КХДР талаби қондирилмади

Осиё минтақасидаги айрим мамлакатлар кун сайин ўз ядро қуролига эга бўлиш йўлидаги ҳаракатларни авж олдирмоқдалар. Ҳали буткул ечимини топмаган Ироқ урушига ҳам бу мамлакатда оммавий қирғин қуроли мавжудлиги асосий сабаб қилиб кўрсатилганди.

Ироқ масаласи ҳал бўлмай туриб, дунё ҳамжамияти олдида яна бошқа муаммолар пайдо бўла бошлади. Осиё қитъасида жойлашган икки мамлакат — Эрон ва Шимолий Корея ўз ҳарбий салоҳиятини юксалтириш ва ядро қуролига эга бўлиш мақсадида ҳаракат қилаётгани тўғрисидаги овозалар тарқалди.

Гарчи АҚШ ҳар доим Эронни атом бомбалар яратиш борасида уринишлар олиб боряпти, деб айбласада, расмий Теҳрон бу айбларни рад этиб келмоқда.

Шу ойнинг бошида Американинг янги давлат котиби Кондолиза Райс Европа ва Яқин Шарқ бўйлаб қилган сафари давомида Эронга қарши ҳарбий ҳаракат бошлаш АҚШ ҳукумати олдида турган асосий мақсад эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга бу борада Европа Иттифоқи қаттиққўллик билан сиёсат олиб бориши лозимлигини ҳам айтиб ўтди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсий масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Хавер Солана Буюк Британиянинг ИТВ телеканалига берган интервьюсида Эрон ядро объектларига қилинадиган ҳужум катта хато бўлиши ва жиддий муаммони келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Солана яна ўз нутқида Америка ёки Исроил томонидан бошланадиган ҳар қандай бир томонлама ҳарбий ҳаракат маъқул бўлмаслигини айтиб, ҳозирда ЕИ уран қазиб олиш дастурини рад этиш эвазига Эрон билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида музокаралар олиб бораётгани, Франция, Германия, Буюк Британия давлатлари Теҳрон ҳукуматини уран қазиб олиш борасидаги уринишларини вақтинчалик эмас, бутунлай тўхтатишга мажбур қилиш учун ҳаракат бошлаб юборганини билдирди.
Эрон атом қуроли борасида ўзига қўйилаётган айбларни рад қилаётган бўлса, Шимолий Корея ҳукумати бу борада жиддий ҳаракат бошлаганини очиқ эълон қилган.

Ўтган пайшанба куни Шимолий Корея илк маротаба расман мамлакат мудофааси ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш учун ядро қуроли яратганини маълум қилди. Шу билан бирга КХДР ҳукумати олти томонлама музокараларда иштирок этмаслигини, АҚШ билан тўғридан тўғри — икки томонлама музокаралар олиб боришга розилигини билдирган. Бунга жавобан, Америка ҳукумати Шимолий Кореянинг бу таклифини қондира олмаслигини, олти томонлама музокараларни яна қайта бошлаш лозимлигини таъкидлаган.
Оқ уй матбуот котиби Скотт Маклелан Шимолий Кореянинг ўзаро урушмаслик ҳақидаги шартномани имзолаш ва икки томонлама музокаралар олиб бориш ҳақидаги талабига жавобан, бу глобал муаммо фақат Америка ва Шимолий Кореяга тегишли бўлибгина қолмай, минтақавий муаммо бўлгани учун ҳам, Пхенян талаби қондирилмаслиги, икки томонлама музокаралар олиб бориш учун аввал олти томонлама музокараларни қайтадан бошлаш лозимлигини таъкидлади.

2003 йилнинг август ойида икки Корея, Япония, Хитой, Россия ва АҚШ давлатлари иштирокида Шимолий Кореянинг ядро дастури борасида уринишларни тўхтатиш масаласида олти томонлама музокаралар бошланганди. Аммо сентябр ойида ўтиши режалаштирилган ушбу музокараларнинг тўртинчи босқичи Шимолий Корея қатнашишдан бош тортганлиги сабабли охирига етмай қолганди.

Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирининг айтишича, КХДР олти томонлама музокараларда ўз манфаатларига хизмат қиладиган ҳеч қандай ҳаракат кузатилмагач, унда иштирок этишдан бош тортган.
Шимолий Корея дипломати Хан Сунг Рояль Жанубий Кореянинг «Ҳанкёреҳ» газетасига берган интервьюсида Пхенян АҚШ билан икки томонлама музокаралардан сўнггина кейингина олти томонлама музокаралар олиб боришга розилик бериши мумкинлигини айтган.

Буш маъмурияти эса 1994 йилда Клинтон маъмурияти томонидан йўл қўйилган хато қайтарилмаслигини айтган. Гап шундаки, ўшанда Билл Клинтон КХДР билан ядро дастурини тўхтатиш ҳақидаги шартномани имзолаганди. Аммо 2002 йилга келиб, Жорж Буш Шимолий Кореяни бу борада ҳаракатлар олиб бораётганликда ва шартномага амал қилмаётганликда айблаганди.

«Ҳуррият» газетасидан олинди.