Нуреттин Жаникли: “Етти ёшдан етмиш ёшгача турк халқи Ўзбекистонни чинакам дўст ўлка деб билади”

2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари Туркия Республикаси ҳарбий ўқув юртлари ва марказларининг тайёрлов курсларида ўқитилади. Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли ҳамда Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев ўртасида жорий йил 26 июль куни Тошкентда бўлиб учрашув якунида томонлар шундай келишувга эришди.

Хусусан, музокаралардан сўнг Ўзбекистон ва Туркия Мудофаа вазирликлари ҳарбий-таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг тажриба ва билим алмашишини мустаҳкамлаш, ҳарбий-техника соҳасида икки томонлама муносабатларни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланди.

Ўзбекистонда меҳмон бўлган Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли 26 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қабул қилинган.

Учрашувда Ш.Мирзиёев меҳмонни самимий қутлаб, мамлакатларимиз ўртасида турли даражадаги алоқалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик фаоллашганини мамнуният билан таъкидлади. Суҳбат чоғида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, жумладан, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Туркия миллий мудофаа вазири Ўзбекистон раҳбарига Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг эзгу тилакларини етказди ва Туркия томони давлатларимиз ўртасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

Сўнгги йилларда ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги давлатлараро муносабатларда ижобий тенденциялар кўзга ташланмоқда.

2017 йил июнида “NUROL” компаниясининг “EJDER 4х4” типидаги енгил зирҳли автомобилларининг Ўзбекистон шароитидаги синовлари муваффақиятли ўтди. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун мазкур ўнлаб ҳарбий техникаларни харид қилиш, шунингдек, уларни Туркия томони инвестицияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида ҳамкорликда ишлаб чиқариш ёки қўшма корхона ташкил қилиш имкониятлари ўрганилмоқда.

Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли ва Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев

Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли Тошкентдаги учрашувларда 7 ёшдан 70 ёшгача турк халқи Ўзбекистонни чинакам қардош ва дўст мамлакат деб билиши, ўлкаларимиз орасида масофа узоқ бўлса-да, лекин кўнгиллар яқин эканини таъкидлаган.

“Ўзбекистоннинг мудофаа қобилияти мустаҳкам, юқори салоҳият ва бой тажрибага эга. Бироқ муносабатларимизнинг ҳозирги ҳолатини мавжуд имкониятларимиз даражасида, деб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, амалий ҳамкорлигимизни янада ривожлантириш, ҳарбий таълим соҳасида қўшма дастурларни амалга ошириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашдик”, – деган Туркия миллий мудофаа вазири.

Туркия делегацияси Тошкент сафари давомида Темурийлар тарихи давлат музейида бўлди. Меҳмонлар, шунингдек, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи ва Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!