Кастамонуда 9-Турк дунёси адабий нашрлари конгресси бўлиб ўтди

17-19 апрель кунлари Туркиянинг Кастамону шаҳрида “9-Турк дунёси адабий нашрлари конгресси” бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Ироқ, Македония, Косово давлатларидан, Бошқирдистон, Татаристон, Гагаузия, Қрим ўлкаларидан 26 адабий нашр муҳаррирлари иштирок этди.

2018 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти дея эълон қилинган Кастамону мезбонлик қилган ушбу конгрессда турк дунёсининг ижодий нашрлари ҳамкорлиги, маданиятлар муштараклиги, ўзаро таништирув масалалари сўзлашилди.

Маросимда Евросиё Ёзувчилар уюшмасининг “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси 2017” мукофоти татар шоири Зиннур Мансурга тақдим этилди.  Шунингдек, буюк озарбайжон ёзувчиси Анорнинг 80 ёши муносабати билан унга “ТУРКСОЙ” медали берилди.

“Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” мукофоти 2011 йилдан бери туркий дунёнинг энг ҳурматли ва уста шоир-ёзувчиларига тақдим этилади. Бу мукофотга 2011 йили Али Оқбош (Туркия), 2012 йили Анор (Озарбайжон), 2013 йили Тўлен Абдик (Қозоғистон), 2014 йили Исмоил Бўзқурт (Кипр), 2015 йили Умар Султонов (Қирғизистон), 2016 йили Шукрулло (Ўзбекистон) сазовор бўлган.

“9-Турк дунёси адабий нашрлари конгресси” шўъбаларда давом этди. Бу конгрессда иккинчи бор Ziyouz адабий портали ҳам иштирок этди. Порталда амалга оширилаётган ишлар ва адабий ҳамкорлик ҳақида сайт муҳаррири Давронбек Тожиалиев маъруза қилди.

Конгресс сўнггида келгуси учрашувгача қилинажак ишлар белгилаб олинди: туркий тилли журналларнинг ўртоқ интернет базасини ташкил этиш; 2018 йилда “Турк дунёсида йилнинг адабиёт кишиси” сифатида грециялик турк шоири Раҳми Али эътироф этилиши таклифлари маъқулланди.