Нью-Йоркда дунё машварати бўлиб ўтмоқда

Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ўз ишини давом эттирмоқда. Мазкур йирик сиёсий тадбирда БМТ фаолиятини ислоҳ этиш, дунё ҳамжамиятин янги ривожланиш мақсадлари йўлида бирлаштириш, терроризм ва сепаратизм кўринишидаги ҳаракатларга барҳам бериш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

 

Шавкат Мирзиёев: БМТ босқичма-босқич ислоҳ қилиниши лозим

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кўплаб давлат раҳбарлари қаторида 19 сентябрь куни Бош Ассамблеясининг 72-сессияси умумий музокараларида нутқ сўзлади.

“Жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Улардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни амалга ошириш устувор аҳамиятга эга бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат”, – деди Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида.

Иқтисодиёт, сиёсат ва бошқа жабҳалардаги ислоҳотлар хусусида маълумот берган давлатимиз раҳбари “Ишончимиз комил: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, – деб таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутиши, айни чоқда, тизим босқичма-босқич ислоҳ қилиниши лозимлигига урғу берди.

“Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдоридир. Биз Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги раҳбарияти томонидан ташкилотни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Ш.Мирзиёев.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ўз чиқишида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, минтавақий сув муносабатлари, Орол муаммоси, Афғонистондаги вазият, терроризмга қарши кураш масалалари тўхталиб ўтган.

 Илҳом Алиев: БМТ резолюциялари ижроси бўйича санкциялар жорий этилиши керак

БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида маъруза қилган Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев эса ташкилот томонидан қабул қилинган резолюцияларни бажармаган давлатларга қарши санкция жорий этишни таклиф этди. Масалан, Озарбойжоннинг Арманистон томонидан босиб олинган ҳудудларини бўшатиш ҳақида БМТнинг тўртта резолюцияси қабул қилинган. Аммо ҳеч қандай жавобгарлик йўқлигини билгани боис Ереван мазкур ҳужжатларни бажармай келмоқда.

Президент Илҳом Алиев БМТ ҳужжатларини амалга татбиқ этишнинг реал механизмларини ишлаб чиқиш вақти аллақачон келганини таъкидлади. Қайд этилишича, БМТ нуфузли ташкилот бўлиб қолиши, Арманистон каби давлатлар у қабул қилган ҳужжатларни бажариши лозим.

Халқаро ҳужжатлар ижроси борасида иккиёқлама стандартлар ҳам кузатилмоқда. Халқаро ҳамжамият Арманистоннинг резолюцияга риоя қилмаётганига ҳам кўз юммоқда.

Озарбойжон раҳбари мамлакат ташқи сиёсати, замонавий ўзгаришларга алоҳида тўхталган.

“2011 йили Озарбойжон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси этиб сайланди. Ўшанда Озарбойжонни ёқлаб 155 мамлакат овоз берди. Кўплаб аъзо мамлакатлар Озарбойжон ва унинг сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу – 20 йиллик мустақил давлат учун катта ютуқдир. Озарбойжон дунёда мультикультурализм марказларидан бири саналади. Мультикультурализм – Озарбойжон давлат сиёсатидир. Озарбойжонда барча этник ва диний гуруҳ вакиллари аҳилликда яшамоқдалар. 2016 йил Озарбойжонда “Мультикультурализм йили”, 2017 йил эса “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилинган”, – деди Илҳом Алиев.

 Дональд Трамп: Давлатларнинг кучли иттифоқи зарур

БМТ минбарида нутқ сўзлаган АҚШ Президенти Дональд Трамп эса дунё тинчлиги учун кучли мустақил мамлакатлар коалицияси зарурлигини айтган.

“Бу ҳамкорлик ва муваффақият асосидир. Кучли, мустақил миллат мамлакатнинг турли қадриятлар билан ривожланишига имкон яратади. Давлатлар якка ҳолда мавжуд эмас, улар бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда елкама-елка иш олиб бориши лозим. Кучли мустақил миллатлардан иборат коалиция – муваффақият омили”, – деган АҚШ раҳбари.

Оқ уй етакчиси ўз нутқида Шимолий Корея масаласига ҳам эътибор қаратган.

“АҚШ ўта сабрли, АҚШ кучли, лекин бизни ўзимизни ҳимоя қилишга ёхуд иттифоқдошларимизни ҳимоялашга мажбур этишса, Шимолий Кореяни тўлалигича йўқ қилиб ташлашдан бошқа чорамиз қолмайди”, – деган АҚШ Президенти.

Д.Трамп, шунингдек, ўз нутқида БМТнинг барча аъзолари Украинадан тортиб Жанубий Хитой денгизигача бўлган давлатлар суверенитетини ҳимоя қилишлари лозим, деб айтган.

“Биз ҳуқуқ, чегара ва маданиятга доир ҳурматни қўллаб-қувватлашимиз ва тинч-тотув ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим”, – деб таъкидлаган Д.Трамп.

Эслатиб ўтамиз, Бош Ассамблеянинг олий сиёсий музокаралари 19-25 сентябрь кунлари ўтказилади.

БМТ Бош Ассамблеяси умумий сиёсий музокаралар ўтказиладиган халқаро форум ҳисобланади ва Нью-Йоркдаги бош қароргоҳда ўтказилади. Халқаро сиёсий анжуман давомида БМТга аъзо давлатлар делегация раҳбарлари дунё ҳамжамияти олдида турган асосий хавф-хатарлар, халқаро ва минтақавий инқирозлар хусусида фикр алмашадилар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!