Мавлут Човушўғли: “Низоларни тинч йўл билан ҳал этишда кўмакка тайёрмиз”

Жорий йил 30 июнь куни Истанбулда халқаро дипломатиянинг воситачилик масалаларига бағишланган IV анжуман бўлиб ўтади. Мазкур нуфузли машварат арафасида Туркия Республикаси Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли муаллифлигида мақола эълон қилинди. Қуйида эътиборингизга ана шу мақоланинг таржимаси ҳавола этилмоқда.

  Дипломатияни мустаҳкамлаш, воситачиликда саъй-ҳаракат

Туркиянинг Истанбул шаҳрида жорий йил 30 июнь куни “Дипломатияни мустаҳкамлаш, воситачиликда саъй-ҳаракат” мавзусида IV Истанбул воситачилик конференцияси ўтказилади. Бутун дунё экспертлари, дипломатлари, амалиётчилар ва олимлар низолар олдини олиш ва ҳал қилишнинг ноёб услуби сифатида воситачиликни тарғиб этишнинг йўллари ва усуллари  борасида фикр алмашадилар.

Туркия ва Финландия БМТ қошида “Тинчлик учун воситачилик” ташаббуси билан чиққанидан буён воситачилик фаолияти глобал миқёсда кенгайиб бормоқда. Мазкур ташаббус Воситачи дўстлар гуруҳининг тузилиши билан якунланди. Гуруҳнинг ҳозирги кунда 53 та аъзоси бўлиб, буларнинг 48 таси давлат ва 5 таси халқаро ташкилотдир. Шунингдек, превентив дипломатия ва воситачиликнинг БМТ доирасида, минтақавий ва қуйи ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятларидаги халқаро салоҳияти сезиларли даражада яхшиланган. Ушбу гуруҳ БМТ қошида воситачиликни тарғиб қилувчи етакчи платформага айланган. Гуруҳ воситачиликнинг норматив ва ғоявий асосини ташкил этувчи БМТ Бош Ассамблеяси 4 та қарорининг қабул қилинишини жадаллаштирди. Шунингдек, гуруҳ дунё бўйлаб воситачиликни тадқиқ этаётган ва амалиётда қўллаётганлар учун қомусий ҳужжат – 2012 йилда қабул қилинган Самарали воситачилик бўйича БМТ йўриқномасига ҳам ўз ҳиссасини қўшган.

БМТ Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш БМТнинг воситачиликдаги қўллаб-қувватлаш имкониятларини янада ривожлантиришга тайёр эканини изҳор этди. Бу саъй-ҳаракатлар мақтовга сазовор. БМТга аъзо барча давлатларни БМТ Бош котиби жаноб Гутерришнинг долзарб низоларни олдини олиш ва ҳал қилишга қаратилган кенг кўламли ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга чақирамиз. Туркия ишнинг ўзига тегишли қисмини  бажармоқда. Туркия фаол ёки музлатилган доимий тўқнашувлар бардавом бўлган кенг минтақада жойлашган. Низоларни олдини олиш ва тинч йўл билан ҳал қилиш Туркиянинг ташаббускор ва инсоний ташқи сиёсатининг асосий тамойили ҳисобланади. Туркия Африкадан Яқин Шарққача, Болқондан Кавказгача бўлган кенг жуғрофий минтақада турли чора-тадбирлар кўради. Биз учун тинчлик ўрнатиш фаолияти – инсоний тараққиёт билан чамбарчас боғлиқ. Бу йил Туркия аҳоли жон бошига кўрсатилган инсоний ёрдам бўйича яна дунёда энг пешқадам халқ деб топилди.

Туркия Истанбул воситачилик конференциясига 2012 йилдан буён мезбонлик қилиб келмоқда. Ушбу муҳим машваратлардан кўзланган мақсад низоларнинг олдини олиш ва воситачилик соҳасидаги кўплаб амалиётчилар ва олимларнинг бошини қовуштиришдан иборат. Қолаверса, тадбирнинг асосий мақсади назария ва амалиёт ўртасидаги уйғунликни таъминлаш, халқаро ҳамжамиятнинг воситачилик интилишлари кўлами, натижаси ва самарадорлигини оширишга ёрдамлашишдир. Дунё бўйлаб зиддиятларни ҳал қилиш билан мунтазам шуғулланаётган воситачилар хизматини алоҳида эътироф этишни истардим.

Бу йил конференцияда воситачилик услуби ва амалиёти қандай қилиб бугунги кун талабларига жавоб бериши мумкинлиги борасида муҳокамалар олиб борилади. Бу борада икки масала алоҳида кўриб чиқилади. Биринчиси – зиддиятнинг олдини олишдан у ҳал қилингунча, яъни тинчлик келишуви жорий қилингунча бўлган низо муҳитининг барча даражасида воситачиликнинг ўрни. Иккинчи масала – сиёсий, этник, диний мойилликлар душманлик муҳити яратадиган заминда сулҳ воситаси сифатида воситачиликни кенгроқ қўллаш моделлари.

Кейинги масала, айниқса, аҳамиятли. Негаки, таассуф-ла айтиш жоизки, сиёсий, ижтимоий ва диний зиддиятларнинг турли шаклларида экстремал мойилликларга шоҳид бўлмоқдамиз. Европада мусулмон ва мигрантларга қарши хужумлар сонининг кўпайгани бунинг яққол мисоли бўла олади. Низонинг олдини олиш ўта муҳим. Бироқ жамият турфахилликни тан олиб, ҳурмат қилсагина ҳамда ҳақиқий мулоқот ва ҳамкорлик йўлга қўйилсагина низоларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Мен ишонаманки, хулқ-атворнинг илғор қонун-қоидаларини мукаммал равишда ўзлаштирган воситачилар зиддиятли вазиятларда катта муваффақиятларга эриша оладилар. Бунинг учун биз, жумладан, ёшлар, аёлларни бу ишга тарғиб қилган ҳолда, кўпроқ воситачиларни ўқитишимиз, уларни оқилона воситалар билан қуроллантиришимиз лозим.

Глобал миқёсда тинчликни барқарор этиш йўлидаги интилишларимизда катта тўсиқларга дуч келамиз. Лекин бу тўсиқлар аро имкониятларни кўра олишимиз зарур. Халқаро ҳамжамият воситачилик орқали низоларни тинч йўли билан ҳал қилишга тайёр бўлмоғи ва бу ният устувор аҳамият касб этмоғи лозим. IV Истанбул воситачилик конференцияси иштирокчиларини кутиб олишга тайёрланар эканмиз, мен халқаро ҳамжамиятни воситачиликда амалий ҳаракатга даъват этиб қоламан.

Шу мавзудаги мақолалар:

Ўзбекистон ва Туркия ТИВ ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланди. 26.04.2017

Мавлут Човушўғли: Хорижда FETÖга тегишли саксонга яқин тузилма ёпилди. 15.12.2016