Кристофер Аллан: Буюк Британия Ўзбекистондаги ислоҳотларга кўмаклашади

Жорий йилда Буюк Британия элчихонаси Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодиёт, очиқлик ва жиноят-адлия тизимидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган лойиҳаларини молиялаштириш учун 500 минг АҚШ долларидан кўпроқ сармоя ажратади. Бу ҳақда 17 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан маълум қилган.

Буюк Британия ва Ўзбекистон дипломатик алоқаларининг 25 йиллигига бағишланган матбуот анжуманида элчи икки томонлама алоқаларнинг турли йўналишлари юзасидан мулоҳаза билдирган.

Дипломат Ўзбекистоннинг бизнес муҳитни яхшилаш, коррупцияга қарши кураш ва чет эл инвестициясини жалб қилиш йўлидаги интилишини ижобий қадам ўлароқ баҳолаган. Қайд этилишича, ҳукуматнинг онлайн портал ва бошқа механизмлар орқали аҳоли билан мулоқотни яхшилашга уринаётгани ижобий натижа бермоқда. Элчи Буюк Британия ушбу ислоҳотларга Ўзбекистон институтлари билан тажриба алмашиш ёки салоҳиятни оширишни молиялаштириш орқали ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2016 йилда Ўзбекистон ва Буюк Британия савдо айланмаси 151 миллион АҚШ долларига етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга қараганда 43 фоизга ўсган. Ўзбекистондан Буюк Британияга асосий экспорт маҳсулотлари қора металл ва пахта бўлди. Буюк Британиядан асосий импорт маҳсулотлари эса машинасозлик маҳсулотлари, ускуналар, кимёвий моддалар, фармацевтика ва истеъмол моллари ҳамда турли хизматларни ўз ичига олади.

Икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда турли даражадаги ташрифлар муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонга  2016 йил апрелда Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Тобиас Эллвуд, 2016 йил декабрда эса Ташқи ишлар вазири ўринбосари Алан Дункан ташриф буюрди. Сэр Алан Дункан Президент Шавкат Мирзиёевни қасамёд қабул қилинганидан сўнг юзма-юз қутлаган биринчи хорижий амалдор бўлди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2013 йил ноябрда Буюк Британияда бўлиб, музокаралар ўтказган. Буюк Британия элчиси ўз чиқишида А.Комиловни йил давомида яна Лондонда кутиб қолишларини билдирган.

Дипломат парламентлараро ҳамкорликка ҳам алоҳида тўхталган. 2010 йил августда Олий Мажлиснинг Буюк Британия парламенти билан ҳамкорлик гуруҳи ташкил этилган. 2010 йил сентябрда Олий Мажлис гуруҳи ҳамда Британия–Ўзбекистон умумпартия парламент гуруҳи ўртасида англашув меморандуми имзоланган. Икки томонлама делегациялар алмашуви чоғида кўплаб масалалар қатори инсон ҳуқуқлари вазияти ҳам муҳокама қилинмоқда.

Элчи Кристофер Аллан матбуот анжуманида Буюк Британия ва Ўзбекистон муносабатларида мудофаа соҳасининг ўрни муҳимлигини қайд этиб, Афғонистондаги ҳарбий операциянинг транзитини ташкил қилишда Ўзбекистон кўмаги учун миннатдорлик изҳор этган.

2017 йил 18 февраль куни Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлади. Манбаларга кўра, икки давлат ўртасида алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Қирол Генрих IV ва Амир Темур ўртасидаги 600 йил аввалги даврга оид ёзишмалар сақланиб қолган.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!