Константин Жгенти: “Грузин киноси кунлари дўстлигимизни янада мустаҳкамлайди”

Жорий йилнинг 18-20 декабрь кунлари Тошкентда Грузия киноси кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда 11 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Грузиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Жгенти маълум қилди.

“Ушбу маданий тадбир икки дўст халқ ўртасидаги маданий робитани янада кучайтириш мақсадида ташкил этилмоқда. Грузия ва Ўзбекистон азалдан яқин дўст, ишончли ҳамкор бўлиб келган. Афсуски, ўзаро алоқалар бироз сусайган вақтлар ҳам бўлди. Эндиликда ҳамкорлигимизни янада фаоллаштиришга интилмоқдамиз. Грузия киноси кунлари шу йўлдаги бир қадамдир. Намойиш учун Грузия кино усталари суратга олган турли жанр ва мавзудаги асарлар сараланди. Мазкур фильмлар нафақат Грузия кино санъати даражаси ҳақида, грузин халқининг ўзига хос тафаккури, яшаш тарзи хусусида ҳам тасаввур уйғотади. Ўзбекистонда грузин киносига айрича қизиқиш мавжудлиги, телеканаллар орқали фильмларимиз ўзбек тилида тез-тез намойиш этилаётгани мени мамнун этади. Грузия киноси кунлари давомида кўрсатиладиган фильмлар ҳам ўзбек томошабинига манзур бўлади деган умиддаман”, – деди Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Жгенти.

Матбуот анжуманида сўзлаган “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош дирекори вазифасини вақтинча бажарувчи Аҳмаджон Умаров ушбу тадбир маданий дипломатияни мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилажагини таъкидлади.

Қайд этилишича, тадбирда иштирок этиш учун юртимизга Грузиядан Баадур Цуладзе, Зураб Кипшидзе, Георгий Накашидзе, Гуджа Бурдули каби таниқли актёрлар ташриф буюради. 19 декабрь куни ўзбек ва грузин кинематографчилари иштирокида давра суҳбати ҳам уюштирилади.

Грузия киноси кунлари 18 декабрь куни соат 17:00да Республика киночилар уйида тантанали очилади. Шу куни Грузия кино санъати тарихига бағишланган фотокўргазма ҳам ташкил этилади.

Уч кун давомида Республика киночилар уйида грузин кино усталари суратга олган “Кето ва Коте”, “Биринчи қалдирғоч”, “Кузги қуёш”, “Верий мавзеси тароналари”, “Бедорлар қуёши”, “Якка овчи”, “Ошиқ ошпазнинг 1001 рецепти” каби бадиий ҳамда қисқа метражли фильмлар намойиш этилади.

Маданий тадбир Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан ташкил этилмоқда.

Собир Салим