Гюнтер Оверфельд – Германиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси

Ўзбекистон ТИВ фотоси

Бугун 27 сентябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия Федератив Республикасининг мамлакатимизга юборилган янги элчиси Гюнтер Оверфельдни қабул қилди.

Дипломат вазирга ишонч ёрлиғи нусхасини тақдим этган.

Ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғи Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистон–Европа Иттифоқи форматидаги алоқалар ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги муносабатлар ҳолати ва робиталарни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилган.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг жорий йил ноябрда Германияга ташрифига оид тафсилотларга аниқлик киритилган.

Гюнтер Оверфельд 1983 йилдан буён Германия Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келаётган тажрибали дипломат саналади. У сиёсий карьераси давомида Германиянинг Вьетнам, Покистон, Туркия, Ироқ, Эрон, Мали каби мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарида масъул вазифаларда ишлаган. Германиянинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили сифатида фаолият юритган.

Гюнтер Оверфельд 2014 йил январдан 2017 йил сентябрга қадар Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолият юритган Найтхарт Ҳёфер-Виссинг ўрнида иш бошлайди. Аввал хабар берганимиздек, Найтхарт Ҳёфер-Виссинг жорий йил 16 сентябрь куни Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатидаги сўнгги матбуот анжуманини ўтказган эди.