Ҳамиджон Ҳомидий. Саркор

Мен атоқли навоийшунос Азиз Қаюмов ижодини ўрганиб, унинг тадқиқотларидан файз топиб юраман. Устоз менинг номзодлик, докторлик диссертацияларимга оппонентлик қилган. Мен Азиз Қаюмов билан дилдан суҳбатлашиш, у кишининг ижодий жараёни билан ошно бўлишни жуда-жуда истар эдим. Шукрким, муаллим билан бир пиёла чой устида суҳбатлашиш насиб этди.

– Дадам адабиёт муҳиби эдилар, – дейди Азиз Қаюмов аждодлари ҳақида сўзлаб. – Бобом Абдуқаюм Мирзо хаттот бўлганлар. “Ажаб ус-салотин” асарида бу ҳақда қисман маълумот бор. У киши кўчирган баъзи китоблар тошбосмада нашр қилинган. Бобомнинг дадалари Абдураҳим Мирзо Қўқон хони саройида котиб бўлган. Бир томондан, ана шу анъана, иккинчи томондан эса, биринчи синфдан ўнинчи синфгача менга дарс берган ўқитувчим Ҳамзахон Аббосов (машҳур кинорежиссёр Шуҳрат Аббосовнинг амакиси) менинг қалбимда адабиётга завқ уйғотган. У киши менинг дастлабки шеърларимни Қўқон шаҳар газетасида бостирган. Мен шеър, ҳикоя, ҳатто драмалар ҳам ёзганман. Кейинчалик хонадонимизга тез-тез келиб юрган таниқли шоир Чархий домла менинг шеърларимни таҳрир қилиб, Фарғона вилояти газеталарида эълон қилдилар. Мана бу мисралар ҳамон ёдимда:

Дилим мағрур ўлкамнинг ободидан,
Ёруғдир йўлим бахт бунёдидан.
Териб ғунча гуллар кўнгил шодидан,
Очилди бу таъбим Ватан ёдидан.
Хуш илҳондур, хуш илҳонлар.

Чархий домла билан у кишининг умри охиригача устоз-шогирд эдик. У киши менга аруз қоидаларини ўргатган, шеърият назариясидан сабоқ берган. Демак, бадиий-илмий ижодда менинг дастлабки устозларим Ҳамзахон Аббосов ва Чархийдир.

Бир воқеа менинг оёққа туришимга, ижодда, ҳаётда балоғатга етишимга асосий туртки бўлган. Иккинчи жаҳон урушининг айни қизғин пайтларида Фазлиддин қори деган ҳофиз меҳнат фронтидан қайтди. Чархий домла уни ўз ҳимояларига олиб, қўшиқ қилиш учун шеърларидан берардилар. 1944 йилда Қўқонга келган ўша даврнинг зиёли ва масъул кишилари иштирокида шаҳар боғида бўлиб ўтган мусиқали кечада Фазлиддин қори Чархий ғазалларига басталанган қўшиқларни ижро этиш асносида менинг шеърим асосидаги ашулани ҳам айтди. Шу сабаб Қўқон нефть техникумининг иккинчи курсида ўқишимга қарамай, мени Тошкентга чақиртириб олишди. Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга кирдим.

Университетнинг Шарқ факультетидаги ўқишим давомида Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишлар, анжуманларга қатнашиб юрардим. Ёшликдан ёзувчи бўлиш ниятида юрган менга – ёш йигитчага давр олатасирлари, адабиёт аҳли атрофида айланган қора булутлар қаттиқ таъсир этди.

Университетни имтиёзли диплом билан тугатган Азиз Қаюмов “Исмат Бухорий ижоди” мавзусида диплом иши ёзган. У бутун фаолиятини қалбига адабиёт меҳрини жо қилган Қўқон адабий муҳитини тадқиқ этишга сафарбар этди. Натижада XVIII аср охири ҳамда XIX аср ўрталарида Қўқон хонлигидаги маданий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ҳаёт, адабий муҳит мавзуси тадқиқи унинг номзодлик ҳамда докторлик диссертацияларининг юзага келишига асос бўлди. Ана шу узлуксиз изланишлар кейинчалик “Қўқон адабий муҳити” деган фундаментал рисоланинг юзага келишида пойдевор вазифасини ўтади.

