Гитлeр нeга гитлeр бўлди?

Барчага маълумки, Адолф Гитлер одамзот тарихида энг қўрқинчли ва бешафқат шахс сифатида қолган. Унинг бундай ваҳшат касб эта олишига сабабчи эса… отаси бўлди.
Германиянинг Оберзалцберг шаҳрида жойлашган ҳозирги замон тарихи институти ходимлари Тимоти Райбек ва Флориан Беерл фюрернинг ҳаётига доир ноёб ҳужжатлар сақланадиган архивларда узоқ меҳнат қилишди ва олти йил деганда кутилмаган натижага эришдилар. Топилмаларнинг ҳақиқийлиги экспертиза томонидан тасдиқлангач, учинчи рейх доҳийсининг болалиги ва ўсмирлигига доир жуда кўп жиҳатлар ойдинлашди.

Айниқса, Адолф Гитлернинг ўгай укаси ва синглиси Алонса ва Анжеланинг ёзиб қолдирган кундаликлари алоҳида қизиқиш уйғотади. Гап шундаки, бу кундаликлардаги битиклардан Адолф ўсиб, улғайган оиладаги муҳит яққол намоён бўлади. Бўлажак сиёсатчи Адолфни отаси Аланс Шиклгрубер тез-тез калтаклаш ва камар билан савалаш усулида тарбиялаган, онаси эса доим уни ҳимоя қилишга уриниб келган.

«Онамиз, — деб ёзадилар Аланс ва Анжела, — отаси Адолфни майиб қилиб қўйишдан қўрқиб, навбатдаги «тарбиявий калтаклаш» ўтказилаётган чордоққа югуриб чиқиб борди ва ерда кувала тушиб ётган ўғлининг устига ўзини ташлади. Худди шу пайтда отамнинг қалин пошна ботинка кийган оёғи билан берган қаттиқ тепкиси Адолфга эмас онамизнинг биқинига зарб билан урилди. Онам бу зарбани миқ этмай қабул қилиб тураверди».

Бундан кўринадики, Гитлер носоғлом муҳитда вояга етган. Шу сабабдан ҳам учинчи рейх даврида содир этилган барча даҳшатлар илдизини фюрернинг болалигидан излаш тўғрироқ бўлар эди.

Отасининг таъсири сабаб Адолф ўсмирлигиданоқ ваҳшийлик ва садистлик жиҳатларини намоён қила бошлаган. Адолфдан етти ёш кичик бўлган синглиси Пауланинг кундаликларидаги ёзувлардан шу нарса кўринадики, қизалоқ акасини ота ўрнида қабул қилиб келади. Сабаби Адолф ўз танасида отасининг тарбия услубларини синаб кўрган эди. Гитлер қизалоққа нисбатан доимо қаттиққўл бўлиши билан бирга, узлуксиз калтаклаб турган. Қиз эса бу зарбаларни, жимгина, акаси уни яхши кўришига ишонган ҳолда қабул қилиб келаверган.

Мутахассислар мазкур тарихий ҳужжатлардан яна шуни аниқладиларки, Гитлер, шу пайтгача айтилгани каби, ўзининг ёшлик даврини ярим оч, ярим яланғоч, бечора тарзда ўтказмаган. Аксинча, у 1905 йилнинг баҳорида 900 австрия кронини ташкил этувчи кредит олишга ҳам муваффақ бўлган. Ўша давр учун ҳайратланарли даражада катта ҳисобланадиган бу пул билан бир йил ҳеч қандай ғам-ташвишсиз яшаса бўларди.

Дилфуза Қўзиева