Kitobim.uz сайти Android қурилмалари учун электрон китоблар сотишни йўлга қўйди

Kitobim.uz сайти Android қурилмалари учун электрон китоблар сотишни йўлга қўйди. Энди замонавий смартфонлар учун мўлжалланган Kitobim мобил иловаси орқали «Akademnashr» нашриётининг китоблари электрон версиясини сотиб олиш мумкин.

Дастурнинг янги версияда телефон орқали аъзо бўлиш имконияти киритилди. Аъзоликни тасдиқлаш учун СМС юборилади. Click, Mbank тизимлари орқали ҳисобни тўлдириш мумкин.

Мобил иловада “Кутубхона”, “Рукнлар”, “Мажмуалар”, “Муаллифлар”, “Машҳур китоблар” бўлимлари мавжуд. Китоб ва муаллиф номини қидирувга бериб, электрон китобни осонликча топиш мумкин.

Дастур орқали ўзбек тилидаги 51 та китобни сотиб олиш, 300 дан ортиқ китобни қулай ҳолатда бепул мутолаа қилиш, онлайн ва оффлайн режимда фойдаланиш имкони мавжуд.

Ушбу электрон китоб ўқиш қурилмасида китобларни қулай ўқиш учун қуйидаги афзалликлар жорий қилинган:
– Китоб саҳифаларни оҳиста чертиш ёки ёнга суриш орқали тез очиш мумкин.
– Кундузги ва тунги ўқиш функцияси мавжуд.
– Китоб шрифтини ўзгартириш мумкин.
– Шрифт ўлчамини мослаб олиш мумкин.
– Матнни катта ва кичиклаштириш мумкин.
– Навигация орқали китобнинг керакли жойини топиш мумкин.
– Мундарижа орқали китобнинг тегишли бўлимларига ўтиш мумкин.

2012 йилдан бери фаолият юритаётган Kitobim лойиҳаси ўзбек тилида замонавий қурилмалар учун электрон китобларни жамлаш ва китобхонларга қулай ўқиш имкониятини яратишни ўз олдига мақсад қўйган. Шунингдек, муаллифларга ўз ижод намуналарини қонуний асосда электрон тарзда тақдим этиш эвазига маълум даражада моддий манфаат олишларига кўмаклашиш, китобхонларга сифатли, қулай ва замонавий электрон китобларни сотиб олишлари учун ёрдам бериш ҳам лойиҳа маслакларидандир.

Дастурни қандай ўрнатиш, фойдаланиш ҳақида лойиҳа сайтида тўлиқ тушунтириш берилган. Kitobim’ни Google Play Marketдан ўрнатишингиз мумкин.