Латвиянинг Биг-бэнд оркестри Ўзбекистонда концерт беради

Ўзбекистонда жорий йил апрель ойи давомида халқаро жаз фестивали ўтказилади. Бу ҳақда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат 13 февраль кунги матбуот анжуманида маълум қилди.

Ўзбекистонда иккинчи бор ЮНЕСКО шафелигида ташкил этилаётган фестивалда АҚШ, Франция, Туркия ҳамда Латвия ижодий жамоалари қатнашиши кутилмоқда.

“Латвия ўтган йилги жаз фестивалида ҳам фаол иштирок этганди. Бу йил Латвия радиосининг Биг-бэнд жаз жамоаси Ўзбекистонга ташриф буюради.  Ўйлайманки, ушбу тадбир халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашув ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлайди”, – деди Латвиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Эдгарс Бондарс.

Суратда: Франция элчихонасининг маданият ишлари бўйича маслаҳатчиси Оливье Гийом, Латвиянинг Ўзбекистондаги элчиси Эдгарс Бондарс ҳамда Биг-бэнд оркестрининг продюсери ҳамда созандаси Марис Бриежкалнс

Матбуот анжуманида Биг-бэнд оркестрининг продюсери ҳамда созандаси, айни чоқда, “Rigas ritmi” халқаро мусиқа фестивали ижрочи директори Марис Бриежкалнс ҳам қатнашди.

“Жаз бу шунчаки музей экспонати эмас, балки давр ўзгаришларига ҳамоҳанг санъат туридир. Айрим ҳолларда жаз санъати вакиллари куй ва қўшиқларни фақат ўзи учун ижро этади, ҳолбуки, жаз ижрочиси томошабинни ҳам унутмаслиги керак. Негаки, жазда томошабин шунчаки кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи бўлиши керак. Ижодий жамоамиз Ўзбекистондаги жаз фестивали давомида Латвия халқ куй-қўшиқларини тақдим этади. Ишончим комилки, гастролимиз кутилмаган совғаларга бой бўлади”, – деди Марис Бриежкалнс.

Биг-бэнд жамоаси хонандаси Интарс Бусулис

Латвия жаз санъатида Латвия радиосининг Биг-бэнд оркестри муҳим ўрин тутади. 1966 йилда ташкил этилган ижодий жамоа 1996 йилга қадар профессионал оркестр сифатида фаолият юритди. 2012 йилда афсонавий гуруҳ фаолияти қайта тикланди. Айни пайтда ижодий жамоага Марис Бриежкалнс ва дирижёр ҳамда саксофончи Карлис Ванагс бошчилик қилмоқда. “Новая волна – 2015” танлови гран-приси соҳиби Интарс Бусулис ҳамда “Riga Jazz Stage – 2014” танлови ғолибаси Кристине Праулиня – оркестрнинг яккахон хонандаларидир. Ижодий жамоа маэстро Раймонд Паулс бошчилигида дунё бўйлаб концертлар берган. Хусусан, жаз ватани – АҚШдаги концертлар олқишлар билан кутиб олинган.

Собир Салим