Кувайт ўз мустақиллигининг 55 йиллигини нишонлади

Кувайт Давлати 25 февраль – Миллий байрамининг 55 йиллиги ҳамда 26 февраль – Озодлик санасининг 25 йиллигини нишонлади. Қўшалоқ байрам муносабати билан Кувайтда ҳамда дунё бўйлаб тантанали маросимлар ташкил этилди.

Жорий йил январда Кувайт Амири Шайх Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жобир ал-Cабоҳ мамлакат тахтига ўтирганига 10 йил тўлди. Кувайтликлар мазкур тарихий воқеани ҳам тантана қилмоқда.

Кувайт ахборот агентлиги (KUNA) хабарига кўра, миллий байрам муносабати билан мамлакат қуролли кучлари иштирокида анъанавий ҳарбий парад ўтказилган. Расмий тантаналар халқ сайлларига уланиб кетган. Ҳар йилгидек мамлакат бўйлаб мушакбозликлар уюштирилган.

Кувайтлик альпинистлар Миллий байрам муносабати билан Килиманжаро тоғи чўққисига – денгиз сатҳидан 5895 метр баландга мамлакат байроғини тикди.

Тарихдан маълумки, Кувайт 1899-1961 йилларда Буюк Британия протекторати остида бўлган. 1961 йилда эса мамлакат тўла мустақилликни қўлга киритган. Шу тариқа 25 февраль миллий байрам сифатида нишонланади.

1991 йилдан бошлаб эса 26 февраль Кувайт Озодлик куни сифатида байрам қилинади. Гап шундаки, бундан роппа-роса чорак аср муқаддам халқаро коалиция Ироқнинг етти ойлик босқинчилик урушига чек қўйиб, Кувайтни озод қилган эди.

Қўшалоқ байрам муносабати билан Тошкентда ҳам тантанали кеча уюштирилди. Кувайтнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 25 февраль куни International Hotel Tashkent меҳмонхонасида қабул маросими ташкил этди. Маросимда дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистон маданият, санъат ҳамда илм-фан намояндалари, фахрий меҳмонлар иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати номидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ҳамда савдо вазири Элёр Ғаниев қатнашди. Қабул маросимига Кувайтнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид Абдулла ал-Жийрон мезбонлик қилди.

Тошкентдаги қабул маросимида Кувайт миллий рақслари ижро этилди.

Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида 1994 йил июлда дипломатик муносабатлар ўрнатилган. 2001 йили Кувайт Ўзбекистонда, 2004 йили Ўзбекистон Кувайтда элчихона очган.

Икки мамлакат турли соҳаларда, жумладан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Президентининг 2004 йил январда Кувайтга, Кувайт Амирининг 2008 йил июлда мамлакатимизга ташрифи ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш имконини берди.

Араб иқтисодий ривожланиши Кувайт фонди 1997 йилдан бери Ўзбекистонда турли лойиҳаларга молиявий кўмак бериб келмоқда. Ҳозирга қадар Кувайт жамғармаси аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, транспорт инфраструктураси, энергетика, тиббиёт каби соҳалардаги лойиҳаларга 135 миллион АҚШ доллари ажратган.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмад Холид Абдулла ал-Жийрон 2015 йил 10 декабрда Ўзбекистон Президентига Кувайт Давлатининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишонч ёрлиғини топширган. Учрашув чоғи дипломат ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга бор билим ва тажрибасини ишга солажагини айтган. Тошкентга келгунга қадар элчи Аҳмад Холид Абдулла ал-Жийрон Кувайтнинг Жазоир, Баҳрайн, Тунис, Хитой каби мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида фаолият юритган.

Собир Салим