Мавлут Човушўғли: Хорижда FETÖга тегишли саксонга яқин тузилма ёпилди

Дунёнинг 12 мамлакатидаги FETÖ террорчи тузилмасига қарашли 79 та тузилма (ўқув даргоҳлари, нодавлат ташкилотлари) ёпилди ёки давлат тасарруфига ўтказилди.

Онадўли ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли маълум қилган.

Вазир айни пайтда террорчиликда айбланаётган Фатҳулла Гулен ва унинг маслакдошларини АҚШдан Туркияга экстрадиция қилиш борасида музокаралар давом этаётганини қайд этган.

Таъкидланишича, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бу борада АҚШ Адлия вазирлиги билан доимий мулоқотда бўлиб турибди.

Мавлут Човушўғли хорижий мамлакатлардан ҳозирга қадар FETÖга алоқадор кўплаб шахслар ушлаб келинганини билдирган.

Аввалроқ Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим АҚШнинг янги сайланган Президенти Дональд Трампга йўллаган табригида FETÖ етакчисини тез муддатга Туркияга келтириш масаласини кўтарган эди.

“Террорчилар бошлиғи тез фурсатда Туркияга экстрадиция қилинса, Анқара ва Вашингтон муносабатларида янги саҳифа очилган бўлар эди”, – деган Бинали Йилдирим Қўшма Штатларнинг янги сайланган раҳбарига.

Умуман, Туркия раҳбарияти Фатҳулла Гулен бошчилик қилаётган халқаро тузилма бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солаётганини айтиб келмоқда. Масалан, жорий йил декабрда Германияда ўтган ЕХҲТ машваратида Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғли FETÖ дунёдаги бошқа террорчи тузилмалардан фарқ қилмаслиги, шу боис унга қарши курашни кучайтириш лозимлигини уқтирган.

Мазкур нутқаи назар минтақадаги вазиятни яқиндан ўрганиб келаётган олим ва кузатувчилар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Масалан, Россиядаги Шарқшунослик, халқаро алоқалар ва жамоатчилик дипломатияси маркази директори, турколог Владимир Аватков Фатҳулла Гулен ҳаракати Россия ва Марказий Осиё учун ҳам хатарли эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 июль куни Туркияда бир гуруҳлар ҳарбийлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш содир этилди. Мамлакат раҳбарияти, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва халқнинг саъй-ҳаракати билан исён бартараф қилинган. Туркия раҳбарияти мазкур жиноят АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен ва унинг террорчи ташкилоти томонидан уюштирилгани борасида етарли далиллар мавжудлигини билдирган. Давлат тўнтаришига уриниш вақтида 240 дан ошиқ киши қурбон бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳарбий исён халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

Таҳлилчиларга кўра, 15 июль фитнаси ортида дунёнинг йирик салтанатлари – геосиёсатнинг катта ўйинчилари турган. Террорчилар эса уларнинг қўлида қурол бўлган, холос.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса демократик йўл билан сайланган давлат бошқаруви идораларига қарши чиққан ҳарбийларни cаратон ўсмасига ўхшатган ва барча бошқарув органлари бундай вируслардан тозаланишини айтган.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақолалар:

Меҳмет Акаржа: “Туркияни парчалаб ташламоқчи бўлган кучларнинг умиди чиппакка чиқди”. 18.10.2016

Владимир Аватков: “Фатҳулла Гулен Россия ва Марказий Осиёга дўст бўлмайди”. 17.08.2016


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!