият тарғиботчилари маълум маънода рейдерлар сирасига киради. “Ушбу телевизион тасвирларда машҳур бир одам чиқиб, шундай ақлга сиғмайдиган, беҳаё хатти-ҳаракатларни амалга оширадики, уни томоша қилаётган оддий киши, айниқса ёш, дунёқараши мўрт томошабинда, демак, бошқаларда ҳам шундай ҳолат мавжуд эканда, деган алдамчи таассурот пайдо бўлади“, деб ёзади Стейнберг. Бу ўринда телевизион, яъни тасвир тамойили асосий рольни ўйнамоқда. Сохта кўз-кўз қилишлар, намойишлар, бугун урфга кирган гламуризация(бу ҳақда газетамизнинг кейинги сонларида тўлиқ маълумот беришни режалаштирганмиз—С.М.) омма онгини бузишга қаратилган. Улар инсон тафаккурини заҳарлайди, холос. Глобаллашув ҳодисасининг йирик назариётчиси, юқоридаги хавфни олдиндан сезган Мак Люеннинг фикри билан айтганда, одамзот масс-медиа технологиялари ва унинг шакллари, бу борадаги тараққиёт нима ва у онгга қанчалик таъсир қилиши ҳақида етарлича маълумотга эга эмас. Бугун ихтиёрий вақтда ўзи ёқтирган канални кўриш имконини берадиган абонент тизими ижтимоий ҳаётга чуқур кириб бормоқда. Аянчли жиҳати шундаки, буни асло чеклаб бўлмайди. Бузғунчилар шу орқали ўз ишларини янада осонлаштириб, таъсир доирасини кенгайтиришга уринишмоқда. Онгнинг бузилиши одамни қолипдан, демакки, чегарадан чиқаради — олдинлари уят, ор-номус йўл бермаган ишларга қўл уриб, ахлоқсизлашади, миллий ҳамда умуминсоний қадриятлардан узоқлашади. Бундай одамларнинг кейинчалик манқуртдан фарқи қолмайди. Маънавият террорчилари учун айнан шу керак.
Онгдаги салбий ўзгаришлар орқали жамиятдаги барқарорликни йўқотиб, маънавиятга путур етказишга ихтисослаштирилган махсус агент-ташкилотлар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги Пентагоннинг оккулт ёки махфий дастурлари маҳсулларидир. Жумладан, унинг билвосита кўмаги ёрдамида очилган жамиятларнинг асосий вазифаси сунъий эътиқод шаклларини яратиш, одамлардаги ишончни йўқотиш, қатъийликни бошқа ўзанга буриб юборишдан келиб чиқади. Уларнинг қаторида «Майин шабада», «Янги давр ғоялари ярмаркаси», «Озод бўлиш ва интеграция маркази», «Чуан умумий институти», «Постурал интеграциясида Рейхнинг қайта туғилиши», «Бу томонга майда қадамлар билан югур», «Ки билан Айкидо», «Берклидаги қайта алоқа маркази» каби сунъий эътиқод турларини тарғиб этувчи жамиятлар фаолият юритади. Бу каби янги аср оқимлари азалий диний-маънавий эътиқодни бузиш, маърифатпарварликни бўғишга қаратилган. Улар қадриятларни ифлослашга йўналтирилиб, аъзо одамларнинг ўзига бўлган ишончини топтаб, ўзининг йўриғига солиб олади.

