Федерика Могерини: “ЕИ – Марказий Осиё ҳамкорлигида фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд”

4 октябрь куни Брюсселда Ташқи ишлар вазирларининг “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” шаклидаги 12-учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар беради.

ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Федерика Могерини ва ЕИнинг Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича комиссари Невен Мимица Марказий Осиё давлатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари – Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашув ўтказди.

“Марказий Осиё Европа ва Осиё туташган нуқтада жойлашган бўлиб, у Европа Иттифоқи учун муҳим аҳамият касб этади. Алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун ҳам сармоя, савдо ва инфраструктура лойиҳалари бўйича, ҳам фуқароларимиз ўртасидаги робиталар бўйича истифода этилмаган талай имкониятлар мавжуд”, – деган Европа Комиссияси вице-президенти Ф. Могерини.

Суҳбат давомида ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга оид кўплаб масалалар муҳокама этилган. Хусусан, ЕИ минтақанинг барқарор иқтисодий ривожланиши учун айрим мамлакатларга 2014-2020 йилларга мўлжалланган дастур доирасида 1 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам ажратилгани маълум қилинган.

Музокаралар якунида Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги учрашуви 2017 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтишига келишилган.

Шу  мавзудаги мақола:

Остонада Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарлари учрашди. 23.12.2015