“Jajji akademik” журналининг тақдимот маросими бўлиб ўтди

Тошкент шаҳридаги “NEXT” савдо-кўнгилочар мажмуасининг “Фанлао лабораторияси”да “Jajji akademik” болалар илмий-интеллектуал журналининг тақдимот маросими ўтказилди. Унда журнал жамоаси, болалар адабиёти ва санъатининг намоёндалари Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, Шермат Ёрматов ва бошқалар иштирок этди.

“IRFON NASHR” МЧЖ муассислигида чоп этилувчи ушбу рангли-безакли журналнинг шаклий-мундарижавий асосини ёш авлодни замон билан ҳамнафас тарзда маънан етук, ақлан баркамол ва билимдон қилиб тарбиялашга қаратилган ранг-баранг ҳамда қизиқарли материаллар ташкил этади. Жажжи журналхон интеллектуал савияни оширишга йўналтирилган турли қизиқарли мақолалар, хабарлар, замонавий эртаклар, шеърлар, совринли танловлар билан мунтазам танишиб бориш имконига эга бўлади.

Журналнинг мундарижавий ўзига хосликлари сифатида эса қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:

– соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда таёрланган, болаларнинг инглиз тили, рус тили каби чет тилларини ўрганишига йўналтирилган махсус саҳифалар;

– Ватанимиз ва дунё миқёсида турли соҳаларда кўплаб ютуқларни қўлга киритган вундеркинд болалар билан яқиндан таништириб борувчи материаллар;

– ривожланган хорижий давлатлар таълим тизими ҳақида чет элда ўқиб, таълим олаётган болалар тилидан таассуротлар;

– ота-боболаримиздан мерос қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳини тарбиялашга қаратилган махсус саҳифалар;

– тараққиёт ютуқлари билан яқиндан таништиришга йўналтирилган замонавий эртаклар;

– замонавий болаларнинг хоҳиш-истаклари, орзу-умидлари ифодаланган турли сўровномалар;

– жаҳон ва ўзбек болалар адабиёти дурдоналари билан таништириб, маънавий камолотга муҳаббат уйғотувчи мақолалар;

– бола кундалик ҳаёти билан боғлиқ бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод-фабрикалардан жонли материаллар;

– турли кутубхоналар, маънавият-маърифат марказлари билан ҳамкорликда тайёрланган мақолалар.

“Jajji akademik” журнали миллий қадриятлар асосида улғайиб замонавий илм чўққиларини забт этишга бел боғлаган маънан етук, ақлан баркамол ёш авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифага ҳар томонлама ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.