Жаҳонни ўйлантираётган жумбоқ

Ёки халқаро молиявий инқироздан чиқиш йўли борми?

Бугун дунё иқтисодиёти жидди й имтиҳон даврини бошдан кечирмоқда. Синов кўлами ва мураккаблиги шу қадарки, халқаро молия бозори Иккинчи жаҳон урушидан кейин бундай оғир ҳолатга тушмаганди. Бунга эса айни пайтда жуда кўп ва хўб муҳокама этилаётган жаҳон молиявий инқирози сабаб бўлмоқда.

Халқаро инқироз АҚШда катта миқдордаги ипотека кредитларининг ўз вақтида қайтарилмаслигидан келиб чиқди. Уй-жой кредитлари бериш билан шуғулланувчи агентлик ва ташкилотларнинг бозорни тўла ўрганмасдан, иқтисодий талабларни инобатга олмасдан ҳаракат қилгани оқибатида улкан миқдорда камомад юзага келди. Имтиёзли кредит эвазига уй-жой харид қилган минглаб шахсларнинг пулларни ўз вақтида қайтара олмагани натижасида молия ташкилотлари улкан йўқотишга учради.

АҚШда Фанние Маэ ва Фреддие Маc деб номланган икки йирик ипотека агентлиги мавжуд. Айни шу икки ташкилотнинг банкрот ҳолатига яқин келиб қолгани жаҳон молиявий инқирозини бошлаб берди дейиш мумкин. Молия гигантларининг жиддий талафот кўриши бозорни издан чиқариб юборди. Савдоларда акциялар баҳоси кескин тушиб кетди, уй-жой нархи пасайди.

Икки агентликнинг Америка ва жаҳон бозорида қанчалик таъсирга эга эканини тасаввур қилиш учун биргина рақамни келтириш кифоя: зикр этилган ипотека ташкилотлари халқаро миқёсда 5,3 триллион долларлик кредитларга кафолат беради. Табиийки, ана шундай молиявий қудратга эга агентликларнинг инқирозга учраши қандай натижаларига олиб келишини тасаввур қилиш мумкин…

Шу тариқа жаҳон ишлаб чиқаришининг эллик фоизига эгалик қилаётган ва молиявий пойтахт вазифасини бажараётган давлатдаги ҳолат тез муддатда бутун дунё иқтисодиётини мувозанатдан чиқарди. Молиявий инқироз дастлаб халқаро бозорнинг фаол «ўйинчилари» – тараққий этган давлатлар, кейин эса иқтисодиёти хориж капиталига боғлиқ бўлган ривожланаётган давлатларни ўз домига тортди.

Америкада бошланган инқирознинг бундай тез муддатда тарқашига бир томондан дунё давлатларининг ишлаб чиқариши кўп жиҳатдан океан орти давлати билан чамбарчас боғлиқ экани сабаб бўлди. Иккинчи томондан, сайёрамиздаги деярли барча давлатларнинг Америка долларига муқобил валюта захирасига эга экани муаммони янада чуқурлаштирди.

Сўнгги иқтисодий талафотлар оқибатида Буюк Британия, Германия, АҚШ, Испания, Италия каби ривожланган давлатларнинг ялпи ишлаб чиқариши даражаси 2001 йилдан бери биринчи марта пасайди. «Осиё йўлбарслари» – Япония, Цингапур ва Гонгконг иқтисодиёти эса ретсессия, яъни иқтисодий тушкунлик босқичига кирди.

Дунёнинг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлишга ҳаракат қилаётган Россия молиявий инқироз туфайли 10-15 миллиард доллар маблағ йўқотди. «Қора олтин»нинг тобора тушиб бораётгани (Россия федерал бюджетининг ярмини энергия ресурслари экспортидан тушаётган маблағ ташкил этади), катта миқдордаги хориж сармоясининг чиқиб кетаётгани Кремлни жиддий чоралар кўришга ундамоқда.

Сўнгги йилларда шиддатли ўсиш кўрсаткичлари билан ҳаммани ўзига ром этаётган Хитойдаги ҳолат хусусида. Кўпчилик молиявий инқироз қўл келиб, Хитой дунё молия пойтахти бўлиш учун имкониятга эга бўлади деган фикрда эди. Бироқ сўнгги таҳлиллар инқироз Чин мамлакатида ҳам тузуккина из қолдираётганини кўрсатмоқда. Сўнгги уч ой ичида мамлакат ялпи ишлаб чиқариш даражаси деярли уч фоизга қисқарган. Ғарбда истеъмол қобилиятининг пасайиши туфайли Хитойнинг бозори чаққон молларига ҳам талаб сусайган.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси ривожланган давлатлар яқин беш йилда ана шундай мураккаб ҳолатдан чиқа олмаслигини маълум қилган. Бундай хавотирлар эса акция бозорларида қимматли қоғозлар баҳосининг тобора тушиб боришига олиб келмоқда. Масалан, ўтган ҳафта Ню-Ёркдаги Доw Жонес акциялари индекси сўнгги беш йил мобайнидаги энг паст нуқтага тушди. Япониянинг Никкеи индекси пасайиши қарийб 7 фоизни ташкил этган, Гонгконг акцияларининг арзонлашиши 4 фоиздан зиёд бўлди. Лондон биржасининг ФТСE кўрсаткичи бўйича ҳам 1,6 % пасайиш кузатилди. Германия ва Франциядаги акция бозорлари ҳам ижобий ҳолатда эмас.