Маҳбуслар — «тажриба қуёнлари»

Онгни бузиш борасидаги навбатдаги тажрибалар Гуантанамо, Абу Грейб, Ал-Қаюм каби қамоқхоналарда ҳарбий маҳбуслар устида олиб борилганини тасдиқловчи хабарлар кўп тарқатилди. Жеффри Стейнберг бу ҳақда шундай ёзади: «Ал-Қаюм турмасига Ироқдан келтирилган ҳарбий асирлар устида онгни бузиш бўйича бир қатор операциялар ўтказилди. Жумладан, «Барней исмли пушти ранг аждар» кўрсатувидаги «Сени севаман» қўшиғини узлуксиз эшиттириш уларнинг сўроқ қилинишини осонлаштиради. Мусиқа маҳбуснинг мия фаолиятини издан чиқарувчи энг баланд ёки паст частоталарни онг остида пайдо қилади. Шу орқали асирнинг иродаси синдирилган. Қуёш тиғидаги металл-транспорт контейнерларида бир неча кун кўзи боғланган, тиканли симлардан қўллари акашак ҳолатда мусиқа садолари остида сақланган асир тирик манқуртга айлантирилган. Айнан шунга ўхшаш операциялар ўтказиш ва ишга киришишни ўргатадиган махсус оккулт-дастурнинг тайёргарлик босқичидан Зиёд Жарра ва Марван ал-Шайхий ҳам ўтган. Улар 2001 йилнинг 11 сентябридаги воқеаларга алоқадор шахслардир. Зиёд Жарра самолётлардан бири(93 Унитед Аирлинес)нинг бошқарув бортини зўравонлик билан қўлга олиб, уни Пенсилваниядаги майдонга бориб урган бўлса, Марван ал-Шайхий иккинчи самолёт(175)нинг бортини эгаллаб, Манхеттендаги халқаро тижорат марказининг жанубий минораси билан тўқнашувни уюштирган».
Мазкур маълумот замонавий диний урушлар, ислом ҳамда насроний маданиятлар тўқнашуви ҳақидаги манфаатбоп баёнотларни йўққа чиқаради. Сабаби учувчи-қотиллар айнан юқоридаги каби ақлнинг бузилиши, диний эътиқоднинг парчаланишига чорловчи дастур тарбияланувчиларидир.

Хантингтонни ажаблантирган ҳол

Яна шуни таъкидлаб ўтиш керакки, АҚШнинг ўзида ҳам муҳожирлар анъанавий эътиқодларининг бузилиши эвазигагина яшаб қола оладилар. Акс ҳолда, улар Америка жамиятига мослашиши жуда қийин кечади. Аммо бу ҳолдан мустасно, ўзлигига содиқ қолганлар ҳам бор экан. АҚШга Мексика, Марказий, Жанубий Америкадан кўчиб келган испанзабон иммигрантлар ҳақида маданиятшунос олим Самуэл Хантингтон «Биз аслида киммиз?» асарида тўхталиб ўтган. Унинг фикрича, мазкур кўчманчилар инглиз тилини ўрганиш, у ерда кенг тарқалган насроний мазҳабларини қабул қилишга ҳаракат қилмайдилар. Гарчи бу хавфли ва кам фойда келтирадиган қарор бўлса ҳам, улар миллий ўзлигидан ажралишни исташмайди.

Бепарволик — энг катта хавф

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, қўпорувчилик ҳаракатларининг реал хавф ва асоратларини англаш мумкин, аммо маънавиятни бузишга қаратилган урушларнинг хатарини қай даражада тушуниб етганликни билиш қийин. Миллий ўзлик, қадриятлар, шунга яраша тафаккур қилишнинг бузилишида турли тадқиқотлар, ОАВ ва реклама агентликлари катта роль ўйнаши билан бир қаторда, аксинча, мазкур хавфнинг олдини олиш ёки тўғрилашда ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Онгни бўйсундириш, ақлни бузиш, ахборот урушлари ҳақида фикр билдириш кимлар учундир баландпарвозлик, жимжимадор гаплар бўлиб туюлар. Муносабатларнинг турли эканини табиий қабул қилиш лозим. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ахборот асрида амалга оширилиши одат тусига кириб бораётган турли айёрликларни ўз вақтида англаб, уни мафкуравий иммунитет чиғириғидан ўтказган ҳар бир одам маънавий компасини қаэрга йўналтирса, мақсадга мувофиқ бўлишини чуқурроқ тушуниб етади.

Саиджон Махсумов,
«Марифат» газетасидан