Кофи Аннан ўн йиллиги

Кофи Аннанни айрим кузатувчилар БМТ халқаро нуфузи ва таъсир доирасини кескин тушириб юборишда ҳам айблашади. Бу айбловлар бежиз эмас. 1999 йили АҚШ ва НАТО ҳарбий кучлари БМТ рухсатисиз Югославия ҳудудида ҳарбий амалиётларни олиб борди.

БМТнинг еттинчи Бош котиби фаолияти якунланмоқда

Хабарингиз бор, БМТ Хавфсизлик Кенгаши янги Бош котиб номзодини тасдиқлади. Кутилгандек, ушбу юқори лавозимга Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Пан Ги Мун тасдиқланди. 2007 йилнинг 1 январьида Пан Ги Мун ўз вазифасини бажаришга киришиши билан ташкилот тарихидаги ўн йиллик Кофи Аннан раҳбарлигига якун ясалади.

Кофи Аннан 1939 йилнинг 8 апрелида Буюк Британия колонияси бўлган Гана давлатининг Кумаси шаҳрида дунёга келди. Аннаннинг отаси мамлакатдаги вилоятлардан бирининг губернатори (ҳокими) эди ва бу омил унинг келгуси фаолият йўналишини белгилашда ҳал қилувчи ўрин тутди.

Аннан дастлаб она шаҳри Кумасидаги техника университетида ўқиди. Дорилфунун таҳсилидан кейин АҚШга йўл олди. Омад излаб келган йигит океан орти давлатида миллионлаб одамлардан иборат ҳаёт оқимида йўқ бўлиб кетмаслик учун жиддий курашга киришди.

Бўлажак Бош котиб Америкадаги етакчи олийгоҳлардан бири Массачусетс техника институти магистратура босқичини тамомлади. Бу орада у Женевада жойлашган халқаро муаммоларни ўраганиш олий институтида ҳам таҳсил олди.

1962 йили 24 баҳорни қаршилаган Кофи Аннан илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти остонасига қадам қўйди. Дунёнинг манаман деган давлат ва сиёсатчилари ҳам ҳисоблашадиган бу номдор идора биринчи кунданоқ африкалик йигитни ўзига ром қилди ва у мана салкам ярим асрдирки, мазкур ташкилотда фаолият юритиб келмоқда. Дастлаб БМТнинг бюджет масалалари бошқармасида иш бошлаган Аннан тез орада Бош котибнинг махсус вазифалар бўйича ёрдамчиси вазифасига тайинланди.

1990 йил дунё миқёсида нотинч келди. Ироқ томонидан қўшни Кувайт давлатига бостириб кирилгани БМТ олдига зиддиятни бартараф этиш борасида жиддий вазифалар қўйди. Ана шу мураккаб ҳолатда ўша пайтдаги Бош котиб Бутрос Ғолийнинг ишончли вакили сифатида Кофи Аннан Ироққа келди ва Саддам Ҳусайн ҳукумати билан можарони бартараф этиш бўйича музокара олиб борди.

1995-96 йилларда Босния ва Гертсеговинада бўлиб ўтган фуқаролар урушининг совуқ нафаси ҳали ҳам ушбу мамлакат фуқаролари димоғидан кетмагани аниқ. Бу пайтга келиб Бош котибнинг ўринбосари лавозимига сайланган Аннан собиқ Югославия давлатида тинчлик ўрнатишга бош-қош бўлди.

Умуман, Кофи Аннан сиёсий фаолиятини кузатганда, бу каби залворли амалиётларни кўплаб учратиш мумкин. Шу сабаб ҳам, 1997 йили Бош котиб Бутрос Ғолий ваколат муддати тугаб, истеъфога чиққан пайтда кўпчилик давлат ва ҳукумат раҳбарларининг бир овоздан маъқуллаши билан Кофи Аннан БМТ раҳбарлигига сайланди. У халқаро ташкилот тарихидан еттинчи Бош котиб сифатида ўрин оладиган бўлди.

Ганалик дипломат Бош котиб сифатида иш фаолиятини «Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ислоҳ этиш» дастурини эълон қилишдан бошлади. Мазкур дастур халқаро ташкилотнинг вақт ўтиши билан эскирган иш тизимини янгилаш ва унинг халқаро майдондаги эътибор ҳамда нуфузини оширишни кўзда тутган эди. Айни пайтда Бош котиб томонидан ишлаб чиқилган ислоҳот дастури амалиётга татбиқ этилмоқда.

1998 йили Нигерия давлатида фуқаролар урушининг бартараф этилиши, 1999 йили қонга ботирилган Шарқий Тиморда тинчлик ўрнатилиши, 2000 йили Ливан ҳудудидан Исроил кучларининг олиб чиқиб кетилиши каби муҳим воқеалар ҳам айнан БМТнинг амалдаги раҳбари номи билан боғланади.

2001 йилнинг 29 июньида Кофи Аннан янги муддатга Бош котиб этиб қайта сайланди. Бу эса халқаро ташкилот етакчисига билдирилган ишонч ифодаси эди.

Очиғи, 2001 йили Кофи Аннанга тинчлик йўлидаги Нобел мукофоти топширилганда кўпчилик ҳайрон ҳам бўлмади. Чунки Аннан бу пайтга қадар БМТ раҳбари сифатида жаҳонда тинчликни мустаҳкамлаш ва бошқа глобал муаммоларни бартараф этиш борасида катта ишларни қилиб улгурган эди.

Дарвоқе, Кофи Аннанни айрим кузатувчилар БМТ халқаро нуфузи ва таъсир доирасини кескин тушириб юборишда ҳам айблашади. Бу айбловлар бежиз эмас. 1999 йили АҚШ ва НАТО ҳарбий кучлари БМТ рухсатисиз Югославия ҳудудида ҳарбий амалиётларни олиб борди. 2003 йили ана шу ҳолат Ироқдаги уруш мисолида яна такрорланди. Нуфузли халқаро ташкилот резолюциясисиз АҚШ Саддам Ҳусайн тузумини ағдариш шиори билан ҳозирга қадар давом этаётган ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Аннан етакчилигида БМТ бунга қарши ҳеч қандай чора кўрольмади…

2006 йилнинг 31 декабрьида Кофи Аннаннинг Бош котиблик ваколати якунланади. Сиёсий фаолияти тугагач, БМТ раҳбари оиласи билан ўз ватанига – Гана қишлоқларидан биридаги фермасига қайтмоқчи. Лекин бу билан халқаро ташкилот етакчиси сиёсатни буткул тарк этмоқчи эмас. Жаноб Аннан истеъфодан сўнг Африканинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича дастурларни амалга ошириш ниятида.

Хуллас, Бош котиблик курсисини тарк этиш ҳам 67 ёшли дипломатни дунё ташвишларидан узоқлаштирмайдиган кўринади.

Абдул Собир