Стратегик энергия ресурси саналган нефтьнинг бир баррели 50 долларга тушиб кетди. Бу ҳолат яқин йилларда нефть баҳоси 200 долларга қадар кўтарилади деган башоратларга ишониб юрган давлатларни деярли саросима ҳолатига солиб қўйди.

Ой якунлари ҳам иқтисодий инқироз чуқурлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Америкадаги йирик банк ва молия ташкилотлари ҳамон ошиб бораётган молиявий зарарларни ҳисоблаш билан банд. Сўнгги уч ой ичида Wачовиа банки 23,89 миллиард, Меррилл Лйнч 5,15 миллиард доллар зарар кўрди. 3,9 миллиард доллар маблағидан айрилган Леҳман Бротҳерс банки эса банкрот бўлиб улгурди.

Молия ташкилотлари айни пайтда оғир иқтисодий ҳолатдан чиқиш учун иш ўринларини қисқартирмоқда. Ҳозиргача дунёнинг йирик банкларида 160 минг иш ўрни тугатилди, бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Йил охирига бориб ишидан айрилган банк мутахассислари сони 200 мингдан ошиши кутилаётир. Дейлик, халқаро миқёсда танилган Cитигроуп банки бирданига 74 мингга яқин ходими билан хайрлашишга мажбур бўлди. Голдман Сачс банки эса 12 минг ходим хизматидан воз кечди. Молиявий инқироз шароитида ишдан бўшатилган ходимларга товон пули (компенсация) ҳам камдан кам ҳолатда тўланаётир. Иш ҳақининг камайиши, мукофот пулларининг бекор қилиниши эса одатий ҳолга айланиб улгурди. Бироқ етакчи таҳлилчилар таъкидлаётганидек, иш ўринларини қисқартириш билан муаммони ечиш амри маҳол. Негаки, ушбу мажбурий чоралар билан миллионлаб доллар тежалиши мумкин, холос. Иқтисодий йўқотиш эса миллиардларни ташкил этади.

Хўш, мазкур оғир иқтисодий вазиятдан чиқишнинг оқилона ва самарали йўли борми?

Айни пайтда дунё миқёсида молиявий инқироздан чиқиш учун ҳукуматлар томонидан катта миқдорда маблағ ажратилмоқда. Масалан, инқироз «ватани» Америкада давлат томонидан шу мақсадда 700 миллиард доллар маблағ ажратилди. Мамлакат молия вазири номи билан аталаётган «Полсон режаси»га кўра, ушбу маблағ инқирозга учраётган банк ва молия ташкилотлари зарарларини қоплаш ва шу орқали муаммонинг чуқурлашиб кетиши олдини олиш учун сарфланади. Аниқроқ айтганда, давлат бу ўринда кўрилган зарарларни ўз зиммасига олиш орқали молия ташкилотлари фаолиятини назорат қилишга уринмоқда. Европа Иттифоқи давлатлари ҳам АҚШ каби молия идоралари зарарларини қоплаш учун маблағ ажратмоқда.

Соҳа мутахассислари, сиёсатдонлар инқироздан чиқиш борасида турли таклиф-мулоҳазаларни кўриб чиқмоқда. Кўпчилик ушбу вазиятда молия ташкилотлари фаолияти бўйича назорат ва кузатувни кучайтириш кераклигини ёқлаб чиқмоқда.

15 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида ўтган катта йигирмалик давлатлари (Г20) мажлисида ҳам молиявий амалиётларни назорат қилишни такомиллаштириш учун миллий тизимлар устидан қўшимча халқаро ҳайъатлар ташкил этиш ғояси муҳокама этилди. Аксарият сиёсатдонлар халқаро назоратни кучайтириш инқирозни тўхтатиш учун самарали восита бўлишига ишонч билдирмоқдалар. Шу билан бирга мазкур таклифга мутлақо қарши бўлган гуруҳлар ҳам мавжуд. Улар молиявий тизимни назорат қилишга уриниш асрлар давомида шаклланган эркин иқтисодий муносабатларга зид деган фикрдалар. АҚШ пойтахтида ўтган мазкур йиғинда молия вазирларига инқирозни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар механизмини ишлаб чиқиш ҳам топширилган. Хуллас, иқтисодий қудратда етакчи бўлган йигирма давлат ўзаро машварат қилиб ҳам ҳозирча инқирозни батамом бартараф этиш борасида жўяли чора топа олганича йўқ. Ҳар бир давлат ўз имконияти доирасида кўраётган тадбирлар эса ушбу глобал муаммони ечиш учун етарли эмас.

Дарвоқе, халқаро молия бозорида ўз ўрнига эга бўлган мутахассислар молиявий инқироз ҳали тўхтамагани, яна бир йилга яқин давом этиши мумкинлигини айтмоқдалар. Бу эса муаммо ечими борасида тезроқ ва самаралироқ ҳаракат қилишни тақозо этади.

Собиржон Ёқубов