Найтхарт Ҳёфер-Виссинг: Германия ва Ўзбекистон ҳамкорлигида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп

2016 йилда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо айланмаси 520,1 миллион долларни ташкил этди. Шу тариқа Германия савдо айланмаси ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг еттинчи рақамли ҳамкорига айланди. Бу ҳақда 15 сенятбрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Найтхарт Ҳёфер-Виссинг маълум қилди.

Дипломат икки мамлакат ҳамкорлигида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар бисёр эканини таъкидлаб, бундан 25 йил аввал савдо айланмаси ҳажми 1 миллиард доллар бўлганини ёдга олди.

Таъкидланишича, конвертация муаммоси ҳамда бошқа бюрократик тўсиқлар шу пайтгача қадар савдо-иқтисодий муносабатларининг янада кенгайишига халақит бериб келди. Жорий йил сентябрь бошида Ўзбекистонда валютанинг эркин конвертацияси жорий этилди. Аммо, Германия элчисига кўра, мамлакат иқтисодий ҳаётида ҳали-ҳануз давлат ҳаддан зиёд катта таъсирга эга.

Айни пайтда Ўзбекистонда Германия сармояси асосида ташкил этилган 123 та корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатда Германиянинг 1 миллиард евролик сармоявий лойиҳалари амалга оширилган.

Элчи Найтхарт Ҳёфер-Виссинг, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақадаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги ўрни муҳим эканига эътибор қаратиб, бу борада икки давлат ташқи сиёсат маҳкамалари доимий мулоқотда эканини қайд этди.

Бу Найтхарт Ҳёфер-Виссингнинг Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатидаги сўнгги матбуот анжумани бўлди. Ўзбекистонга 2014 йил январда ташриф буюрган дипломат ўз карьерасини бошқа масъул вазифада давом эттиради.

Аввалроқ олмон дипломати билан учрашган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Найтхарт Ҳёфер-Виссинг тўрт йиллик самарали фаолияти давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига муносиб ҳиссасини қўшганини мамнуният ила қайд этган.

Ўз навбатида дипломат Ўзбекистондан илиқ таассуротлар билан қайтаётганини билдирган.

Шу мавзудаги мақолалар:

Найтхарт Ҳёфер-Виссинг: “Германия бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни изчил ривожлантиради”. 23.09.2016

Германия Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига 11 миллион евро ажратади. 27.01.2016


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!