Илҳом Алиев: Тоғли Қорабоғдаги “референдум” қонунга зид!

20 февраль куни айирмачилар Тоғли Қорабоғда “референдум” ўтказишни режалаштирган. Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувда мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Озарбойжон етакчисига кўра, тан олинмаган “Тоғли Қорабоғ республикаси конституциясига ўзгартириш киритиш”га қаратилган “референдум” қонунга зид саналади. Шу боис ҳам бир қатор халқаро ташкилотлар бунга норозилик билдирган.

Айирмачилар режасига кўра, “референдум”да тан олинмаган “Тоғли Қорабоғ республикаси” номи “Арцах республикаси” тарзида ўзгартирилади. Бундан ташқари, “ярим президентлик” бошқаруви “супер президентлик”ка алиштирилиши режалаштирилган.

2016 йил апрель воқеаларидан кейин тан олинмаган “Тоғли Қорабоғ республикаси” мудофаа тизимида заифликлар кўзга ташлангач, айирмачилар конституциявий ислоҳотлар ҳақида гапира бошлади. Ҳолбуки, 2006 йилда қабул қилинган “конституция” “Тоғли Қорабоғ республикаси”нинг “суверен, демократик ва ҳуқуқий давлат” сифатида ривожланишига хизмат қилгани даъво қилинган эди. Эндиликда тан олинмаган “республика” вакиллари “референдум” орқали бошқарувни такомиллаштириш, суверенитетни мустаҳкамлаш режасини эълон қилди.

Таҳлилчиларга кўра, Арманистонда ҳам, Тоғли Қорабоғда ҳам урушга ҳозирлик кўрилмоқда. “Конституция”га ўзгартириш киритиш бўйича “референдум” ортида ҳам айни шу мақсад ётибди.

Президент Илҳом Алиев Мюнхенда Қорабоғ можароси беқарорлик манбаи бўлиб қолаётгани, вазият назоратдан чиққудек бўлса, минтақадаги барча давлатлар жабр кўришини таъкидлади. “Президентлик бошқаруви” хусусидаги “референдум” эса айнан барқарорликка қарши қаратилган ҳаракатдир.

“Референдум”дан кўзланган мақсад нима? Арманистон музокарага олиб борувчи сўнгги кўприкларни ҳам ёқиб юбормоқда ва Озарбойжонни муносиб тарзда куч билан жавоб қайтаришга ундамоқда. “Конституциявий референдум” деб аталган воқеадан кўзланган мақсад азалдан Озарбойжонга тегишли бўлган ҳудуднинг жуғрофий номини ўзгартириш, яъни тарихий ворисийликга хиёнат қилишдир. Мазкур ҳудуд низоли экани ёдга олинса, бу билан ҳарбий зиддиятни янада таранглаштириш ва ихтилофни тинч йўл билан ҳал этишни йўққа чиқариш кўзлангани аёнлашади”, – деб ёзади Озарбойжон матбуоти.

Қорабоғ номининг ўзгартирилиши эса ҳарбий вазиятни баттар мураккаблаштиради ва тинчлик йўлидаги музокараларни имконсиз ишга айлантиради.

Озарбойжон матбуотининг ёзишича, Арманистон раҳбари С.Саргсян очиқ-ошкора равишда расмий Бокуни ҳарбий чораларлар кўришга мажбурламоқда. Бундан кўзланган яна бир мақсад Арманистон раҳбариятининг аҳоли эътиборини мамлакатдаги ижтимоий муаммолардан чалғитиб, Тоғли Қорабоғ можароси билан андармон қилиш ҳамдир.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим

Шу мавзудаги мақола:

Илҳом Алиев: “Тоғли Қорабоғ мустақиллигига асло йўл қўйилмайди”. 24.01.2017