Нижний Новгород – икки дарё туташган замин

Мовароуннаҳр тужжорлари бу шаҳар билан ўрта асрлардаёқ савдо-сотиқни йўлга қўйган. Русия давлатининг энг йирик савдо кўргазмаси шу ерда ўтказилган. Ушбу гўшада меҳмон бўлган улуғ шоир Александр Пушкин у ҳақдаги илиқ таассуротларини “Евгений Онегин” шеърий романида ёзиб қолдирган. Саккиз юз ёшли шаҳар ЮНЕСКО томонидан тарихий аҳамиятга молик ҳудуд дея эътироф этилган. Бу – Нижний Новгород, Россиянинг энг кўҳна шаҳарларидан бири!

Нижний Новгород асрлар давомида Русия империясининг савдо ва тижорат маркази бўлиб келган. Ғоят қулай жуғрофий ҳудудда барпо этилган шаҳар стратегик аҳамиятга эга истеҳком вазифасини ҳам ўтаган.

Ушбу кентга 1221 йилда князь Юрий Всеволодович асос солган. Ока дарёсининг Волгага қуйилиш жойида – икки дарё туташган масканда бино этилган шаҳар қисқа муддатда тараққий этди. Тарихий солномаларда у Шимоли-шарқий Руснинг сиёсий ва иқтисодий маркази сифатида тилга олинган. 1341-1392 йилларда эса шаҳар Нижний Новгород-Суздаль князлигининг пойтахти бўлган.

Кейинги асрларда ҳам шаҳарда муҳим тарихий воқеалар содир бўлди. Хусусан, 1611-1612 йилларда Нижний Новгородда Козьма Минин ва князь Дмитрий Пожарский бошчилигида ташкил этилган халқ лашкари польяк ва литва қўшинини тор-мор этиб, Русия империясини сақлаб қолди.

Муаррихларнинг ёзишича, ўрта асрлардаёқ Нижний Новгород ва Мовароуннаҳр хонликлари ўртасида яқин иқтисодий алоқалар йўлга қўйилган. Хусусан, Самарқанд ва Бухоронинг савдо карвонлари Ока дарёси бўйидаги ушбу шаҳарга бот-бот қатнаган.

1719 йили, Пётр I ўтказган маъмурий ислоҳотдан кейин Нижний Новгородга губерния шаҳри мақоми берилган.

1767 йил май ойида эса шаҳарга императрица Екатерина II ташриф буюрган. Манбаларга кўра, маликага шаҳарнинг меъморий ечими маъқул келмаган ва у шаҳарсозларга янги тарҳ тузишни буюрган. Шу тариқа шаҳарнинг янги тарҳи ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ, ўша йилларда шаҳарда империяда биринчилардан бўлиб шифохона, босмахона ва театр бунёд этилган.

Нижний Новгородда ҳар йили ўтказиладиган ярмаркаларга нафақат Русия, балки қўшни давлатлардан ҳам савдогарлар ташриф буюрган. Шу тариқа шаҳар бир неча аср давомида мамлакатнинг савдо-тижорат маркази мақомини ҳеч кимга бермай келган. Ока дарёсининг чап соҳилида уюштириладиган ярмарканинг довруғи етти иқлимга ёйилган.

Совет Иттифоқи даврида эса Нижний Новгород саноат марказига айлантирилди (Дарвоқе, 1932 йили шаҳар номи Горький дея ўзгартирилди). Машҳур автомобиль заводи, металлургия ҳамда қурол-аслаҳа корхоналари умумий ғазнага катта даромад келтирди. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин шаҳарнинг тарихий номи тикланди. Нижний Новгороднинг 30 йил давомида хорижликларга ёпиқ бўлган дарвозалари яна қайта очилди.

Нижний Новгород – Россиянинг кўҳна кентларидан бири. Бу ерда 600 дан зиёд тарихий, меъморий ва маданий обида мавжуд. Хусусан, 1500-1511 йилларда барпо этилган тош истеҳком – Кремль биносига ҳар йили минглаб сайёҳ ташриф буюради. Нижний Новгород Кремли Россия меъморчилигининг дурдоналаридан бири саналади. Шундоққина соҳилбўйи қад кўтарган истеҳком мана 500 йилки замон пўртаналарига дош бериб турибди. Дарвоқе, 1833 йил сентябрда шаҳарга қадам ранжида қилган улуғ шоир Александр Пушкин Кремлни томоша қилган, ярмаркани айланган. Саёҳат таассуротларини эса “Евгений Онегин” асарида ёзиб қолдирган.

Бу шаҳар Россиянинг қадимий маданият ва маърифат ўчоқларидандир. 2007 йил августда шаҳар ҳудудидан топилган XII асрга оид кумуш ёмбилар ва қайин пўстлоғига ёзилган битиклар ҳам олис ва сирли тарих воқеаларига гувоҳлик беради. БМТнинг Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО Нижний Новгородни сайёрамизнинг тарихий ва маданий қимматга эга 100 шаҳридан бири дея эътироф этгани ҳам бежиз эмас. Жаҳон фанига Николай Лобачевский каби улуғ математикни, дунё адабиётига эса Максим Горький каби забардаст адибни етказиб берган шаҳар ҳозир ҳам тарихий аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Бугун Нижний Новгород автомобилсозлик, авиасозлик, кемасозлик, қуролсозлик ва ахборот технологиялари тараққий этган. Масалан, шаҳардаги йирик автомобиль заводида 27 минг киши меҳнат қилади. Ёки ахборот технологиялари бозорида нуфузли мавқега эга “Intel” компаниясининг Европадаги энг йирик тадқиқот маркази Нижний Новгородда жойлашган.

Йирик бандаргоҳларга эга шаҳар Россиянинг дарё туризми бўйича энг йирик маркази ҳамдир.

2010 йилда Нижний Новгородни реконструкция этиш бўйича янги дастур қабул қилинди. Унга кўра, 2030 йилгача шаҳар инфраструктураси ислоҳ этилади. Хусусан, тарихий обидаларга яқин ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари соҳилбўйи мавзеларга кўчирилади. Транспорт тизими янада такомиллаштирилади.

Дарвоқе, яна бир неча йилдан кейин, аниқроғи, 2021 йили Нижний Новгороднинг 800 йиллик юбилейи нишонланади. Бу ҳақда 2015 йил 22 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путиннинг фармони ҳам қабул қилинди. Кўҳна ва навқирон шаҳар унутилмас тарихий воқеа – катта тўйга жиддий ҳозирликни бошлаб юборди.

Собир Салим