Жаҳон банки президенти Пол Вулфовиц мансабини суиистеъмол қилгани учун истеъфога чиқадиган бўлди

Дунёга таниқли бўлган арбоблар, сиёсатдонлар, раҳбарларга ҳам қийин: юрган ҳар қадами жамоатчилик назарида. Тиниб-тинчимас ва шов-шувга ўч Ғарб журналистларинику айтмаса ҳам бўлади: машҳур зотлар оёқдан тойиб, бирор хатога йўл қўярмикин деган илинжда уларни нигоҳ узмай кузатишади. Агар озгина эътиборсизликка йўл қўйилдими, тамом, юксак поғоналарни забт этган арбобларни зумда ерга тушириб қўйишади. Айниқса, аёллар билан боғлиқ муносабатда ҳушёр бўлмаган раҳбар узоққа бориши даргумон…

Пол Вулфовитс Жаҳон банки президенти сифатида халқаро майдонда ном қозонган обрўли шахс­лардан бири эди. Бироқ маиший ҳаётга дахлдор можаролар ана шундай нуфузли арбобни ҳам синдирди, баланд обрўсини паст қилди.

Агар бундан икки-уч йил олдин кимдир АҚШ мудофаа вазири ўринбосари лавозимида хизмат қилган Пол Вулфовитс биргина аёлнинг ортидан ишдан кетади деса, катта сиёсатга тиши ўтадиган одам бу гапга шунчаки бўлмағур тахмин сифатида эътибор бермасди ҳам. Нега деганда, бир неча йил олдин Пентагон раҳбарининг ўринбосари лавозимида хизмат қилган Пол Вулфовитс АҚШ мудофаа сиёсатининг асосчиларидан бири сифатида жуда катта ишончга сазовор бўлган эди. Қолаверса, Ироқ уруши каби жуда жиддий амалиёт ташаббускорларидан бири бўлган арбобдан маъшуқасини деб (турмуш ўртоғи эмас!) мансабини суиистеъмол қилишдек енгилтакликни ҳеч ким кутмаcди. Бироқ кутилмаган воқеаларга бой халқаро сиёсатда бундай можаролар кунда-кунора рўй бериб туради.

Аввало, можаро қаҳрамон ҳақида икки оғиз маълумот. Ҳозирча Жаҳон банки президенти бўлиб турган Пол Дандес Вулфовитс 1943 йилнинг 22 декабрьида Ню-Ёрк шаҳрида поляк яҳудийси оиласида туғилган. 1965 йили АҚШдаги Корнелл университетини математика мутахассислиги бўйича тугатган. Университетда ўқиб юрган пайтларида Вулфовитс математиканинг мураккаб масалаларидан кўра сиёсатнинг нозик алдовларига кўпроқ қизиқди. Бу қизиқиш уни Чикаго университети политология факультетига етаклади. Бўлажак арбоб шу университетда дастлаб магистрлик, кейинроқ докторлик илмий даражасини олди. 30 ёшидаёқ сиёсатшунослик доктори бўлган йигитнинг келажаги порлоқ эканини кўпчилик башорат қилганди. Пол Вулфовитс иш фаолияти давомида ана шу башоратларни рўёбга чиқаришга интилди.

Бир неча йил давомида АҚШ ҳукуматининг турли идораларида хизмат қилган поляк муҳожири фарзанди 1989 йили мамлакат мудофаа вазирининг стратегик масалалар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Форс кўрфазидаги ҳарбий амалиётлар, хусусан, биринчи Ироқ уруши режасини ишлаб чиқишда қатнашди.

Вақтлар ўтиши билан Қўшма Штатлар мудофаа соҳасининг етакчи раҳбарларидан бирига айланган Пол Вулфовитс Пентагоннинг замонавий стратегиясини тайёрлашга бош-қош бўлди. Бир замонлар катта Жорж Буш маъмуриятида хизмат қилган арбоб кейинроқ унинг ўғли давлат бошлиғи бўлишига ҳам катта ҳисса қўшди. 2000 йилги президентлик сайловида ғалаба қозонган кичик Жорж Бушнинг ташқи сиёсат стратегиясини ишлаб чиқиш ҳам Кондализа Райс ва Доналд Рамсфелд билан бирга Пол Вулфовитс чекига тушди.

