Германияда суратга олинган овозсиз кинодурдона Жиззах ва Гулистонда намойиш этилади

Олмон ижодкорлари суратга олган “Чиғаноқлар маликаси” номли овозсиз кинокомедия дурдонаси 19-20 декабрь кунлари Жиззах ва Гулистон шаҳарларида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Бу ҳақда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур фильм 2013 йили Тошкент ва Фарғона водийсида катта муваффақият билан намойиш этилгани боис Германия элчихонаси мазкур лойиҳани давом эттиришга қарор қилган.

“Чиғаноқлар маликаси” кинокомедияси Жиззах вилояти мусиқали драма ва комедия театрида 19 декабрь куни соат 16.00 да, Гулистон шаҳри 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида эса 20 декабрь куни соат 15.00 да намойиш этилади.

“Сўғдиёна” оркестри ўзбек миллий чолғуларида фильмга жўр бўлади. Оркестр дирижёри ва бадиий раҳбари, профессор Феруза Абдураҳимова созандалар билан биргаликда мусиқий композициялар танлаб, оркестр учун бетакрор янги асар ёзган.

Фильм-концертга кириш бепул.

Мазкур фильм-концертни Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва “Сўғдиёна” оркестри ўртасидаги ижодий ҳамкорлик самараси, умуман, икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг ёрқин намунаси деб баҳолаш мумкин.

“Чиғаноқлар маликаси” фильмини берлинлик таниқли режиссёр Эрнст Любич суратга олган. Картина 1919 йили Берлин шаҳридаги Курфюрстендамм кинотеатрида илк бор намойиш этилган.

Эрнст Любич (1892–1947) трагик ва сатирик оҳангларга бой комедик фильмлар суратга олган атоқли олмон режиссёри ҳисобланади. 1922 йилда Ҳолливудга кетгунга қадар у қисқа муддат Германияда ижодий фаолият юритган.