Шу соҳадаги дастлабки йирик тадқиқот ҳисобланган ушбу рисолани яратишда муаллиф, бир томондан, ўзигача бўлган шарқшунос, тарихшунос, элшунос олимларнинг илмий тадқиқотларига, иккинчи томондан эса, Фазлийнинг “Мажмуаи шоирон”, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳнинг “Туҳфат ул-аҳбоб фи тазкират ул-асҳоб”, “Тазкират уш-шуарои Ҳашмат”, Ҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ут-таворих”, Имомали Қундузийнинг “Таворихи манзума”, Мирзаолим Ҳўқандий бинни Мирзараҳим Тошкандийнинг “Ансоб ус-салотин ва таворихи хавоқин”, Мушриф Исфарангийнинг “Шоҳномаи нусратпаём” сингари кўплаб ўзбек ва форс тилларидаги қўлёзма манбаларга таянган. Айни пайтда ҳам тарихий шароит, ҳам адабий жараённи изчил ёритишда Пўлатхон домулло Қаюмийнинг “Қўқон тарихи ва адабиёти” дастхат асари, замон шоирларининг бевосита бадиий ижодидан, девонидан ҳам бир манба сифатида истифода этган. Натижада кенг қамровли ижодкор XVIII асрнинг охиридан XIX аср ўрталаригача бўлган даврдаги Қўқон хонлиги ҳудудидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаёт, қўшни давлатлар билан савдо-сотиқ муносабатлари, давлат тузилиши, идора усуллари, юқори ва қуйи давлат бошқарув тизимларини атрофлича текширган, таҳлил қилиб, яхлит, зарур илмий хулосаларга келган. Бу олимнинг XX аср ўрталаридаги дастлабки серқирра кашфиёти эди. Тадқиқотчи ўрганилаётган даврда Қўқон хонлиги ҳудудида ўзига хос бир адабий муҳит пайдо бўлганлиги ва уни Амирнинг ўзи бошқарганлигини уқтирар экан, маданий-адабий ҳаётнинг барча жабҳаларини бутун зиддиятлари билан изчил, ўзаро мутаносибликда ўрганади, жуда кўп далилларни илк бор илмий истеъмолга жалб этади. Уч қисмдан иборат мазкур рисолада шоир Акмалдан тортиб Мирзаолим Мушрифгача бўлган ўндан зиёд шоирларнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодий мероси анча батафсил, тадрижийликда таҳлил қилинган. Китобда давр адабиётининг жанрлар таркиби, мавзу доираси, образлар силсиласи, етакчи ғоявий-бадиий хусусиятлари ҳам илмий-назарий таҳлил қилинган. Бу рисола биринчи бор тадқиқ доирасига тортилганлиги, кўп масалалар илмий жамоатчилик эътиборига муҳим адабий ҳодиса сифатида ҳавола этилганлиги билан ҳам қадрлидир. Кейинчалик Маъдан, Нодира, Увайсий, Ҳозиқ каби ижодкорлар ҳақида устоз раҳбарликларида махсус тадқиқотлар ёзилди ва докторлик диссертациялари ёқланди, алоҳида моног­рафиялар яратилди.

Хуллас, “Қўқон адабий муҳити” китоби ўз вақтида илмий ва адабий тилимизда катта ҳодиса, ўзбек илм-фанида фақат дастхат манбалар асосида ёзилган биринчи залворли тадқиқот бўлди.

– Сиз Қўқон адабий муҳитини ҳар жиҳатдан мукаммал ўрганиб, Ҳозиқ, Махмур, Нодиралар ҳақида биринчи бўлиб алоҳида китоблар ҳам яратдингиз, асарларини чоп эттирдингиз. Лекин ўтган асрнинг 70-йилларига келиб Навоий ижодини астойдил тадқиқ этишга киришиб кетдингиз. Бу маънавий эҳтиёжмиди ёки бирон бир сабаб бормиди?

– Кунлардан бир кун уйимга укам, адабиётшунос олим Лазизхон (Оллоҳ унинг охиратини обод қилган бўлсин) кириб келди ва суҳбат орасида: “Нашриёт учун “Буюк кишилар ҳаёти” рукнида Алишер Навоий ҳақида китоб ёзиб беришингиз керак”, – деди. “Бу таклифингиз маъқул. Лекин нашриётнинг ўзи менга бу ҳақда мурожаат қилиши керак-ку”, – деб қўшиб қўйдим.

