Истиқлол марши: Туркиянинг озодлик қўшиғи

12 март куни Туркия Республикаси миллий мадҳияси – Истиқлол марши қабул қилинганига 96 йил тўлди. Атоқли турк шоири Меҳмет Акиф Эрсой қаламига мансуб мадҳия матни 1921 йил 12 март куни Туркия парламенти – Буюк Миллат Мажлиси томонидан маъқулланган эди.

Ўтган асрнинг 20-йиллари бошида Туркия таҳликали кунларни бошдан кечираётган эди. Бир неча аср давомида дунёни сўраган қудратли давлат заминига ажнабий мустабидлар қадами етиб, мамлакат парчаланиш хавфи остида қолган эди. Турк ватанпарварлари эса миллий озодлик ҳаракати олиб борарди. Ана шундай долғали даврда яратилган Истиқлол марши халқнинг синаёзган ғурурини яна тиклаб, кўп миллионли миллатни ягона байроқ остида бирлаштиришга хизмат қилди.

“Миллат сифатида Истиқлол марши каби шеър соҳиби бўлганимиз учун ҳар қанча ғурурлансак, ҳар қанча шукр этсак оз”, – дейди Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Twitter тармоғидаги расмий саҳифасида 12 март санаси муносабати билан.

Туркия етакчисига кўра, Истиқлол марши бугун ҳам қўлида байроқ тутган, қалбида такбирни такрорлаган турк ватандошларини бир тану бир жон этишга кўмак беради.

Туркия миллий мадҳияси ёзилганига салкам бир аср бўлди. Ўтган давр мобайнида мамлакатда давлат ва ҳукумат раҳбарлари неча бор ўзгарди, аммо Истиқлол марши ҳамон миллат ғурури тимсоли сифатида баралла янграмоқда.

Мадҳиянинг ёзилиш тарихи ҳам қизиқ. 1921 йили Туркия Маориф вазирлиги миллий мадҳия матни бўйича шоирлар ўртасида танлов эълон қилади. Ғолибга эса 500 лира мукофот ваъда қилинади. Танловда юзлаб қаламкаш иштирок этади, аммо улар орасида миллат мадҳияси муаллифи бўлишга лойиқ ижодкор йўқ эди. Ниҳоят, ҳаммаслакларининг илтимосига кўра, шоир Меҳмет Акиф Эрсой  ҳам танлов ҳайъатига бугун давлат мадҳияси сифатида куйланадиган шеър матнини юборади. Ҳар жиҳатдан тўкис ёзилган шеър ғолиб деб топилади. Манбаларда ёзилишича, миллатпарвар шоир “Миллатимга муҳаббат рамзи ўлароқ ёзган шеъримга мукофот тама қилсам, мен қандай шоир бўлдим?! Ватан мадҳияси сотилмайди-ку!” дея шеър учун ваъда қилинган 500 лира мукофотни рад этади. Ўшанда шоир “Аллоҳ бу миллатга иккинчи бор Истиқлол мадҳияси ёзишни раво кўрмасин!” дея мамлакат озодлиги абадий бўлишини тилаган эди.

Меҳмет Акиф Эрсойнинг (1873–1936) отаси Меҳмет Тоҳир асли албан миллатига мансуб мударрис, онаси эса бухоролик ўзбекларнинг қизи Омина Шариф хоним эди. Мутафаккир Сезаи Каракоч “Ота қавми румелик, она қавми бухоролик, таваллуд топган маскани эса Истанбулнинг Фотиҳидир” деганда айни шу тарихий ҳақиқатни назарда тутган.

Меҳмет Акиф Эрсой нафақат қилқалам шоир, атоқли арбоб, билимдон муаллим, истеъдодли воиз ва Қуръони каримнинг моҳир  таржимони сифатида ҳам тарихга кирган.

“У дорилфунун профессори сифатида адабиёт факультетида дарс берган. Араб, форс ва француз тилларини мукаммал билган бу зот ислом илмларини пухта ўзлаштирган олим ҳам эди. У “Сироти мустақим” журналида эълон қилган мақолалари орқали халққа маърифат нурини ёйди. Айтишларича, Онадўли бўйлаб сафар қилган кезлари ҳамёнида бор-йўғи 36 куруш қолган экан. У ана шундай турфа синовларда тобланган чинакам инсон эди”, – дея шоирга таъриф беради Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Меҳмет Акиф Эрсой бугун ҳам Туркияда ижоди кенг тадқиқ этилаётган, фикрлари сиёсат, фикр ва ижод аҳли томонидан кўп бора тилга олинадиган шоирлар сирасига киради.

“Миллат ўзаро аҳил ва жипс бўлса, уни бирор босқинчи енголмайди”, – деган эди шоир бундан салкам бир аср аввал. Бизнингча, Туркия давлати турли синовларга юзма-юз бўлаётган бугунги даврда ушбу ҳикматнинг аҳамияти янада ортган.

 С.Салим