Ҳусайн Қулиев: Мустақиллик куни – Озарбойжон ҳаётида муҳим сана

Ўзбекистон ва Озарбойжон дўстлиги бир неча асрлик тарихга эга. Тили, маданияти ва қадриятлари уйғун бўлган икки мамлакат XXI асрда ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Озарбойжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Қулиев билан суҳбат шу ҳақда бўлди.

– Элчи жаноблари, 18 октябрь Озарбойжон Мустақиллик кунини байрам қилади. Ушбу cана халқингиз учун қанчалик қадрли?

– Тарих шуни кўрсатмоқдаки, мустақилликка эришишдан кўра уни сақлаб қолиш мушкулроқ кечар экан. Бу борада ҳар қандай синовга тайёр турмоқ ва юзага келган қийинчиликларни енгиб ўтмоқ лозим. Озарбойжон бир аср мобайнида икки бора суверен давлат тузиш имконига эга бўлди. Афсуски, илк имконият ташқи кучларнинг аралашуви, ички курашлар ва минтақадаги сиёсий беқарорлик сабаб бой берилди. 1918 йилда вужудга келган Озарбойжон Демократик Республикаси бор-йўғи 23 ой яшади. Орадан 70 йил ўтиб, яна бир бор шундай вазият юзага келди. Совет империяси қулагач, Озарбойжон бой берилган мустақилликни тиклашга муваффақ бўлди.

1991 йил 18 октябрда Озарбойжон Республикаси Олий Кенгаши сессиясида “Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида” конституциявий қонун қабул қилинди. Ушбу тарихий ҳужжатга мувофиқ, Озарбойжон халқи узоқ йиллар интиқиб кутган озодлик ва мустақилликни қўлга киритди.

1991 йил 29 декабрда Озарбайжонда умумхалқ овоз бериш тадбири бўлиб ўтди. Референдумда иштирок этган аҳолининг 95 фоиздан кўпроғи “Озарбайжоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида” конституциявий қонунни ёқлаб овоз берди.

1992 йил 2 мартда давлатимиз БМТга аъзо бўлган кундан бошлаб жаҳон ҳамжамияти бизни тан олди.

Озодликнинг илк кезлари қалтис тарихий вазиятга тўғри келди. Бир муддат кейин ҳатто мустақилликни бой бериш хавфи пайдо бўлди. Арман қуролли гуруҳлари агрессияси оқибатида бошланган Биринчи Қорабоғ уруши, айрим давлат арбобларининг уқувсизларча сиёсати ҳамда ички сиёсий курашлар ёш мустақил республика тақдирини хавф остида қолдирди. Ҳокимият тепасига таниқли сиёсий арбоб Ҳайдар Алиев келгач, хавф-хатарлар енгиб ўтилди.

Давлатимизнинг сиёсий ва иқтисодий таянчи йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. 1991 йилда қўйилган давлат мустақиллиги пойдевори кўз қорачиғидек асраб-авайланмоқда. Айни пайтда иқтисодиётни тараққий эттириш, давлатчиликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий-маданий қадриятларни муҳофаза қилишга катта эътибор берилмоқда.

Бугун Озарбойжон ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий нутқаи назардан мутараққий давлатлардан бири саналади. Иқтисодий тараққиёт суръати бўйича мамлакатимиз нафақат минтақада, балки дунёда кўзга кўринарли натижаларга эришди. Минтақадаги йирик лойиҳаларнинг барчасида Озарбайжоннинг иштироки мавжуд. Озарбойжон энергия ресурсларининг жаҳон бозорига олиб чиқилиши ҳам Жанубий Кавказда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳам халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилди.

– Бугун Ўзбекистон Озарбойжон билан робиталарни янада мустаҳкамлашга интилмоқда. Расмий Боку Тошкент билан ҳамкорлик муносабатларига қай даражада аҳамият беради?

– Озарбойжон ва Ўзбекистон тарихан дўст ва биродар мамлакатлардир. Халқларимизни наинки давлатлараро муносабатлар, муштарак миллий қадриятлар, анъаналар, уйғун тил ва маданият ҳам боғлайди. Мустақилликка эришилгач, 1995 йилда мамлакатларимиз ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилди. Ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ва ривожланиши Озарбойжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг номи билан боғлиқ. Ўтган 20 йил ичида ўзаро алоқалар юқори даражага кўтарилди. Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларга оид 100 дан зиёд битим имзоланди.

Ўзбекистон Озарбайжоннинг дунёдаги, хусусан, Марказий Осиёдаги асосий ҳамкорларидан бири саналади. Мамлакатлар ўртасида сиёсий ишонч мавжуд ва икки давлат халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон арман-Озарбойжон ва Тоғли Қорабоғ зиддиятларини Озарбойжон суверенитетига ҳурмат, ҳудудий яхлитлик ва чегара дахлсизлигини сақлаган ҳолда ҳал этиш лозим, деб ҳисоблайди. Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини Озарбойжон раҳбарияти қадрлайди.

 – Халқларимиз ўртасидаги маданий алоқалар тарихи олис ўтмишга бориб тақалади. Бу ўринда биргина тарихий факт – улуғ мутафаккир Алишер Навоий ўз асарларида Озарбойжон халқининг буюк шоири Низомий Ганжавийга юксак эҳтиром кўрсатганини эслаб ўтиш кифоя. Маданий-гуманитар ҳамкорлик хусусида ҳам сўзлаб берсангиз.

– Тўғри таъкидладингиз, халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар пойдевори бир неча юз йил муқаддам қўйилган. Бу ўринда тарихий, этник ва маданий муштаракликни таъкидлашни истардим. Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларида топилган ноёб археологик бойликлар, моддий маданий мерос ёдгорликлари эса халқларимиз алоқалари илдизи кўҳна мозий қатларида яширин эканига гувоҳлик беради.

Чиндан ҳам, адабиёт бўйича робиталаримиз ҳамиша катта аҳамият касб этиб келган. Тўғри қайд этганингиздек, ўрта асрлар Озарбойжон адабиёти Ўрта Осиё ҳукмдорлари ва шоирлари томонидан юксак баҳоланган. Озарий назм дурдоналарини оддий халқ ҳам иштиёқ ила мутолаа қилган. (Бугун биродар Ўзбекистондаги энг йирик олий таълим даргоҳларидан бири – Тошкент давлат педагогика университети Низомий Ганжавий номи билан аталишидан ғоят мамнунмиз.) Айни чоқда, Озарбойжон халқи ҳам ўзбек ижод аҳли яратган бой маънавий меросни айрича қадрлайди. Ўрта асрлар Озарбайжонида буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ижоди юқори баҳоланган. У Озарбойжон мумтоз миниатюрасининг шаклланишига мислсиз таъсир кўрсатган.

Сўнгги йилларда маданий соҳадаги ҳамкорлигимизда ҳам янги саҳифа очилди. Кейинги пайтларда мунтазам равишда оммавий маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Икки мамлакат маданият намояндалари ҳамкорликда янги ижодий лойиҳаларни тақдим этмоқда. Ўйлайманки, буларнинг бари халқларимиз ўртасидаги робитани янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

С.Салим суҳбатлашди