2001 йили иккинчи бора мудофаа вазирининг ўринбосари лавозимида тайинланган Пол Вулфовиц Американинг бутун дунё­га ёйилган аксилтеррор амалиёти ғоявий «ота»ларидан бирига айланди. Вулфовицни арбоб сифатида омади чопганлар қаторига қўшиш мумкин. Ироқ уруши туфайли халқаро ҳамжамият ва Америка халқининг норозилиги кучайган пайтларда Пентагон раҳбарининг ўринбосари ўлароқ у ҳам «шеф»и Доналд Рамсфелд каби лавозимдан кетиши кутилганди. Бироқ бир сакраб очиқ сиёсатдан яширин сиёсатга ўтди: 2005 йилнинг 31 мартида Жаҳон банки президентлигига сайланди. Албатта, бу тайинловда Вулфовитснинг амалдаги ҳукумат учун қилган хизматлари асосий ўрин тутганини айтиб ўтиш шарт эмас.

Табиатан кескин ва шов-шувли чиқишларга ўч Вулфовиц Жаҳон банки президенти сифатида иш бошлаган илк пайтларданоқ коррупцияга қарши аёвсиз кураш эълон қилди ва айни шу жиноятга алоқадорликда гумон қилинган ҳукуматларни молиявий кўмакдан маҳрум қилди. Бироқ, не ажабки, коррупцияга қарши уруш эълон қилган раҳбарнинг ўзи охир-оқибат мазкур айблов билан ишдан кетадиган бўлиб турибди.

Пол Вулфовицнинг ихтиёрий-мажбурий равишда истеъфога чиқаётгани сабаби қуйидагича. Маълум бўлишича, Жаҳон банки раҳбари кўп вақтдан бери асли араб миллатига мансуб бўлган ва айнан шу муассасада ишлайдиган Шаха Али Риза исм­ли аёл билан никоҳсиз муносабатда бўлиб келган (оилавий келишмовчиликлар туфайли 2002 йили хотини Клер Селгин билан ажрашган Вулфовитснинг биринчи никоҳидан икки қиз ва бир ўғли ҳам бор). У Жаҳон банки президент­лигига ўтганидан кейин банк ахлоқ кенгашининг маслаҳати билан Шаха Али Риза бошқа ишга – Давлат департементига ўтказилди (раҳбар ва бўйсунувчи ўртасида ишқий муносабатларнинг бўлиши Жаҳон банки қоидаларига тўғри келмас эди). Албатта, Ғарб жамияти учун раҳбарнинг никоҳсиз ишқий муносабат ўрнатиши одатий ва оддий ҳол. Шу боис ҳам Жаҳон банки раҳбарининг шахсий ҳаётига кўпда эътибор беришмади. Бироқ кейинроқ Пол Вулфовитс юқори лавозимидан фойдаланиб маъшуқасига белгиланган меъёрдан ҳам баланд тарифда ойлик маош тайинлагани маълум бўлди. Гарчи Давлат департаментида ишласада, Жаҳон банки штатига бириктирилган Шаха Али Риза оз эмас 193590 доллар йиллик иш ҳақи олиб келган. Энг қизиғи, эркатой хонимнинг маоши Давлат департаменти раҳбари Кондолиза Райснинг ойлигидан ҳам кўпайиб кетган. Боз устига, Шаха Али Риза норасмий хўжасининг қўллови билан тез орада юқори мансабга ҳам тайинланган.

Агар Пол Вулфовицнинг ҳотамтойлиги билан боғлиқ бу ҳолат жамоатчиликка маълум бўлиб қолмаганда, ёпиқлиқ қозон ёпиқлиғича қолган ва Жаҳон банки раҳбари ҳам ўз курсисида хотиржам ўтирган бўлармиди… Бироқ оммавий ахборот воситалари орқали ноғора чалиб жар солингандан кейин (Жаҳон банки каби нуфузли идоранинг президенти нега шахсий манфаати йўлида мансабидан фойдаланади?) халқаро молия муассасаси директорлар кенгаши томонидан махсус текширув комиссияси тузилди. 24 кишилик аъзолардан ташкил топган комиссия (табиийки, уларнинг ҳар бири энг камида директор мақомидаги шахс) бир ойдан ошиққа чўзилган текширувлардан кейин Пол Вулфовитсни Жаҳон банкининг ахлоқий тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган деб топди.

Тўғриси, президентнинг ўзи дастлаб илгари сурилаётган барча айбловларни қатъиян рад этди. Бироқ ҳамма-ҳаммаси исботлаб берилганидан ке­йин айбини бўйнига олди, қанчалик қийин бўлмасин, ўз ихтиёри билан 2007 йилнинг 30 июньидан истеъфога чиқишини ҳам маълум қилди.

Шу тариқа Жаҳон банки президенти катта сиёсатга айланиб кетган кичик маиший масала туфайли лавозимидан кетадиган бўлди. Банк директорлар кенгаши эса ҳозирданоқ янги номзодларни қидиришга тушиб кетди.

Собиржон ЁҚУБОВwww.hurriyat.uz