Ҳақиқатан ҳам, кўп ўтмай ўша нашриётнинг бош муҳаррири, таниқли шоир Барот Бойқобилов хонадонимга келиб, “Алишер Навоий” номли асар ёзиб беришни илтимос қилди. Ўша кунлари мен Сочига истироҳат учун жўнаш тараддудида эдим. Бертельс ва бошқа олимларнинг Навоий ҳақидаги китобини, 5 жилдлик хрестоматиянинг 2-жилдини ўзим билан олиб кетдим. Бу орада айрим масалалар бўйича маслаҳат сўраб навоийшунос Суюма Ғаниевага мурожаат ҳам қилдим. Устозларнинг тадқиқотлари, шоир асарларининг аслини кўплаб мутолаа қилиш жараёнида “Алишер Навоий” номли китоб юзага келди. Назаримда илмий-публицистик, бадиий моҳиятдаги бу асар кенг китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Ана шу жараёнда менда Навоий ижодий меросини янгидан мукаммал ўрганиб, кенгроқ жиддий таҳлил қилиш эҳтиёжи сезилди. Назаримда Навоий ижоди асосларнинг асосидай туюлаверади менга. Унинг асарларида тасвирланмаган, акс этмаган бирон бир мавзу, ҳаётий масала қолмагандай. Натижада “Хамса” достонларини қайта бошдан синчик­лаб ўқиб-ўрганиб чиқдим. Муаллиф ижодий ниятининг ҳар бир достондаги ботиний жиҳатларини илғашга интилдим, кўп мушоҳадалар юритдим. Охир-оқибатда беш достонга бағишланган махсус илмий-оммабоп рисолалар вужудга келди. Менинг Навоий меросига юз буришимда Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобиловнинг ўрни катта. Шунинг учун ҳам бу шоир ижодини алоҳида ардоқлайман. Ҳатто унинг асарларини алоҳида таҳлил қилгим ҳам келади. Назаримда унинг ижоди алоҳида монографик тизимда тадқиқ этишга арзийди.

Дарҳақиқат, “Хамса”га бағишланган рисолаларида Азиз Қаюмов ҳар бир достон, улар таркибидаги ҳамд ва наътлар, ҳикояларнинг анча батафсил, изчил талқин ва таҳлилларини яратишга муваффақ бўлган. Мазкур китобларни мутолаа қилган ўқувчи буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий достонларининг кўп қиррали туб моҳиятини тушуниб етади, унинг санъаткорлик сеҳри билан ошно бўлади. Навоий ижодига бўлган ана шу меҳр, дилбасталик “Лисон ут-тайр” достони, насрий асарлари ҳақида кўплаб тадқиқотлар яратишга сабаб бўлди. Академик Азиз Қаюмов бир қанча навоийшуносларга ҳам раҳбарлик қилиб келмоқда. Бундан ташқари, устоз Навоий асарларини рус тилига таржима қилиш ва русийзабон ўқувчилар орасида тарғиб этишга ҳам катта улуш қўшиб келмоқда.

– Аслида бадиий, илмий ижод уйқу ҳисобига, кўп ҳолатларда соғлик ҳисобига бажарилади, – дейди устоз. – Ижод учун том маънодаги шарт-шароит ҳамма учун ҳам ҳамиша муҳайё бўлавермайди. Инсонда ижод дарди бўлмоғи лозим.

Мен устознинг идораларида, шунингдек, ижодхоналарида бўлганимда бунинг шоҳиди бўлганман. У киши ҳамиша Навоий ижоди бўйича нимадир ёзаётган, шоир асарларининг ўзга тилларга таржимаси устида бош қотираётган, Ғафур Ғулом, Ойбек сингари адибларнинг ижод сеҳри хусусида мушоҳада юритаётган, кўп ҳолларда эса, устоз адабиёт тарихининг муҳим муаммоларига доир ёки ҳозирги адабий жараённинг долзарб масалаларига бағишланган илмий рисолаларни таҳрир қилаётган, ўқиётган бўлади.

