Тошкентда киберхавфсизлик бўйича семинар ўтказилди

9-10 январь кунлари Америка Қўшма Штатлари ва Германия Федератив Республикасининг юртимиздаги элчихоналари ҳамкорлигида киберхавфсизлик стратегияси ва соҳадаги илғор тажрибаларга бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбир хавфсизликни ўрганиш бўйича Жорж Маршалл номидаги Европа маркази томонидан ташкил этилиб, унда Озарбойжон, Германия, Португалия, Польша, Украина ва АҚШдан келган мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистондаги киберхавфсизликни таъминлаш ва бу соҳани ривожлантиришга масъул ҳукумат ташкилотларининг йигирмадан ортиқ вакили ҳам қатнашди.

Семинардан кўзланган мақсад киберсоҳадаги миллий хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган стратегия, амалиёт, халқаро илғор тажрибалар ва умумжамиятга тааллуқли ёндашувларни тушунишни янада чуқурлаштиришдан иборат. Хавфсизлик масалалари бўйича экспертлар икки кунлик семинар давомида тегишли соҳага оид тақдимотлар ўтказиб, кун тартибидаги мавзуларни гуруҳ ва якка тартибда муҳокама қилди.

Тошкентга келган экспертлар бошқа мамлакатлар билан соҳага тегишли меъёрларни илгари суриш, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ва кибержиноятга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш бўйича келишилган саъй-ҳаракатларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Шу билан бирга, ушбу саъй-ҳаракатлар интернетга оид умумий сиёсатни мустаҳкамлаш ва бошқариш ҳамда интернет инфратузилмасини кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилгандир. Ушбу семинар Жорж Маршалл номидаги Европа маркази Ўзбекистонда 2015 йилдан бери ўтказиб келаётган тадбирларнинг учинчиси бўлди, деб хабар беради ташкилотчилар.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!