«Меҳмон туйғулар» ва «Сиз қандай яшамоқчисиз?» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

3 октябрь куни «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Меҳмон туйғулар» ҳамда таниқли адиб Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз?» номли китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда нашриёт ходимлари, адиблар ва олимлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Меҳмон туйғулар» китоби биринчи нашри бир неча йил аввал чоп этилган эди. Мазкур янги нашрда муаллиф унга кўп янгиликлар киритди. Дунёни тушунишга хизмат қилувчи янги ҳикматлар билан бойитди.

Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг «Сиз қандай яшамоқчисиз?» номли китоби мазмунли турмуш кечириш, бахтли-саодатли бўлиш, саломатликни асраш, ҳалол йўл билан бойиш, оила фароғати, эр ва хотин муносабатлари, қиз ва йигитларни тушмушга тайёрлаш, маънавий ва руҳий оламни бойитиш каби кшплаб ҳаётий мавзуларни қамраб олган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган нашриёт янги жанр ва йўналишларда китоблар чоп этишни ҳам кенг йўлга қўймоқда. «Мумтоз адабиёт дурдоналари» туркумида чоп этилган «Булбул ноласи», «Қалб гавҳари», «Маърифат ёғдуси», «Навоийдан чу топқайлар навое» китоблари, болалар адабиёти йўналишида чоп этилган «Одобингиз обрўйингиз», «Тўрт мучангиз соғ бўлсин», «Топишмоқлар», «Денгиз суви нега шўр» каби ўндан ортиқ китоблар шулар жумласидандир. Шунингдек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Фалак» номли фантастик роман, қисса ва ҳикоялар тўплами, ёш ижодкорлардан Абдулазиз Сафийнинг «Нуриддин» романи, мемуар асарлар йўналишида эса таниқли болалар ёзувчиси Эркин Малик қаламига мансуб «Болалигим эртаклари» китоблари нашриётда чоп этилаётган китобларнинг мавзу жиҳатдан ранг-баранглашиб бораётганини кўрсатмоқда.