Ана шундай! Академик Азиз Қаюмов адабиётшунослигимизнинг ҳар бир жабҳасида саркор бўлиб келмоқда. У кишининг раҳбарлигида йигирмадан зиёд ёшлар мумтоз адабиётимизнинг долзарб масалалари, матншунослик, ҳозирги адабий жараёнга доир масалалар бўйича докторлик, номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилганлар. Домланинг бағри кенглиги-ю заҳматкашлиги, барчага бирдай меҳрибонлиги-ю ўта меҳнатсеварлиги ўзига хос ибратдир. У кишининг асарлари ҳамиша ёшларни сабот ва матонатли бўлишга, самимийликка, меҳрибонликка ва адолатпешаликка ундайверади.

Кейинги йилларда устоз ижодий ишлар билан янада жиддий шуғулланмоқда. У бисотидаги илмий ва бадиий асарларни йиғиб бир неча жилдлик мукаммал нашр тайёрлади. “Мумтоз сўз” нашриёти улардан 10 жилдини чоп этди.

Устознинг далолатлари ва қўллаб-қувватлашлари туфайли Низомий “Хамса”си ўзбек тилига тўла таржима қилинди. Ўзи “Панж ганж”нинг ҳар бир достони ҳақида махсус рисола яратди. Бу тадқиқотнинг қиммати шундаки, уни ўқиган китобхон Низомий Ганжавийнинг ҳаёти, ижодий мероси, санъаткорлик маҳорати ҳақида яхлит мукаммал тасаввурга эга бўлади, шоир достонларининг туб моҳиятини тугал англаб етади.

Бундан ташқари, ушбу рисолада Шарқ хамсанавислигининг асл манбалари, Низомий даҳосининг умумбашарий аҳамияти, Саноийнинг “Дақиқат- ул ҳаёт” маснавийси, Атторнинг “Илоҳийнома”си бўйича ҳам теран, мутлақо янги фикр-мулоҳазалар илмий асосланган ҳолда изҳор этилган.

Олим X-XII асрларда Ҳуросон ва Мовароуннаҳр халқлари адабиётининг жаҳоний шуҳрати, туркий ва форсий тиллардаги шеъриятнинг муштарак жиҳатлари хусусида тўлқинланиб гапирди, истиқболдаги иш режалари, иқтидорли навоийшуносларнинг тадқиқот ишлари ҳақида ижобий фикр­лар билдирди.

– Низомий даҳоси бўш ерда пайдо бўлмаган, – дейди атоқли олим. – Бу даврга келиб форс адабиёти жаҳондаги энг пешқадам адабиёт даражасига етган эди, кўплаб ишқий-саргузашт, ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-таълимий асарлар вужудга келганди. Абулқосим Фирдавсий, Фахриддин Гургоний, Ҳаким Саноийнинг достонлари яратилган эди. Ана шу хамсанавислик илдизларини қидириш-ўрганиш жараёнида “Ғазна адабий муҳити” деган рисола ҳам иншо этилди. Назаримда бу масала ҳали жиддий тадқиқотларни талаб қилади. Бизнинг бу борадаги мулоҳазаларимиз дастлабки кузатишлар сифатида қабул қилинмоғи лозим. Сизларга кўпдан бери қалбимда асраб келаётган истакларимни нияти хайр сифатида изҳор этмоқчиман: пойтахтимизда буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий музейи бўлишини чин қалбимдан истардим.

Назаримда истиқлол шарофати билан Ўрта аср туркий ва форсий адабиётни бир-биридан ажратмай яхлит ўрганиб, фундаментал тадқиқотлар яратиш учун барча шарт-шароит муҳайё бўлди.

Биз энди янада ғайрат билан ишлашимиз керак. Аждодларимиз бизга қолдирган мерос – бебаҳо. Биз шу мероснинг муносиб эгалари бўлмоғимиз керак.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 4-сон

Ҳамиджон Ҳомидий. Филология фанлари доктори, профессор. 1935 йилда туғилган. Тошкент давлат педагогика институтининг (ҳозирги ТДПУ) тарих-филология факультетини тамомлаган. “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Олимнинг “Тасаввуф алломалари”, ”Авесто” файзлари”, “Фирдавсий ва ўзбек адабиёти” каби ўттиздан зиёд китоблари чоп этилган.