Журналистика соҳасида “Олтин қалам” ХI Миллий мукофоти танловига марҳамат!

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда миллий ва халқаро журналистиканинг энг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимлари фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш ҳамда журналистларда танқидий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш мақсадида “Олтин қалам” ХI Миллий мукофоти учун халқаро танловни ўтказади.
3-май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган бу танловга 2015 йилнинг 31 мартидан 2016 йилнинг 31 мартигача – бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар 2016 йилнинг 10 апрелигача қабул қилинади.

Танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилган:

Журналистика соҳасида бош миллий мукофот.
Ғолиб махсус диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва Ўзбекицон Республикасида белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Асосий мукофотлар:

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение – 1-, 2-, 3-ўринлар);
Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (радио – 1-, 2-, 3-ўринлар);
Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (босма ОАВ – 1-, 2-, 3-ўринлар);
Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (интернет-журналистика – 1-, 2-, 3-ўринлар).
Биринчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 160 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Иккинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 140 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Учинчи ўринни олган ғолиблар диплом, “Олтин қалам” кўкрак нишони, статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 120 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.

Рағбатлантирувчи мукофотлар учун номинациялар:

– энг яхши фоторепортаж;
– энг яхши матбуот хизмати.

Мазкур номинациялар ғолиблари диплом, “Олтин қалам” статуэткаси ва энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланадилар.
“Олтин қалам” танлови ғолибларини мукофотлаш, шунингдек, уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа инситутларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида амалга оширилади.

Шунингдек, танловда республикамиздаги бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари қуйидаги рағбатлантирувчи номинацияларда ўз мукофотларини таъсис этганлар:

1. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси – “Оммавий ахборот воситаларида хотин-қизлар фаолияти ёритилган энг яхши материаллар учун”.
2. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши – 2 та номинация:
а) “Соғлом она ва бола йили” мавзуидаги энг яхши материал учун”.
б) “Ижтимоий шериклик мавзуидаги энг яхши материал учун”.
3. Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди – 2 та номинация:
а) “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижросини кенг ва самарали ёритгани учун”.
б) “Энг яхши таҳлилий-танқидий материал учун”.
4. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси – “Орол денгизи ҳудудининг барқарор ривожланишида хотин-қизларнинг роли”.
5. БМТнинг Ахборот офиси – “Энг яхши ёшлар интернет нашри”
6. “Ҳудудий мулоқот” (Словения) – “Қонун устуворлиги ёритилган энг яхши материаллар учун”.
7. ЮСАИДнинг Ўзбекистонда сил касаллигига қарши кураш бўйича дастури – “Сил касаллигига қарши кураш масалалари ёритилган энг яхши материаллар учун”.
8. Германия Халқ университетлари DVV International халқаро асоциациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси – “Катталарни ўқитиш ва таълим бериш соҳасида ОАВдаги энг яхши материал учун”.

Танлов шартлари:

Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда интернет нашрларида эълон қилинган ишлар тақдим этилади (5 тадан кам бўлмаслиги керак).
Телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи воситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 3 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.
Радиоэшиттиришлар (CD, DVD дискда) 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак.
Матбуот ва интернет материаллари асл нусхада ёки кўчирма нусхада тақдим этилиши лозим.

Танловга юборилган материалларга қуйидагилар илова қилиниши лозим:
Муаллиф ҳақида маълумотнома (объективка);
муаллифнинг турар жойи, уй ва иш телефонлари;
паспорт нусхаси.

Танлов ғолибларини тантанали мукофотлаш маросими 2016 йил 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни “Туркистон” саройида ўтказилади.
Мукофот бир шахсга такроран берилмайди.

Материаллар “Олтин қалам” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:
100129, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, 3-қават.
Телефонлар: 244-64-61; 244-37-87
www.journalist.uz